Шимолий Кореяда ChatGPT’нинг муқобили ишлаб чиқилди

Олам

−

image

Шимолий Кореяда илм-фан ва технологияга оид саволларга жавоб берадиган сунъий интеллект чат-боти яратилди. “Донишмандлик булоғи” деб номланган ушбу тизим мамлакат давлат телевидениесида намойиш этилди. Бу ҳақда “38 North” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, “AI Service System 1.0, Fountain of Wisdom” (Сунъий интеллект хизмати 1.0 — “Донишмандлик булоғи”) деб номланган чат-бот Ким Ир Сен университети ҳузуридаги Сунъий интеллект технологиялари тадқиқот институти ҳамда Пхеньянда жойлашган Phurunhanul Trading компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Чат-бот жорий йилнинг 19–30 октябрь кунлари Пхеньянда ўтказилган Ахборот технологиялари ютуқлари миллий кўргазмасида намойиш этилган. Шунингдек, у 17 ноябрь куни мамлакатнинг Ryongnamsan таълим телеканалида эфирга узатилган лавҳада ҳам кўрсатилган.

Телевидение лавҳаларида тизим интерфейси ChatGPT’никига ўхшаши, унда янги суҳбат очиш тугмаси ва аввалги мулоқотлар рўйхати мавжудлиги кўринган. Чат-бот корейс ва инглиз тилларида берилган илм-фан ҳамда технологияга оид саволларга жавоб бера олади, шунингдек, матнларни таржима қилиш имкониятига эга.

Қайд этилишича, фойдаланувчиларга ижтимоий-сиёсий мазмундаги ёки одоб-ахлоқ меъёрларига зид саволлар бериш тақиқланган. Тизим экранида фақат илм-фан ва технологияга оид саволлар билан мурожаат қилиш кераклиги ҳақида огоҳлантириш ҳам акс этган.

Чат-ботнинг техник имкониятлари ва унинг ишлаши учун қандай ускуна ёки сунъий интеллект модели қўлланилаётгани очиқланмаган. Тахминларга кўра, Шимолий Корея мутахассислари тизимнинг асосида АҚШ ёки Хитойда ишлаб чиқилган очиқ вазнли моделлардан, жумладан, Google’нинг Gemma ёки Alibaba’нинг Qwen моделидан фойдаланган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик миллиардер Илон Маск сунъий интеллектни ривожлантириш учун серверлар ва ҳисоблаш марказларини Ер атрофидаги орбитага олиб чиқишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг