QALAMPIR.UZ ахборот-таҳлилий интернет-нашр
Бирор хонадон йўқки, қалампир кириб бормаган, бирор уйнинг пештоқи йўқки, қалампир осиб қўйилмаган бўлса. Халқимиз қалампирни севиб истеъмол қилади. Ишонамизки, QALAMPIR.UZ ахборот-таҳлилий интернет-нашрини ҳам севиб ўқиб боради. Бунга узоқ йиллик фаолиятимиз давомида кун сайин амин бўлиб боряпмиз. Қалампир одамларнинг кундалик эҳтиёжига айланиб улгурган бўлса, не ажаб.
Мазкур лойиҳа 2015 йилнинг январь ойидан ўз ишини бошлаган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистон ОАВ соҳасида янгиликка қўл уриш, холис, шаффоф ахборот майдонини яратиш, ҳеч ким сўз очмаган, айтишга журъат топилмаган мавзуларни қаламга олиб, одамларнинг муаммоларини ҳал этиш, жамиятни фақат бугуни билан яшаш эмас, балки эртаси, узоқ келажакни олдиндан кўриб, шунга яраша интилишга ундашдан иборат.
Бизнинг асосий қадриятларимиз
Инсон – энг улуғ мавжудот.
Ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар – инсон ва унинг манфаатлари учун, деган шиор атрофида ўз фаолиятимизни қурганмиз. Одамлар ҳаётида бўлаётган ҳар бир воқелик биз учун қизиқ ва муҳим.
Ит одамни эмас, одам итни тишлагани янгилик.
QALAMPIR.UZ’нинг доимий кузатувчилари яхши билганидек, биз ҳамма гапираётган мавзулар ҳақида бошқалар қатори сўз айтишни истамаймиз. Фарқланмасак, эълон қилинаётган хабар, янгилик, мақола, интервью ва таҳлилларнинг бироз қалампири бўлмаса, бошқалар қаторига қўшилиб қоламиз.
Қалампирда сабрини синовда тоблаганлар, меҳнатдан қочмайдиганларгина ишлайди.
Бугун Ўзбекистондаги кўплаб интернет-нашрларда бир вақтлар фаолиятини QALAMPIR.UZ’да бошлаб, тажриба орттирган мухбирлар ишлаяпти ва биз бундан қувонамиз. QALAMPIR.UZ аллақачон интернет-нашрлар орасида мактаб мақомини олиб бўлган.