Шимолий кореялик хакерлар 400 млн доллардан ортиқ криптовалютани ўғирлади
World
−
13:50 369 2 minutes
Шимолий Корея билан боғлиқ хакерлар сохта видеоқўнғироқлар ёрдамида 18 ой ичида 400 миллион доллардан ортиқ криптовалютани ўзлаштирди. FaceStealer деб номланган фирибгарлик схемаси оқибатида 900 дан ортиқ киши жабрланган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужумлар асосан криптовалюта ва Web3 соҳаларида фаолият юритувчи, хусусан, очиқ кодли дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи мутахассисларга қаратилган.
Хакерлар сохта ёки бузиб кирилган ижтимоий тармоқ аккаунтлари орқали потенциал қурбонларни Zoom, Microsoft Teams ва Google Meet платформаларининг қалбаки нусхаларида ташкил этилган видеоқўнғироқларга таклиф қилган. Қўнғироқ давомида жабрланувчига таниш бўлган шахсларнинг аввалроқ яширинча ёзиб олинган видеолари намойиш этилган. Бунда овозда носозлик бордек таассурот уйғотилган.
Шундан сўнг, фойдаланувчига овозни тузатиш учун ҳаволага кириш таклиф қилинган. Ҳавола орқали унинг қурилмасига зарарли дастур юкланган. Бу эса хакерларга қурилмадаги контактлар рўйхати ва иловаларга кириш имконини берган. Оқибатда улар янги қурбонларни ҳам аниқлаб, фирибгарлик доирасини кенгайтирган.
АҚШ расмийлари маълум қилишича, хакерлар видеоқўнғироқларни жабрланувчиларга билдирмасдан ёзиб олган ва кейинчалик ушбу ёзувлардан янги ҳужумларда фойдаланган.
ФБР киберхавфсизлик бўйича директори Бретт Литеманнинг айтишича, Шимолий Корея режими йирик миқёсдаги криптовалюта ўғирликларидан тушган маблағларни ноқонуний қурол-яроғ дастурларини молиялаштириш учун ишлатади. Унинг қайд этишича, мамлакат сўнгги йилларда бу йўл билан миллиардлаб доллар маблағни қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бундан бир ҳафта олдин дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance хакерлар сохта иш суҳбатларидан фойдаланиб, компаниядан рекорд даражадаги 6,3 миллиард долларлик криптовалютани ўғирлаганини маълум қилганди. АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳужум ортида ҳам Шимолий Корея билан боғлиқ гуруҳлар турганини билдирган. Пхеньян эса бу айбловни рад этган.
Live
All