Ҳормуз ёпилса, Ўзбекистоннинг йўли бор!
Таҳлил
−
10:12 1790 8 дақиқа
Яқиндагина, дунёнинг энг нуфузли мусулмонлар рўйҳатига кирган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Уммон Султонлигига борди. Ўзбекистон Президенти бортини Уммон қирувчи самолётлари кузатиб борди. Масқат халқаро аэропортида президентни шахсан Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ ал-Саиднинг ўзи кутиб олди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти 2025 йилнинг якунида Олий Мажлис палаталари ва халққа йўллаган мурожаатномасида жорий йил учун айнан Уммон билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ташрифлар алмашинувини бошлаш режаси ҳақида гапирган эди ва йил охирлаганда эса режа натижага айланди.
Хўш, дунёдаги энг тинч, бой ва низоларга аралашмайдиган Уммон халқаро кучлар ўртасида прагматик ва кўп векторли сиёсат йўлини танлаган Ўзбекистон учун нимаси билан муҳим. Бугун шу ҳақда гаплашамиз.
Уммон – Ҳинд океанига чиқиш дарвозаси
Ўзбекистон – дунё океанига чиқиш учун иккита давлат чегарасини кесиб ўтиши керак бўлган кам сонли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги геосиёсий беқарорлик даврида шимолий ва ғарбий йўлакларда муаммолар кўп. Уммон эса Ҳинд океани ва Арабистон денгизи бўйида жойлашган стратегик портларга (Салала, Дуқм, Суҳор) эга. Тошкент учун Уммон – Эрон ёки Трансафғон йўлаги орқали жаҳон океанига чиқишдаги энг муҳим “дарвоза”лардан бири.
Уммоннинг логистика нуқтаи назаридан аҳамияти фақат Ҳормуз бўғозига яқинлиги билан чекланмайди. Мамлакатнинг Салала, Дуқм ва Суҳор каби йирик портлари халқаро денгиз савдосида муҳим ўрин тутади. Айниқса, Дуқм ва Салала портларининг Араб денгизига, Ҳормуз бўғозидан ташқарига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти борлиги уларни минтақадаги бошқа портлардан ажратиб туради. Бу эса Форс кўрфазидаги кескинлик ёки Ҳормуз бўғозидаги эҳтимолий узилишлар шароитида муқобил денгиз йўналишларини таъминлашда муҳим бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ташқи савдода бошқа давлатларнинг транспорт инфратузилмаси, божхона тартиблари ва транзит сиёсатига боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам БМТнинг Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатлар бўйича конференциясидаги нутқида энг яқин денгиз портлари қарийб 3 минг километр узоқликда эканини, юқори тарифлар ва транспорт йўлакларининг чекланган имкониятлари экспортга тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган.
Шу нуқтаи назардан, Уммон портлари Ўзбекистон учун янги транспорт-логистика имкониятларини очиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон йўналиши орқали Марказий Осиё юкларини Арабистон яриморолидаги портларга етказиш ва у ердан Ҳинд океани орқали бошқа халқаро бозорларга олиб чиқиш имконияти кўриб чиқилмоқда. 2026 йил февраль ойида икки давлат транспорт идоралари Ашхобод келишуви доирасида айнан шу йўналишдаги ҳамкорлик, юк оқимини ошириш ва Салала, Суҳор ҳамда Дуқм портларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилган.
Бундай ҳамкорлик Ўзбекистон учун бир нечта жиҳатдан муҳим. Биринчидан, экспортчилар учун янги денгиз савдо йўналишлари пайдо бўлади. Иккинчидан, мамлакатнинг фақат Россия ёки бошқа анъанавий транзит йўлакларига боғлиқлигини камайтириш имконияти юзага келади. Учинчидан, Ҳиндистон, Жануби-шарқий Осиё, Африка ва Форс кўрфази бозорларига чиқиш учун қўшимча логистика имкониятлари яратилади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳам Ўзбекистон учун транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, хусусан, Транскаспий, Эрон ва Трансафғон йўлакларини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида кўрсатади.
Бироқ бу йўналиш ҳозирча тайёр ва тўлиқ ишлаётган транспорт коридори эмас. Унинг самарадорлиги Туркманистон ва Эрон орқали транзит шартлари, божхона тартиблари, тарифлар, инфратузилма ва халқаро сиёсий вазиятга боғлиқ. Айниқса, Эрон билан боғлиқ санкциялар ва минтақадаги хавфсизлик муаммолари ушбу йўналишнинг имкониятларини чеклаши мумкин.
Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозор
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши – озиқ-овқат савдоси. Уммоннинг қишлоқ хўжалиги имкониятлари чекланганлиги сабабли мамлакат озиқ-овқат импортига таянади. Ўзбекистон эса мева-сабзавот, қуритилган мевалар, ёнғоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали ушбу бозорда ўз ўрнини кенгайтириши мумкин.
Икки мамлакат ўртасидаги музокараларда ҳам ўзбек маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш, Уммон портларининг логистика имкониятларидан фойдаланиш ва савдодаги техник тўсиқларни камайтириш масалалари кўтарилган. Бу эса ҳамкорликнинг фақат инвестициялар билан чекланмай, ўзбек ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари учун ҳам янги имкониятлар яратиши мумкинлигини англатади.
Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳозирча икки давлатнинг имкониятларига мос даражада эмас. Масалан, 2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми атиги 2,3 миллион долларни ташкил этган. 2026 йилнинг январь – сентябрь ойларида эса бу кўрсаткич 70 фоиздан кўпроққа ошиб, 3,3 миллион долларга етган. Шунга қарамай, томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказишни мақсад қилган.
Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёевнинг Уммонга давлат ташрифи иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имконият бўлди. 17 ноябрь куни Масқатда ўтказилган Ўзбекистон – Уммон бизнес-форумида икки давлат ўртасида 20 дан ортиқ битим ва лойиҳа ҳужжатлари имзоланди. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов уларнинг умумий қийматини қарийб 5 миллиард долларга баҳолаган. Келишувлар энергетика, саноат, тоғ-кон саноати, логистика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва рақамли технологияларни қамраб олади.
Бу ҳамкорликнинг муҳим жиҳати шундаки, Уммон капитали Ўзбекистон иқтисодиётига аллақачон кириб келган. Уммон Инвестиция бошқармасининг Ўзбекистондаги инвестиция портфели 510 миллион долларга баҳоланган. Икки мамлакатнинг қўшма инвестиция компанияси орқали 12 та лойиҳа якунланган, яна 16 таси амалга оширилмоқда. Томонлар ушбу қўшма компаниянинг устав капиталини икки баробар ошириб, 500 миллион долларга етказиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Президентнинг Уммон йирик бизнес вакиллари билан учрашувида ҳам айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун Ўзбекистон – Уммон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, келишувлар ижросини назорат қилиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузиш, унинг фаолиятини ҳар чоракда кўриб боришга келишилди.
Савдо алоқаларини кенгайтириш учун ҳам муайян қадамлар ташланмоқда. Жумладан, томонлар имтиёзли савдо битими устида ишламоқда. Ўзбекистон дастлабки босқичда 200 та товар позицияси бўйича божхона имтиёзларини муҳокама қилишни таклиф қилган. Ўзбекистон Уммон бозорига мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, мис, алюминий, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотларини экспорт қилишдан манфаатдор. Уммон эса Ўзбекистонга денгиз маҳсулотлари, полимерлар, нефть маҳсулотлари ва алюминий етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – транспорт алоқалари. 2026 йил июль ойида Масқат ва Тошкент ўртасида Oman Air авиакомпаниясининг тўғридан тўғри рейслари йўлга қўйилди. Парвозлар ҳафтасига икки марта амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Уммоннинг Asyad Group компанияси ва ўзбекистонлик ҳамкорлар Тошкентдаги иккита логистика компаниясида назорат улушларини қўлга киритган. Бу ҳамкорлик фақат товар айирбошлаш билан чекланмай, транспорт инфратузилмаси ва логистика хизматларига ҳам кириб бораётганини кўрсатади.
Ўзбекистон ва Уммон ўртасида визасиз режим жорий қилинади
Ўзбекистон ва Уммон стратегик шерик бўлди. 17 ноябрь куни Масқат шаҳрида ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, томонлар 30 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатни алмашди. Улар орасида фуқароларнинг ўзаро сафарлари учун визадан озод қилиш, саноат кооперацияси, молия ва иқтисодиёт, имтиёзли савдо, эркин иқтисодий зоналар ҳамда божхона масалаларига оид келишувлар бор.
Ҳужжатлар транспорт ва логистика, коммуникациялар ва ахборот технологиялари, уй-жой ва шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларини ҳам қамраб олган.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнат ва инсон ресурслари, таълим, маданият ва спорт, давлат бошқаруви ва давлат хизмати, архив иши ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар ҳам алмашилди. Энди келишув кучга киргач, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Уммонга визасиз бориши мумкин бўлади.
Форс кўрфазининг “тинчлик ороли”
Сиёсий жиҳатдан Уммон Султонлиги шунчаки бой давлат эмас, балки жаҳон дипломатиясида ўзига хос “сиёсий оғирлик”ка ва юксак обрўга эга мамлакат. Унинг обрўси баланд овоздаги баёнотлар ёки ҳарбий кучга эмас, балки мутлақо бошқа омилларга таянади: Уммон – бутун минтақада ҳеч бир ҳарбий ёки сиёсий блокка қўшилмаган ягона нейтрал давлат. У бир вақтнинг ўзида ҳам АҚШ ва Буюк Британия, ҳам Эрон, ҳам Саудия Арабистони, ҳам Исроил билан ишончли алоқаларни сақлаб қола олган. Дунёнинг энг йирик давлатлари ўртасидаги махфий ва энг қийин музокаралар айнан Масқатда, Уммон воситачилигида ўтказилади. Шундай давлат раҳбари билан яқин муносабат ўрнатиш Тошкент учун халқаро дипломатик майдонда катта устунлик беради.
Қўшни араб давлатларида тартибсизликлар бўлиб турган бир пайтда, Уммон ярим асрдан бери энг тинч, коррупция даражаси паст ва ички сиёсати ўта барқарор давлат сифатида танилган. Бу унинг халқаро рейтинглардаги обрўсини ва сўзининг қадрини оширади.
Ўзбекистон сўнгги йилларда ўзини Марказий Осиёда тинчликпарвар ва мулоқот майдони сифатида кўрсатмоқда. Уммон эса Яқин Шарқда худди шу вазифани бажаради. Икки “воситачи ва тинчликпарвар” давлатнинг яқинлашуви Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги мустақиллиги ва обрўсини янада мустаҳкамлаши мумкин. Яъни Тошкент фақат йирик геосиёсий ўйинчиларга боғланиб қолмай, нуфузли мусулмон дунёси марказлари билан ҳам тенг ҳуқуқли алоқалар ўрнатишга интилаётганини кўрсатади.
Уммон Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг (GCC) тўлақонли аъзоси. Бу кенгашда қарорлар консенсус, яъни барча аъзоларнинг розилиги асосида қабул қилинади. Масқатнинг қўллаб-қувватлаши Ўзбекистон учун бутун Кўрфаз минтақаси билан муносабатларда муҳим дипломатик имкониятлар яратиши мумкин.
Хуллоса айтганда, Уммон билан яқинлашиш – бу шунчаки “пули бор давлат билан келишиш” эмас, балки халқаро майдонда сўзи ўтадиган, обрўли ва муҳим дипломатик ҳамкорлардан бири билан муносабатларни мустаҳкамлаш демакдир.
Live
Барчаси