Гулнора Каримова 50 ёшини ҳам панжара ортида қаршилади
Жамият
−
08 Июль 2022
36120Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова бугун, 8 июль куни 50 ёшни қаршилади ва у ҳамон ҳибсда қолмоқда.
Гулноранинг таваллуди муносабати билан унинг қизи Имон Каримова онаси билан анчадан буён учрашолмаётганини айтиб, Instagram’да пост ёзиб қолдирди.
“Бизнинг оиламиз ҳар доим Ислом динига катта ҳурматда бўлган. Бобомиз юрт Истиқлол тонгида масжидлар эшигини очган, Каъба ўз эшикларини очган саноқли кишилардан бири эди.
Шунинг учун ишончим комилки, ҳамма биргаликда қилинган битта ибодат энг кучли қулфларни ва қалб эшикларини очади”, дейди Имон онаси учун дуо талабида бўлиб.
У сўзида давом этаркан, онаси 8 йилдан бери қамоқда қолаётгани, бу орада набирасини ҳам қўлига олмагани ва 50 ёшни ҳам панжара ортида қаршилаётганини урғулайди.
“Бугун онам 50 ёшга тўлди. 8 йилдан ортиқ қамоқда ўз оиласи, яқинларини кўра олмади: болаларининг улғайишини кўра олмади, Бобо билан хайрлашиб ололмади, набирасининг туғилиши кўра олмади. Унинг соғлиғидан ҳам ҳеч нарса қолмади, аммо шунга қарамай, биз ҳеч қачон дуо қилишни тўхтатмаймиз”, дейди Гулнора Каримованинг қизи.
Гулнора Каримова 1972 йилнинг 8 июлида туғилган. 1991 йилда Гулнора афғонистонлик этник ўзбек Мансур Мақсудийга турмушга чиқади. Ушбу никоҳдан бир йил ўтиб, 1993 йилда уларнинг Ислом исмли ўғли дунёга келади, 1999 йил эса қизи – Имон туғилади. 2001 йили Гулнора ва Мансурнинг муносабатларига дарз кетиб, оила ажралади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси