“Санжик” бошчилигидаги гуруҳ фуқароларнинг қарийб 1 млрд сўмини ўзлаштиргани аниқланди
3-саҳифа
−
10:36 4229 2 дақиқа
Нукус шаҳрида фуқароларнинг банк карталаридан қарийб 1 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштириш билан боғлиқ кибержиноят фош этилди. Гуруҳларда ўзини “Санжик” тахаллуси билан таништирган шахс ва унинг шериклари қўлга олинди. Бу ҳақда Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирлар ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари томонидан „Хавфсиз ва соғлом юрт“ ҳамда „Кибер маданиятни юксалтириш“ ойлиги доирасида ўтказилган.
Аниқланишича, гумонланувчилар Telegram орқали тарқатилган зарарли APK-файллар ёрдамида фуқароларнинг банк карталаридаги пулларни ноқонуний ўзлаштирган. Ўзлаштирилган маблағларнинг бир қисми нақдлаштирилган, айримлари номаълум шахсларнинг онлайн микрокредитларини тўлашга, бошқалари эса онлайн букмекерлик аккаунтларига йўналтирилган.
Жиноий фаолият изларини яшириш мақсадида ижарага олинган телефонлар мунтазам алмаштириб турилган. Бироқ текширув давомида гумонланувчиларнинг Telegram ёзишмаларида 162 та банк пластик картасига оид маълумотлар мавжудлиги аниқланган.
Тезкор тадбирлар давомида учта мобил қурилма ва бешта банк картаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Суд қарорига асосан, Д. исмли шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида бир нечта криптобиржа орқали 2,5 триллион сўмга тенг крипто-активлар айланмасини амалга оширган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси