Нукусда 50 минг аҳолига мўлжалланган “Nukus City” барпо этилади

Local

−

image

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 270 гектар майдонда 50 минг аҳолига мўлжалланган янги турар жой мажмуаси – “Nukus City” қурилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 5 ноябрь кунидаги “Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, лойиҳа Жолшилар маҳалласидаги Ашшикўл ҳудудида амалга оширилади. Янги шаҳарча илғор архитектура ечимлари ва энергия тежамкор технологиялар асосида қурилади.

Лойиҳанинг бош режаси “Янги Тошкент” қурилиши тажрибасидан келиб чиқиб, хорижий ташкилотлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилади. Ҳудудда “ақлли шаҳар” ечимларини қамраб олган замонавий кўп квартирали уйлар, савдо ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, парклар, яшил ҳудудлар, фавворалар, спорт майдончалари ҳамда ижтимоий соҳа муассасалари жойлаштирилади.

Шунингдек, қарор билан Қорақалпоғистонни 2027 йилда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича асосий мақсадлар белгиланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 7 фоизга, бозор хизматларини 17 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 5 фоизга ва қурилиш ишларини 13 фоизга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, экспорт ҳажмини 550 миллион АҚШ долларига етказиш, жами инвестициялар миқдорини икки бараварга ошириб, 5 миллиард долларга чиқариш мақсад қилинган.

Қарорда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Унга кўра, биринчи босқичда паст даромадли 125 минг оиладаги 513 минг нафар аҳолини юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш белгиланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends