Ўрнини сунъий интеллект боса олмаган ходимлар ишга қайтарилмоқда
Олам
−
19:01 1209 3 дақиқа
Сунъий интеллект сабаб ходимларини қисқартирган айрим компаниялар технология кутилган натижани бермагач, уларни қайта ишга қабул қилишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, бу жараён меҳнат бозорида “AI бумеранг” номини олган. Microsoft, Barclays Bank ва Kroger каби йирик компаниялар жорий йилда сунъий интеллект билан боғлиқ сабаблар туфайли иш ўринларини қисқартирган. Бунда айрим лавозимлар ортиқча деб топилган, бошқалари эса янги технологияларга сармоя киритиш учун харажатларни камайтириш мақсадида тугатилган.
Бироқ сунъий интеллект моделлари ва автоматлаштирилган тизимлар кутилганидек ишламагач, айрим компаниялар аввал ишдан бўшатилган ходимларни яна ишга таклиф қилмоқда. Robert Half рекрутинг компанияси маълумотларига кўра, молия, маркетинг, ҳуқуқ ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги иш берувчилар сунъий интеллект ёки автоматлаштириш сабаб тугатилган лавозимлар учун қайта ходим ёллаган.
Бунга асосий сабаблар сифатида технологияга кутилганидан кўпроқ инсон назорати зарурлиги ҳамда сунъий интеллектнинг компания ичидаги тажриба ва билимларни тўлиқ ўзлаштира олмаслиги кўрсатилган.
Robert Half компаниясининг катта ҳудудий президенти Билл Дрисколлнинг айтишича, танқидий фикрлаш, ҳамкорлик, ижодкорлик ва ташкилот фаолиятига оид ички билимларни сунъий интеллект билан тўлиқ алмаштириб бўлмайди.
вециянинг Klarna тўлов хизмати ҳам ўтган йили мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича инсон ходимларини қайта ёллашни бошлаган. Компания раҳбари Себастьян Семиатковский “Bloomberg News”га берган интервьюсида харажатларни камайтириш учун сунъий интеллект чатботига ҳаддан ташқари таянилганини тан олган.
Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Ford компанияси сифат назорати учун жорий этилган сунъий интеллект воситалари кутилган даражада ишламагач, 350 нафар тажрибали муҳандисни ишга олгани ёки юқори лавозимларга кўтарганини билдирган.
Мутахассислар компаниялар сунъий интеллектни жорий этишда ходимларнинг расмий вазифаларидан ташқари бажарадиган ишларини ҳам ҳисобга олиши кераклигини таъкидламоқда. Хусусан, инсонлар мижозларнинг ҳиссиётларини англаш, мураккаб вазиятларга мослашиш, жамоада ишончни шакллантириш ва ноодатий муаммоларга ечим топишда муҳим ўрин тутади.
Жоржтаун университети профессори Брукс Холтомнинг фикрича, мижозларга хизмат кўрсатиш каби соҳаларда сунъий интеллект мураккаб шикоятлар ёки ҳиссий вазиятларга дуч келганда инсон ходимлар ёрдамига муҳтож бўлади.
Шу билан бирга, мутахассислар сунъий интеллект ривожланаётган шароитда ходимларга инсонлар билан мулоқот, ҳиссий интеллект, мустақил қарор қабул қилиш ва ижодкорлик каби кўникмаларни ривожлантиришни тавсия қилмоқда.
Ишдан бўшатилган ходимларга яна таклиф билдирилганда эса иш ҳақи, келажакдаги қисқартиришлар ва сунъий интеллектнинг уларнинг лавозимига таъсири бўйича аниқ шартларни муҳокама қилиш тавсия этилган. Шунингдек, қўшимча малака ошириш, лавозимда ўсиш имкониятлари ва меҳнат шартномасининг кафолатларини олдиндан келишиб олиш муҳимлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft компанияси харажатларни камайтириш ва сунъий интеллектга йўналтирилаётган катта инвестицияларни молиялаштириш мақсадида 60 мингга яқин ходимига ихтиёрий равишда ишдан кетиш таклифини бераётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси