Гулнора Каримованинг қайси давлатда қанча мулки бор?

Жамият

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг Франция, Бельгия, Буюк Британия, Латвия ва Россия каби давлатларда мулклари бўлган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда вазир ўринбосари Музроф Икромов айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг бошқа хорижий давлатлардан ҳам жиноий активларини қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, қуйидаги давлатларда Гулнора Каримова ва унинг шериклари активларга эга бўлган:

Франция. Франция Республикасидан 2020 ва 2021 йилларда тақрибан жиноий уюшган гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (Париж шаҳри яқинидаги 2 та қаср) сотилиши натижасида 20 миллион АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилган.

Бельгия Қироллиги. Бельгия Қироллигида ҳам жиноий уюшган гуруҳга тегишли бўлган активлар жойлашган. Уларни қайтариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси мутасадди ташкилотлари ҳамда Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Таъкидланишича, Бельгияда тергов жараёни тугамагани сабабли (тергов сири), ушбу активлар ҳақида кўп маълумот ошкор қилиш имконияти мавжуд эмас.

Буюк Британия. Буюк Британияда Гулнора Каримова ва унинг шерикларига тегишли бўлган умумий қиймати 10 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағлар ва 3 та кўчмас мулкнинг тақдири Лондоннинг Олий судида кўриб чиқиляпти.

Латвия Республикаси. Латвия Республикасида ҳам бир талай активлар мавжуд. Латвия суд органлари томонидан 2018 йил Ўзбекистон Республикасида чиқарилган ҳукмлар (Латвияда жойлашган активларни Ўзбекистон даромадига мусодара қилиш ҳақида) тан олинган. 

Активлар 15 миллион АҚШ долларига тенг маблағлар, 850 унцияга (26 кг.) тенг олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуадан ташкил топган.

“Бироқ, афсуски, бу борадаги барча ишлар ҳам осонликча амалга ошаётганлиги йўқ. Масалан, Латвиядаги юқоридаги активларни қайтаришда мураккабликлар юзага келмоқда. Шунга қарамай, ушбу давлатдаги активларни қайтариш бўйича ишлар қатъий изчиллик билан давом эттирилмоқда”, дейди Адлия вазирлиги хабарида.

Россия Федерацияси. 2021 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида жойлашган активларни (6 та хонадон) Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган.

Ҳозирги пайтда, ушбу кўчмас мулк объектларини Россия суд ижрочилари томонидан сотиш жараёни давом этмоқда. Сотиш натижасида келиб тушган пул маблағлари Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда бўлиниши Москва шаҳар судининг қарорида ўз аксини топган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.

Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Фонди” деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова жорий йилнинг 8 июль куни 50 ёшни қаршилади. Унинг ўғли Ислом Каримов Лондонда истиқомат қилмоқда. У уйланган, бир нафар фарзанди бор. Қизи Имон Каримова ҳам Лондонда ўқишни давом эттирмоқда ва у баъзан Ўзбекистонга келиб туради. Имон Каримова бувиси Татьяна Акбаровна Каримова ва холасининг қизи Марям Тилляева билан узилиб кетган муносабатларни тиклаган. 

Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонни тарк этган.  У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган. Биринчи Президентнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда ёлғиз истиқомат қилмоқда. У 26 август куни 74 ёшни қаршилайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

614

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг