КХДР Пхеньяндаги Швейцария дипломатик ваколатхонасини ёпишни талаб қилди
Олам
−
660 2 дақиқа
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Пхеньяндаги олти йиллик танаффусдан сўнг атиги бир ой олдин ўз фаолиятини қайта тиклаган Швейцария дипломатик бюросини ёпишни талаб қилди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, дипломатик ваколатхона раҳбари Сильвен Астье “персона нон грата” (исталмаган шахс) деб эълон қилинган. Ушбу қарор Шимолий Кореяга нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли қабул қилинган.
Бугун, 25 ноябрь куни Сильвен Астьега 48 соат ичида Шимолий Кореяни тарк этиш буюрилган. КХДР ТИВ Европа департаменти раҳбари Пак Хён Су Астьени чақиртириб, унга “Швейцария Конфедерацияси ҳукуматининг очиқдан очиқ душманона ҳаракати муносабати билан” дипломатик ваколатхонани ёпиш талаби баён этилган нотани топширган. Пхеньяннинг норозилигига “Сондовон” болалар оромгоҳининг санкциялар рўйхатига киритилгани сабаб бўлган.
“КХДРнинг суверен ҳуқуқлари ва унинг фуқаролари манфаатларига тажовуз қилувчи ҳаракатлар ҳеч қандай ҳолатда қабул қилиниши мумкин эмас”, дейилади хабарда.
“The Associated Press”нинг ёзишича, жорий йил ноябрь ойи бошида Швейцария ҳукумати “Сондовон” оромгоҳини санкциялар рўйхатига киритган, чунки ушбу муассаса украиналик болаларни Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан кўчириш дастурларида иштирок этмоқда. Таъкидланишича, оромгоҳ ҳудудида болалар тарғибот таъсирига дучор бўлади ва россияпараст қарашларни тарқатишга қаратилган тадбирларда қатнашади. Аввалроқ, “Сондовон”га қарши худди шундай санкцияларни Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ҳам жорий этган.
Пхеньяндаги Швейцария бюроси дастлаб коронавирус пандемияси туфайли юзага келган олти йиллик танаффусдан сўнг 2026 йил 19 октябрда ўз ишини қайта бошлаган эди. Октябрь ойи охирида дипломатик ваколатхонанинг расмий очилиш маросимида иштирок этиш учун КХДРга Швейцария Ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис ташриф буюрган.
Маълумот учун, Швейцария Шимолий Корея билан 1974 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатган ва Пхеньян билан мулоқотни сақлаб қолган кам сонли Ғарб давлатларидан бири бўлиб қолмоқда. Қайд этилишича, КХДРнинг ҳозирги раҳбари Ким Чен Ин ва унинг синглиси Ким Ё Чжон ўсмирлик чоғларида – 1990 йилларда Швейцарияда таҳсил олган. 1997 йилда Пхеньянда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг асосан гуманитар дастурлар билан шуғулланувчи “ҳамкорлик офиси” очилган. У 2020 йил март ойида COVID-19 пандемияси сабабли ёпилган.
Live
Барчаси