Қурбонликлар, ишдан кетган Низомиддинов ва Жонсон, туғилган Каримова ва ўлган Абэ… Ҳафта дайжести

Таҳлил

Халқда ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади, деган гап бор. Ҳайит куни минглаб қўйлар қурбонликка сўйилди. Бозорларда қўй-қўзининг нархи яхшигина кўтарилди. Зотию сортига қараб қўйчивоннинг чўнтаги пулга, қўй сўйганнинг уйи ёғ-мойга тўлди. Қўй яхшида барибир, рўзғорга барака дейди халқ. QALAMPIR.UZ байрам кунларида ҳам дам олмай, сизга ҳафта воқеаларини тўплади. Келинг, биргаликда сарҳисоб қилсак. Фақат бу сафар вақт машинамизни ортга айлантириб, ҳафтани охиридан бошига қараб кўриб чиқамиз 

9 июль куни бутун дунё мусулмонлари Қурбон Ҳайитини нишонлади. Икки йиллик танаффусдан сўнг, Макка эшиклари Ҳаж зиёратчилари учун очилди. Дуёнинг тўрт бурчагидан 850 минг, Саудия Арабистонидан 150 минг, жами 1 миллион мусулмон Ҳаж амалларини бажаришга киришди. 

Ўзбекистонда ҳам байрам шукуҳи давом этяпти. Қурбон ҳайити куни мамлакатдаги 2000 дан ортиқ жомеъ масжидларда Ҳайит намози ўқилди. 

Амалдан кетиб, амалга келган Низомиддинов

2018 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келган Зайнилобиддин Низомиддинов 8 июль куни Президент фармони билан лавозимидан кетди. Унинг бундай нуфузли амал курсисини тарк этишига, саломатлигидаги муаммолар сабаб қилиб кўрсатилган. Шу куннинг ўзида жаноб Низомиддинов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Қизиғи, бунгача ташкилотда бундай лавозим бўлмаган.

Британия Ҳукумати қулади

Фақат Ўзбекистонда юқори мартабали лавозимдорлар ишдан кетади, десангиз адашасиз. 2019 йилдан буён Буюк Британияни бошқариб келаётган Бош вазир Борис Жонсон ҳам ҳафта охирида истеъфосини эълон қилди. Уни биров ишдан олгани йўқ. 50 дан ортиқ амалдорларнинг иш ташлаши ва кўплаб амалдаги вазирларнинг қистови билан Жонсон "кресло"сидан воз кечишга мажбур бўлди. 

Маълумотларга кўра, Ҳукуматнинг қулаши ортида Буюк Британиядаги жинсий зўравонлик билан боғлиқ сиёсий зиддият турибди. Воқеа ўзини ноўрин тутгани айтилаётган Торй раисининг собиқ ўринбосари Крис Пинчер ва Пинчерни лавозимга тайинлаганида унинг аввалги ахлоқсиз ҳаракатларидан хабардор бўлгани айтилган Бош вазир Борис Жонсон билан боғлиқ.

Гап шундаки, Крис Пинчер Олимпия ўйинларида эшкак эшувчи ва консерватив номзод Алекс Стори томонидан жинсий зўравонликда айбланган

Аввалига Жонсон Пинчер 2019 йилда жинсий зўравонлик бўйича терговга тортилганидан бехабар бўлганини айтган. 5 июль куни маълум бўлишича, Бош вазир бундан хабардор бўлган, аммо барибир бу лавозимга Пинчерни тайинлаган.

Қотиллик қурбони бўлган Абэ

Дунё сиёсати катта тебранишни бошдан кечирди. 2006 йилдан 2007 йилгача ва 2012 йилдан 2020 йилгача Япония Бош вазири бўлган Синдзо Абэ Нара шаҳридаги суиқасд сабаб вафот этди. У 67 ёшда эди. 

Дунё сиёсатида, ҳалоллиги, тартиб ва интизоми, мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси билан ўчмас из қолдирган Абэ кўчада сайловчилар билан ташвиқот тадбирида нутқ сўзлаётганда, отиб кетилди. Қотил 41 ёшли япониялик Тэцуя Ямагами бўлиб чиқди ва у қўлга олинди.

Росия, Туркия, Ўзбекистон, АҚШ, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари собиқ Бош вазир вафоти билан таъзия билдириб, Абэни кучли сиёсатчи ва атоқли давлат арбоби сифатида тилга олди. 

Қорақалпоғистон ҳафта бошидан охиригача эътибор марказида бўлди. 

Душанба, 3 июлдан 2 августга қадар Қорақалпоғистон Республикасида фавқулодда ҳолат режими ва комендантлик соати эълон қилинди. Расмийлар 1-2 июль куни Нукусда содир бўлган намойишларда 18 киши қурбон бўлгани, уларнинг тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот органи ходими экани ҳақида айтишди. Миллий гвардия берган маълумотда 243 киши турли тан жароҳатлари олгани айтилади. Бироқ Ташқи ишлар вазирлигига кўра, жароҳатланган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларнинг ўзигина 107 кишини ташкил этади, улардан 23 нафарининг аҳволи оғир. Шунингдек, 270 нафар давлат хизматчиси турли тан жароҳатлари олган. Юқоридаги рақамларни умумлаштирганда, 520 киши жароҳатланган бўлиши мумкин.

Бироқ, кишини чалғитадиган яна бир рақам бор. Бош прокуратура жароҳатланган ҳуқуқ-тартибот органлари ходими 38 нафарлигини айтган. Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда уларнинг сони 270 та экани урғуланган. Кимга ишониш керак?

Намойишларда қатнашган 516 киши қўлга олиниб, тезкор-тергов тадбирларига жалб қилинган. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида 14 киши ушланди.

Шу жумладан, Даулетмурат Тажимуратов ва Азамат Турдановларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан суднинг қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Лолагул Қаллыханованинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланди. У жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди.

Бу орада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Россия Президентлари, Европа Кенгаши Президенти, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқладилар. 

АҚШ Давлат департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Иттифоқи ҳам шунга ўхшаш баёнот берди. Бироқ  Ҳукуматни фундаментал ҳуқуқларни, жумладан тинч йиғилиш ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя ва ҳурмат қилишга ундади. 

“Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича расмийларни халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида тўлиқ, ишончли ва шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз”, дейилади АҚШ давлат департаменти баёнотида

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса намойишчиларнинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини зудлик билан текширишга чақирди. Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет 500 дан ортиқ кишининг ҳибсга олиниши, шунингдек, маҳбуслардан бирига нисбатан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланишидан хавотир билдирди.

Юқоридаги каби талаблар келтирилган баёнотлар ортидан, Президент 6 июль куни умуман бошқа мавзуда ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида Қорақалпоғистондаги воқеаларга тўхталиб, бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурлигини айтди. 

Бош прокурорга ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилиши ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича топшириқ берди. Шунингдек, куч тузилмаларнинг ҳаракатларини ҳам таҳлил қилиш кераклигини буюрди.

4 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир овоздан қабул қилинган қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституциясида Қорақалпоғистон Республикасига оид 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалар ўзгаришсиз қолдирилади. Шу билан бирга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамаси тугаш муддати – 5 июлдан 15 июлгача узайтирилди.

Бензин нархи яна ошди, ошадиям-да!

8 июль куни Ўзбекистондаги ёқилғи қуйиш шохобчалрида АИ-80 маркали бензиннинг нархи 8200 сўмгача етди. АИ-91 маркали бензинининг нархи эса 11 минг сўмгача, АИ-95 маркали бензинининг нархи 11 500 дан 12 200 сўмгача кўтарилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маълум қилишича, нархларнинг ошишига талабнинг ортгани сабаб бўлган. Яъни импорт қилувчи корхоналар томонидан юқори октанли автобензиннинг четдан келтиришини камайиши натижасида, Аи-80 русумли автобензинга бўлган талаб ортмоқда.

Ҳа энди ошса ошибди-да.. Шунга ўта гўри қозихонами? Зато, ойналарни қорайтириш нархи тушди-ку. 

Термизга 5 та снарядни ким отди? 

Июнь ойи охирида Афғонистонга 74 тонна инсонпарварлик ёрдами юборган Ўзбекистонга 5 июль  куни 5 та реактив снаряд отилди

Снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, қурбонлар йўқ. Термиз шаҳридаги “Мажнунтол” маҳалласида жойлашган тўртта уйга зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. У сапёр томонидан зарарсизлантирилган. 

6 июль куни Афғонистон расмийлари ҳолатга изоҳ берди. Толибон” ҳукумати томонидан тайинланган Маданият ва ахборот вазири Забиҳулло Мужоҳидга кўра, Термизга Афғонистон ҳудудидан ракета ҳужумини уюштирганлар дўст Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ишончсизлик муҳитини яратишни мақсад қилган.

Унинг айтишича, толиблар уларни ҳибсга олиш ва жазолаш учун қидирув ишларини бошлаган.

Илк бор ўзбекистонлик таеквондочи қиз жаҳон рейтинги етакчисига айланди

Корея Республикаси мезбонлик қилган осиё чемпионатидан сўнг таеквондочиларнинг янгиланган рейтинги эълон қилинди. Аҳамиятлиси, ўзбекистонлик Чарос Қаюмова аёллар жадвалида илк бор пешқадамга айланди. Ўзбекистон тарихида ҳеч қайси таеквондочи қиз бундай юксак натижа қайд этмаган эди.

Шунингдек, қитъа биринчилигида муваффақиятли иштирок этган бошқа ўзбекистонлик спортчилар ҳам рейтингдаги ўз ўринларини мустаҳкамлаб олишди. Умумий ҳисобда кучли ўнликда жами 6 нафар ўзбек таеквондочиларни кўриш мумкин.
   
АҚШлик жуфтлик Регистонга келиб, никоҳдан ўтди

4 июль куни АҚШ фуқаролари Маршалл Маер ва Эбру Санга Самарқанд шаҳар Никоҳ уйи томонидан Регистон майдонида никоҳдан ўтди.

Жуфтлик бундан бир неча йил аввал АҚШда Брайтон-Бичдаги ўзбек ресторанида меҳмон бўлади. Суҳбат чоғида уларнинг иккиси ҳам ўзбек миллий таомларини севиб истеъмол қилиши маълум бўлади. Шундан сўнг, улар ҳаётидаги муҳим санани Самарқандда нишонлашга аҳд қилади.
 
Массаждан хабари йўқ “массажистлар” трендда

Ҳафта ўрталарида шифокор либосидаги эркаклар гўдакларни оғир ҳаракатлар билан массаж қилаётгани акс этган видеолар тарқалди. 

Биринчи видеода эркак тахминан 2 яшар атрофидаги болани столга ётқизиб, турли оғир ҳаракатлар билан унинг қўл-оёғини, қорнини эзаётгани, баданини кўтариб, столга ураётгани акс этган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу ҳолат Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиника биносининг хусусий корхонага тегишли бўлган қисмидаги хоналардан бирида содир бўлган. 

Массаж муолажасини бажарган шахс мазкур фаолият билан шуғулланиш учун тегишли рухсатнома ва сертификатга, қолаверса, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга бўлмаган.

Иккинчи видеода эса эркак тахминан бир ёки икки яшар чақалоқни столга ётқизиб, турли ҳаракатлар билан унинг қўл-оёғини аямасдан қайириб, бели ва бошини эзиб, ҳатто, бутун танасини қайириб, икки қўлидан ушлаб худди қўғирчоқни айлантиргандек, чирпирак қилаётгани акс этган

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ҳолат бўйича текширув бошлаган.

Ирина Виннер Алишер Усмонов билан ажрашди

Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти, Россия терма жамоаси бош мураббийи Ирина Винер-Усмонова россиялик миллиардер ва тадбиркор Алишер Усмонов билан ажрашди.

Қайд этилишича, Ирина Винер-Усмонова ва Алишер Усмонов ФҲДЁ бўлимида суд қарорисиз ажрашган. Чунки уларнинг фарзанди йўқ эди. 

37 киши “фаст-фуддан” заҳарланди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида фуқаролар овқатдан заҳарланди. Қўрғонтепа туман Юқумли касалликлар шифохонасига 37 нафар бемор мурожаат қилган.

Улар тез тайёрланадиган егуликлар билан савдо қилувчи шохобчадан “Нонбургер” ва “Ход-дог” сотиб олиб, истеъмол қилган. Беморларга “Ўткир гастроентерит” ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. 
 
Таксичилар ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилади

Мен дастур бошида бензин ошганига ота гўри – қозихонами деб бекорга айтганим йўқ. Бир нарсанинг нархи тушганда, бошқаси ошиб туради-да. Бўлмаса, ҳаётнинг қизиғи қоладими? Қолаверса, такси ҳайдовчиларига энди “стаж” беришни ҳам ўйлаб қўйган бўлсак. Эшитмаган бўлсангиз, яхшилаб эшитиб олинг.

2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган тегишли қарорда айтилган. 

Қарорга мувофиқ, 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилиш деб қаралади ва бу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади.

   лицензия варақасини беришда автомобилининг 10 йиллик эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади;
 
•    мажбурий тиббий ва техник кўрик муддати 1 йилда 1 марта қилиб белгиланади.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган ташувчилардан, шу жумладан юридик шахслардан лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи миқдори 300 минг сўм этиб белгиланади.

Гулнора Каримова 50 ёшини ҳам панжара ортида қаршилади

Боя ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади деб айтганимиз йўқ. Биринчи Президент Ислом Каримов ҳаётлигидаёқ жиноятлари учун маҳкамага тортилган ва қамоққа ташланган Гулнора Каримова қисмати ҳам шу нақлга ҳаётий намунадек. Каримова хоним 8 июль куни 50 ёшни қаршилади ва ҳамон қамоқда қолмоқда. Шуни куни ижтимоий тармоқларда унинг суратини жойлаштириб, табрик ёзганлар кўп бўлди. Гулноранинг кенжаси Имон эса онаси ҳақида шундай пост қолдирган.

“Бугун онам 50 ёшга тўлди. 8 йилдан ортиқ қамоқда ўз оиласи, яқинларини кўра олмади: болаларининг улғайишини кўра олмади, Бобо билан хайрлашиб ололмади, набирасининг туғилиши кўра олмади. Унинг соғлиғидан ҳам ҳеч нарса қолмади, аммо шунга қарамай, биз ҳеч қачон дуо қилишни тўхтатмаймиз”, дейди Имон Каримова.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг