Андижонда “фаст-фуддан” заҳарланганлар назоратга олинган – ССВ

Жамият 3490
image

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида овқатдан заҳарланган беморлар саломатлиги ва cанитария ҳолати назоратга олинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, овқатдан заҳарланган 17 кишида қайт қилиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши каби касалликнинг клиник белгилари намоён бўлган. Қолган 20 нафарида эса бироз ҳолсизлик ва кўнгил айниши кузатилган ва амбулатор равишда даво муолажаларини олиш учун ҳудудий поликлиника назоратига юборилган. 

Айни пайтда шифохонада даволанаётган 17 нафар беморнинг ҳолати стабил. Уларда белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари давом эттириляпти.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июль куни соат 12:10 да Қўрғонтепа туман Юқумли касалликлар шифохонасига фуқаролар кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қилган. 

Беморларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилган, бироқ ҳозирда уларнинг умумий аҳволи қониқарли. 

Кеча, 6 июль 23:00 ҳолатига шифохонага жами 37 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, беморларнинг 17 нафари даволанмоқда, қолган 20 нафари умумий ҳолатига кўра тиббий кузатувга олинган.

Заҳарланишга сабаб бўлган ҳолатларни аниқлаш бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида беморларнинг барчаси жорий йилнинг 5-6 июль кунлари туман марказида жойлашган тез тайёрланадиган егуликлар билан савдо қилувчи шохобчадан “Нонбургер” ва “Ход-дог” сотиб олиб истеъмол қилганини билдиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан бугун, 7 июль куни Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3
t
×