Гулнора Каримова ишида янги келишув: Швейцариядаги активлар тақдири ҳал бўлди
Таҳлил
−
682 5 дақиқа
Швейцария банклари ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг хаёлига эҳтимол, биринчи бўлиб Гулнора Каримова келади. Бу бежиз эмас. Чунки унинг номи Швейцарияда музлатилган юзлаб миллион долларлик активлар, халқаро коррупция терговлари ва йиллар давомида давом этган суд жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ. Унинг хориждаги активларининг эса яна бир қисми Ўзбекистонга қайтарилмоқда.
24 ноябрь куни Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битим тасдиқланди. Унга кўра, Швейцарияда мусодара қилинган активларнинг яна 252,5 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилади. Маблағлар Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида ташкил этилган “Ишонч – 2030” траст жамғармаси орқали йўналтирилади. Эътиборлиси, бу Каримованинг активларини Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича илк келишув эмас. 2019 йилда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида дастлабки келишувга асос солинган.
2022 йилда эса икки мамлакат ноқонуний ўзлаштирилган ва Швейцарияда мусодара қилинган активларнинг 131 миллион долларини Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун қайтариш механизми бўйича битим имзолади. Кейинги босқичда, 2025 йил 6 февралда яна 182 миллион долларни қайтариш бўйича келишув тузилди. Шу тариқа, учта келишув бўйича Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган маблағлар 565,5 миллион долларга етди.
Аммо бу суммани 800 миллион франк билан тўғридан-тўғри тенглаштириш мумкин эмас. Биринчиси – турли босқичларда қайтаришга келишилган доллар миқдори, иккинчиси эса тергов бошида музлатилган Швейцария франкидаги активлар миқдори. Уларнинг валютаси, санаси ва ҳуқуқий мақоми турлича.
800 миллион франк қаердан пайдо бўлди?
2012 йил. Швейцария молиявий мониторинг органларига шубҳали пул операциялари ҳақида хабарлар келиб тушади. Бу хабарлар ортидан мамлакат прокуратураси жиноий даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш эҳтимоли бўйича тергов бошлайди.
Дастлаб тергов Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчиси ҳамда Ўзбекистондаги телекоммуникация компанияларидан бирининг собиқ раҳбарига нисбатан олиб борилган. Кейинчалик иш доираси кенгайиб, Каримованинг ўзи ҳам терговга жалб қилинади. Терговнинг асосий йўналиши Ўзбекистон телекоммуникация бозорига киришни истаган хорижий компаниялар билан боғлиқ эди. Гап шундаки, телекоммуникация бозори ўша пайтда катта иқтисодий имконият ва даромад манбаи бўлган. Бозорга кириш, лицензия ва бошқа рухсатномаларни олиш, фаолиятни кенгайтириш каби масалалар компаниялар учун муҳим аҳамиятга эга эди.
Швейцария терговчилари тахминига кўра, айрим компаниялар Ўзбекистонда фаолият юритиш имкониятига эга бўлиш учун воситачилар орқали катта миқдорда ноқонуний тўловлар амалга оширган. Бу пуллар эса турли компаниялар ва хориждаги банк ҳисоблари орқали ҳаракатланган.
Терговда “The Office” деб аталган тузилма алоҳида ўрин эгаллайди. Швейцария прокуратураси Каримовани ушбу жиноий ташкилотнинг бошқарувчиси бўлганликда, унинг фаолиятини йўлга қўйиш ва ноқонуний даромадларни яширишда иштирок этганликда гумон қилган. Банк ҳисоблари эса ҳақиқий бенефициарларни яшириш учун бошқа шахслар ёки компаниялар номига расмийлаштирилгани айтилган. Шу тариқа, оддий кўринган банк операциялари ортида мураккаб халқаро молиявий занжир борлиги тахмин қилинди. Швейцария Федерал прокуратураси 2012 йилда бошлаган тергов доирасида мамлакатдаги банк ҳисобларида 800 миллион франкдан ортиқ активларни музлатди. Бу ўша давр курси бўйича қарийб 900 миллион АҚШ долларига тенг эди.
Швейцария тергови йиллар мобайнида давом этди. 2023 йилда эса прокуратура Каримова ва Ўзбекистондаги телекоммуникация компаниясининг собиқ раҳбарига нисбатан Швейцария Федерал жиноят судига айблов хулосасини киритди. Айбловлар орасида жиноий ташкилотда иштирок этиш, пул ювиш, хорижий давлат мансабдор шахсига пора бериш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби моддалар бор эди.
Демак, бу иш фақат бир шахснинг банк ҳисоблари билан боғлиқ тергов эмас, балки бир нечта мамлакат, компаниялар ва молиявий воситачилар иштирок этган халқаро ишга айланган эди.
Швейцария терговининг ўзи 2012 йилда бошланган бўлса-да, Каримова бўйича иш бир кунда якунланмаган. Унинг дипломатик мақоми билан боғлиқ иммунитет масаласи ҳам ҳуқуқий жараённинг бир қисми бўлган. Швейцария прокуратураси Каримовани терговга 2012–2014 йиллар оралиғида, дипломатик иммунитет олиб ташланганидан кейин жалб қилган.
Қамоққа олиниши ва суд ҳукмлари
Швейцарияда халқаро тергов давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда ҳам Каримовага нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилди. 2015 йилда у товламачилик ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Бироқ бу якуний ҳукм бўлмади. У билан боғлиқ бошқа жиноят ишлари бўйича терговлар ҳам давом этди. 2017 йилда унга нисбатан яна суд ҳукми чиқарилди. 2019 йилда эса уй қамоғи тартибини бузгани сабабли жазони ижро этиш муассасасига ўтказилгани ҳақида хабар берилди.
2020 йил 18 март куни Тошкент шаҳар судида яна бир йирик суд жараёни якунланди. Суд Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда бошқа жиноятларда айбдор деб топди. Унга 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддати 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.
Бироқ 2026 йилда Швейцариянинг Федерал жиноий суди Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилган жиноят ишини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Бунга Каримованинг Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаётгани ва Швейцариядаги суд мажлисларида қатнашиш имконияти йўқлиги сабаб бўлган. Суд ҳужжатига кўра, унинг Ўзбекистондаги жазоси 2028 йил декабригача давом этиши кутилмоқда. Шу вақтга келиб эса айбловлар бўйича даъво муддати ҳам тугайди.
Муҳими, бу Каримованинг оқлангани ёки қамоқдан озод этилганини англатмайди. Суд унинг ишини мазмунан кўриб чиқмаган, балки процессуал сабаблар туфайли тўхтатган.
Қайтарилган пуллар қаерга сарфланади?
Активларни қайтаришнинг ўзи жараённинг фақат бир қисми. Асосий масала – бу маблағлар Ўзбекистонга келгач, қандай ишлатилиши. Шу мақсадда Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида “Ишонч – 2030” кўп томонлама траст жамғармаси ташкил этилган.
Унинг вазифаси мусодара қилинган маблағларни шунчаки давлат бюджетига ўтказиш эмас, балки уларни аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга йўналтиришдан иборат. Жамғарма орқали соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига устувор аҳамият берилади. Аввалги босқичларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал хизматларни яхшилаш, таълим сифатини ошириш ва ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш каби йўналишлар белгиланган.
Янги келишув доирасидаги маблағлар ҳам болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш, мактаблар қурилиши ва таълим сифатини оширишга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Live
Барчаси