Гулнора Каримова иши ёпилди: Lombard Odier банки жаримага тортилди

3-саҳифа

image
Гулнора Каримованинг 43,5 млн доллар пули нимага сарфланиши айтилди north_east

Гулнора Каримованинг 43,5 млн доллар пули нимага сарфланиши айтилди

Кеча, 27 июль куни Швейцария суди Lombard Odier хусусий банкини пул ювишнинг олдини ололмагани учун 3 миллион швейцария франки (3,68 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди, аммо Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёнини тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Швейцария прокурорлари Каримовани пора олишда ҳамда 2005 ва 2013 йиллар оралиғида Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларига юзлаб миллион доллар ўтказган “Офис” деб номланган жиноий ташкилотни бошқаришда айблаган эди.

Женевада жойлашган Lombard Odier ва унинг собиқ ходими Каримованинг эҳтимолий жиноий фаолиятидан олинган даромадларни яширишга имкон яратганликда айбланган. Суд жараёни жорий йил апрель ойида бошланган эди.

Суд ўз баёнотида Lombard Odier банкини пул ювишнинг олдини олиш учун “барча оқилона ва зарур ташкилий чораларни кўрмагани” учун жаримага тортганини ҳамда 400 миллион франкдан ортиқ активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганини маълум қилган.

Суд Lombard Odier банкининг фақат “C.” исми билан кўрсатилган собиқ ҳисоб-китоб менежерига 24 ойлик шартли қамоқ жазосини тайинлаган.

Lombard Odier баёнотига кўра, ушбу иш банкнинг ўзи 2012 йилда Швейцария расмийларига шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар берганидан сўнг бошланган. Банк ўша вақтда мустаҳкам ички назорат ва пул ювишга қарши тартиб-қоидаларга эга бўлганини маълум қилган ва суд қарори устидан шикоят қилишини билдирган.

“Reuters”нинг ёзишича, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг 54 ёшли қизи Каримова ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни рад этган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган. Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025 йил январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каримованга нисбатан иш тўхтатилганди. Чунки даъво муддати тугагунга қадар у озодликка чиқиши ёки Швейцарияга топширилиши (экстрадиция қилиниши) эҳтимоли йўқ. Россияда яшовчи “B.” деб кўрсатилган бошқа айбланувчига нисбатан ҳам суд жараёни тўхтатилган, чунки у ўз Швейцарияга бора олмаган. Суд “C.“ ва Lombard Odier’га нисбатан жазолар жиноят содир этилганидан бери ўтган вақт сабабли 2011 йил июль ойигача бўлган воқеаларга оид айбловлар бекор қилинган.

2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ва унинг жиноий гуруҳининг Швейцариядаги активлари миқдори 686 миллион долларга баҳоланишини, Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатларда эса яна қарийб 1,4 миллиард доллар сақланаётганини маълум қилган эди. 2025 йил февралида Швейцария Ўзбекистонга 182 миллион долларни қайтариши эълон қилинди. Бу маблағлар Гулнора Каримовага қарши жиноят иши доирасида 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан мусодара қилинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг