Президентларга осонми? – Ҳафта дайжести

Жамият

Давлат раҳбари бўлиш осонми? Йўқ, албатта. Бироқ раҳбар бўлишнинг ўзига хос бошқа ёқимли томони бор: умрингизда кўрмаган диёрларда бўласиз, ташрифларингиз олдиндан маълум. Қачон, қаерда, қандай ҳолатда ва қайси либосда. Сиз учун ҳаммаси шай! Энг тўкин дастурхонлардан тортиб, ётоқхонасию мажлислар зали бор самолётгача. Қўшиқларнинг энг сараси сиз учун куйланади. Қисқасини айтганда, оёғингиз тагига қўчқорни шундоққина сўйиб юборишади. Гапни бежиз бундан бошлаганимиз йўқ. Июль ойининг якунига етаётган навбатдаги ҳафтаси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда Президентларнинг хорижий ташрифлари ва келишувлари билан ёдда қолди. Демак, бошладик. 

Ўтган ҳафта АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг Исроил ва Саудия Арабистонига ташрифи, ундаги кескин баёнотлари, айниқса, Эроннинг ядро қуролига эга бўлмаслиги учун куч ишлатишга тайёрлиги, Яқин Шарқда эса Россия, Хитой ва Эронга "кун бермаслиги"ни айтгани билан ёдда қолганди. 

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Эронга амалга оширган ташрифи эса Байденнинг ўтган ҳафтадаги саёҳатларига жавоб бўлгандек. 

18-19 июль кунлари Эрондаги навбатдаги “Остона жараёни” учрашуви бўлиб ўтди. Суриядаги можарони ҳал этишга қаратилган ушбу формат иштирокчилари – Эрон, Туркия, Россия раҳбарлари Теҳронда жамланишди. 

Аввалига, 18 июль куни Эронда Ражаб Тойиб Эрдўған ва Иброҳим Раисий раислигида Туркия-Эрон Олий даражадаги ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди ва унда икки мамлакат делагациялари ўзаро қатор келишувларга эришди. 

Шундан сўнг, 19 июль куни “Остона жараёни”га старт берилди. Етакчилар Суриядаги сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилган. Унда  минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган террор гуруҳлари, хусусан, КИП ва ИШИД масалалари кўриб чиқилган. Учрашувда Эрдўған Сурия инқирозига фақат сиёсий ечим борлигини айтган.

Шунингдек, саммит доирасида Президентлар Путин ва Эрдўған ўртасида яккама-якка учрашув бўлиб ўтди. Эътиборлиси шундаки, томонлар Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлари бошлангандан, Эрдўған эса буни танқид қилиб тинмаётгандан бери биринчи марта учрашди.

Аммо ушбу учрашув Эрдўған Путинни учрашув залида нақд 1 дақиқа куттириб қўйгани билан ёдда қолди. Хўш, ўшанда жаноб Путиннинг қиёфаси қандай эди. 

Учрашувда Путин Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокаралар бошланиши расмий Киевнинг эришилган келишувларни бажариш истагига боғлиқлигини айтиб, “Биз бугун Киев ҳукуматида бундай хоҳиш йўқлигини кўряпмиз”, деган.

Икки давлат етакчилари Украина ғалласини экспорт қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Путин Россия ўз донини экспорт қилиш бўйича барча чекловларни олиб ташлаш шарти билан, Украина донини экспорт қилишни осонлаштиришга тайёрлигини билдирди. Хуллас, ушбу масала бўйича ҳам қувонарли янгиликлар кўп, бунга эса бироздан кейин қайтамиз. 

18 июль куни Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили Тошкентга келди. Гарибашвили Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашди, Шота Руставели ҳиёбонининг очилишида қатнашди.

Грузия Ҳукумати Матбуот хизматининг хабар беришича, Шота Руставели кўчасида трамвай ҳаракати қайта тикланади. Тошкент шаҳрида трамвай ҳаракати тикланиши ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги эмас Грузия Ҳукумати Матбуот хизмати орқали хабардор бўлдик. 

Арипов ва Гарибашвили мулоқотида Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилиш учун Грузия транспорт инфратузилмаси ва портларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинган

Шавкат Мирзиёев қабулида эса, Ираклий Гарибашвили Грузия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини чексиз қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. У Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, уни ўзига қулай вақтда Грузияга таклиф қилган.

Шоҳ-шоҳ дейсизлар. Шоҳларга осонми? Айниқса, ёзнинг жазирамасида. Юқори лавозимда ишлаш яхшию аммо эртаю кеч, айниқса, офтоб бошингиздан уриб турганда кастюм шим ва бўйинбоғ юриш... Бу нима эканини кондиционер ёқилган хонада ўтириб тушунтириб беролмайман. 

Ҳа, айтганча. Гапнинг хонаси келганда айтиб олай. 22 июль куни Навоий вилоятининг ғарбий чўл ҳудуди дунёнинг энг иссиқ нуқтасига айланди. Ўша вақтда Навоий вилоятининг Бўзавбой станциясида 44 даража иссиқ қайд этилган.

Европадаги аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз. Буюк Британияда 19 июль куни тарихий максимал ҳарорат қайд этилди. Линколншир графлигидаги Конингсби шаҳрида ҳаво Цельсий бўйича 40,3 даражагача қизиган. Аввалги миллий рекорд – Цельсий бўйича 38,7 даража 2019 йил июль ойида Кембрижда кузатилган.

20 июль куни эса Данияда 1941 йилдан буён энг юқори ҳарорат кузатилди. Ютландия ғарбидаги Боррис шаҳрида ҳаво ҳарорати 35,6 даража бўлди. Португалия ва Испаниядаги жазирама эса 1700 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрига борди. Тадбирга эртароқ келган Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларини Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бўйинбоғсиз учрашувга ва Иссиқкўлни қайиқда айланишга таклиф қилди. Ундан сўнг давлат раҳбарлари кўчманчилар ўйинларини томоша қилган. 

Учрашувнинг асосий тадбири – Марказий осиёнинг 5 Президенти иштирокидаги асосий учрашув 21 июль куни бўлиб ўтган. Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик эътиборини эса мана бу сурат тортди. 

Суратдаги Президентларнинг 4 нафари биринчи ё иккинчи муддатини ўтаяпти. Фақат Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 28 йилдан буён мамлакат бошида қолмоқда. 

Давлат раҳбарлари минтақавий хавфсизликка таҳдидларга биргаликда жавоб беришда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фикр алмашдилар, минтақа давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар

Шавкат Мирзиёев йирик тадбирга ўзи билан Президент Администрациясининг янги раҳбари Сардор Умурзоқовни ҳам олиб борган ва у Президентлар ўтирган столдан ўрин олган. Бу эса кўпчиликнинг эьтиборини тортди. Боиси бунгача ушбу лавозимда ишлаган Зайнилобиддин Низомиддинов халқаро тадбирларда Президентнинг ёнида кўриниш бермаган. 

Президент Мирзиёев Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини билдирди. У Қорақалпоғистондаги воқеаларга ҳам тўхталиб, шундай деди:

“Афсуски, Ўзбекистонда сўнгги пайтларда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизга тартибсизлик ва беқарорлик сепишга уринаётган бузғунчи кучлар мавжудлигини яна бир бор тасдиқлади”.

Дарвоқе, Президентларнинг ташрифи олдидан Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Иссиқкўлдаги “Рух-Ордо” мажмуаси ҳудудида ўрнатилган ҳайкали олиб ташланди.

Бу эса оммавий ахборот воситалари эътиборига тушди. Ҳайкал 2005 йилда Назарбоевнинг 65 ёшга тўлиши арафасида ўрнатилган эди. Мазкур учрашув муносабати билан олинган тасвирларда негадир ҳайкал жойида йўқ. Бу орада Назарбоевлар оиласига оид бошқа хабаримиз ҳам бор. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга кетар чоғи Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган кўринади. Фармон матни Президент Чўлпонотадалигида эълон қилинди. 

Фармон билан Қорақалпоғистонда жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши 2022 йил 21 июль куни муддатидан аввал тугатилди. 

Боя Путин ва Эрдўғаннинг Украина донини Қора денгиз портлари орқали хавфсиз олиб чиқиш борасидаги келишуви натижалари ҳақидаги гапимиз чала қолганда. Эрдўған Теҳрондан Анқарага қайтгач, “Дон йўлаги” бўйича келишувнинг ташкилий ишларини тезлаштирди. 22 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков Истанбулга келди.

Шу куни Долмабахче саройида Эрдўған, Гутерриш, Шойгу, Кубраков ва Туркия Миллий мудофаа вазири Хулуси Акар иштирокида “Украина портларидан дон ва озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ташиш ташаббуси” номли ҳужжат имзоланди

“Дон йўлаги” бўйича ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Ўтган ҳафта мамлакати Россиянинг снарядлари, бомбалари остида қолган Украина биринчи хоними Елена Зеленская АҚШга сафар қилди. У ташрифи доирасида Давлат котиби Энтони Блинкен, мамлакат раҳбари Жозей Байден ва унинг рафиқаси Жилл Байден, вице-президенти Камола Харрис билан учрашган. Байден уни Оқ уй остонасида гулдаста билан қарши олган. 

Елена Зеленская АҚШ Конгрессида нутқ сўзлади ва Қўшма Штатлар парламентида сўзга чиққан биринчи хорижий давлат раҳбарининг рафиқаси бўлди

Владимир Зеленскийнинг рафиқаси АҚШ парламенти аъзоларига Винницада Россия ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган тўрт ёшли Лизанинг суратларини кўрсатди, у янги йил видеосини суратга олишда қатнашгани учун қизни танишини айтган. Биринчи хоним, шунингдек, Россия босқинидан жабрланган яна бир қанча украиналик оилалар ҳақида гапирган.

Елена Зеленская билан учрашувдан кейин жаноб Байденда коронавирус аниқланди. 21 июль куни тонгда Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байденнинг COVID-19’га топширган тести натижаси ижобий чиқди. 79 ёшли Байден тўлиқ эмланган, икки марта бустер олган, симптомлари енгил.

У Оқ уйда изоляция қилинади, бироқ изоляция даврида ҳам ўзига юкланган барча вазифаларни тўлиқ бажаришда давом этади. Изоляция даври COVID-19’га топширилган тест салбий чиқмагунча давом этади.

Куни кеча ўзининг 82 ёшини Бодрумда нишонлаган Нурсултон Назарбоевнинг сулоласида ишлар бироз чатоқ. Унинг 69 яшар укаси Болат Назарбоев оғир хасталик билан курашяпти ва аҳволи ўта оғир. Бу ҳақда у асос солган “Ақлли авлод” фонди маълум қилди. 

Аввалига, ижтимоий тармоқларданинг шифохона ётоғидаги суратлари ва видеоси тарқалди. Кейин фонд Назарбоев саратон билан курашаётганини маълум қилди. 

Туркиялик таниқли актёр Бурак Ўзчивитга суд ҳукми ўқилди. Актёр “Қурилиш: Усмон” сериалининг суратга олиш жараёнида ижодий гуруҳ аъзоларини омма олдида ҳақорат қилган. 

Суд мажлисларида актёрнинг ўзи иштирок этмаган. Иш унинг адвокатлари иштирокида кўриб чиқилган. 

Судда прокурор айбланувчига 3 ой 15 кундан 4 йилу 1 ойгача қамоқ жазоси берилишини сўраган. Суд актёрга 3000 лиралик жарима жазоси тайинланиши ҳақида қарор чиқарди.

Суднинг бундай “Юмшоқ” ҳукм чиқаришига актёрнинг ишчилар ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани, каскадёрлар билан тез-тез тортишиб қолгани ва актёр фойдаланаётган отнинг эгари яхши маҳкамланмагани сабабли пойга вақтида отдан йиқилиб тушишига бир баҳя қолгани ҳақидаги баёноти сабаб бўлган.

Мисли кўрилмаган иқтисодий инқирозга юз тутган Шри-Ланкада янги Президент этиб собиқ Бош вазир Ранил Викрамасингхе сайланди.225 депутатдан 134 нафари овоз берган

Шри-Ланканинг собиқ Президенти Готабая Ражапакса 13 июлга ўтар кечаси оммавий норозилик намойишлари фонида мамлакатни тарк этди ва оиласи билан ҳарбий самолётда Мальдив оролларига қочди. 14 июль куни Президент Сингапурга учиб кетди ва у ердан истеъфога чиқиш тўғрисида расмий хат юборди.  

Ҳиндистонда аёл киши Президент бўлди. Мамлакатнинг 15-Президенти этиб Ҳиндистон халқ партияси бошчилигидаги Миллий –демократик альянс номзоди Драупади Мурму сайланди


У Ҳиндистон тарихидаги иккинчи аёл президент. Биринчиси 2007-2012 йилларда Президентлик курсисини эгаллаган Пратибҳа Патил эди. Сайланган президент 25 июль куни қасамёд қилади. Амалдаги Президент Рам Натҳ Ковинднинг ваколат муддати 24 июлда тугайди.

21 июль куни Италия Бош вазири Марио Драги истеъфога чиқди. Марио Драги Президент Сержо Маттарелла билан учрашди ва унга иккинчи марта ҳукумати билан бирга истеъфога чиқиш нияти ҳақида маълум қилди. 

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон лавозимини тарк этишидан олдин мамлакат парламентига сўнгги бор мурожаат қилди. Бош вазир сифатида сўнгги бор Жамоалар палатасида нутқ сўзлаган Жонсон давомчисига бир қанча кўрсатмалар берган: америкаликларга яқин бўлиш, Украинани ва озодликни қўллаб-қувватлаш.

5 июнь куни Республика ўлат профилактика марказининг вилоят филиали ходимлари томонидан Қарши магистрал бош каналининг Қарши тумани “Мирмирон” МФЙ ҳудудидаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят бўйича минтақавий филиали рўпарасидаги очиқ сув ҳавзасидан текшириш учун олинган сув намунасидан вабо вибриони (касаллик чақирмайдиган тури) аниқланган. 

Текширишлар натижасида мазкур ҳудудда вабо касаллигига гумон қилинган беморлар аниқланмаган. Юқорида қайд этилган очиқ сув ҳавзасидан 19 июль куни вабо касаллигига текшириш учун қайта намуналар олинган. Текширув натижалари бўйича вабо вибрионлари қайд этилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Швейцария судида пора олгани бўйича очилган ишда ғалаба қозонди. 

Швейцария апелляция суди шу ҳафта ўз мамлакатида алоҳида коррупция можаросидан сўнг қамоққа олинган Каримовани давлат амалдори эмас, деган қарорга келган. Бу унинг телекоммуникация шартномалари эвазига нотўғри тўловлар олгани ҳақидаги даъволар исботланмаганлигини англатади.

Қайд этилишича, суднинг бу қарори Каримовага Швейцария банкларида музлатилган 293 млн франк (303 млн доллар) ни қайтаришга имконият беради.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг