БМТ Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини текширишга чақирди

Олам 14041
image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қорақалпоғистон Республикасида намойишлар чоғида намойишчиларнинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини зудлик билан текширишга чақиради. Тегишли талабни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билдирди. 

БМТда мавжуд маълумотлар кўра, Нукусдаги намойишларга хавфсизлик кучларининг аралашуви натижасида 18 киши ҳалок бўлган, 243 киши жароҳатланган, улардан 93 нафари оғир яраланган.  

"Ўлганлар сони анча юқори бўлиши мумкинлигидан қўрқиш бор", дейди Бачелет. 

БМТ Олий комиссари Нукусдаги норозилик намойишлари чоғида хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари хавотир уйғотаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон расмийларини максимал даражада вазминликка чақирди. 

Шу билан бирга, Бачелет 500 дан ортиқ кишининг ҳибсга олиниши, шунингдек, маҳбуслардан бирига нисбатан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланишидан хавотир билдирди.

“Тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланиш жараёнида ҳеч ким айбдор деб топилмаслиги керак. Адолатни таъминлаш учун мен расмийларни жиноий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги даъволарни мустақил ва ошкора зудлик билан текширишга чақираман”, дея таъкидлади Олий комиссар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 163
Рейтинг: 3.1
t
×