Ўзбекистонда Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Local

−

image

Ўзбекистонда таълим тизимидаги психологик хизматни ривожлантириш ва Психология илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш белгиланди. Бу ҳақда Президент 19 октябрда имзоланган 379-сонли “Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорда назарда тутилган.

Қарорга кўра, инсон капитали сифатини ошириш, ёшларнинг психологик фаровонлигини таъминлаш ҳамда психология соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш белгиланган. Шунингдек, таълим тизимидаги психологик хизматнинг илмий, услубий ва ташкилий асослари такомиллаштирилиб, психологик қўллаб-қувватлаш механизмлари ва ягона илмий ёндашувлар жорий этилади.

Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов раҳбарлигида психология соҳасида илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилади. Унинг таркибига Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа идоралар вакиллари киради.

Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Қарор билан Психология илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш маъқулланди. Институт Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида ташкил этилади ва Таълим ва илм-фан вазирлигига бўйсунади.

Муассаса таълимнинг барча босқичларида психология соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч муассаса бўлади.

Институт Братислава кўчасида, собиқ педагогика университети ҳудуди ёнида жойлашади. Ҳозирда ушбу ҳудудда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолият юритади.

Шу билан бирга, таълим ташкилотларида психологик хизмат ходимларининг камида беш йилда бир марта малакасини ошириши мажбурий этиб белгиланди. Ўқувчилар ва педагоглар ҳар йили психологик диагностикадан ўтказилади.

2026-2027 ўқув йилидан бошлаб мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида, 2027-2028 ўқув йилидан эса олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида диагностика жорий этилади.

Институт халқаро стандартлар асосида ёш тоифалари ва педагоглар ҳамда ўқувчилар фаолиятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда дастлабки скрининг ва чуқурлаштирилган психологик диагностика учун ягона стандартлаштирилган методикалар ва тест тўпламларини ишлаб чиқади.

Диагностика махсус электрон платформа орқали ўтказилади. Бунда шахсга доир маълумотлар, шунингдек, диагностика ва психологик ёрдам жараёнида маълум бўлган ахборотнинг махфийлиги таъминланиши шарт.

Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилинадиган натижаларга кўра, педагоглар ва таълим олувчилар уч гуруҳга ажратилади:

  • психологик барқарор;
  • психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож;
  • фаол психологик қўллаб-қувватлаш талаб этиладиган.


Иккинчи ва учинчи гуруҳдагилар учун индивидуал қўллаб-қувватлаш режаси тузилади ва психологлар бириктирилади. Фаол психологик қўллаб-қувватлаш талаб этиладиган шахсларга эса ментор психологлар ҳам бириктирилади. Институт ушбу ишлар натижаларини мониторинг қилиб боради.

150 нафар ментор психолог мукофотланади

Институт таълим ташкилотлари психологларининг малакасини мақсадли ошириш тизимини йўлга қўяди ва ҳудудлар кесимида ментор психологлар гуруҳларини шакллантиради.

Ҳар бир ўқув йили якунида энг яхши деб топилган 150 нафар ментор психологга давлат бюджети ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофот пули берилади.

Шунингдек, институт ҳар бир ўқув йили якунида педагоглар ва ўқувчиларнинг психологик саломатлигини таъминлаш бўйича тавсияларни янгилайди. Ушбу тавсиялар кейинги ўқув йили учун дарсликларни тайёрлашда ҳам ҳисобга олинади.

Таълим муассасаларидаги “Келажак соати” дарслари дастурига ўқувчи ва талабаларнинг психологик билимларини оширишга қаратилган мавзулар киритилади. Институтда учта лаборатория ташкил этилади. Психология илмий-тадқиқот институти тузилмасида учта лаборатория фаолият юритади.

Рақамли психология ва сунъий интеллект лабораторияси интернетга қарамлик, кибербуллинг ва интернетдаги хавфсизлик масалаларини ўрганади. Шунингдек, психодиагностика ва маслаҳат бериш жараёнларида сунъий интеллект ҳамда виртуал ассистентлардан фойдаланиш бўйича ёндашувларни ишлаб чиқади.

Таълим психологияси ва психологик хизмат лабораторияси узлуксиз таълим тизимида психологик хизматни ташкил этишнинг илмий асосланган ёндашувлари, ягона ахлоқ кодекси, миллий иш стандартлари ва мутахассислар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади.

Психологик саломатлик ва профилактика лабораторияси

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг психологик ҳолатини мониторинг қилади. Лабораториянинг вазифаларига эмоционал толиқиш, хавотир, депрессия ва суицидал хулқ-атворнинг олдини олиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда психологик ёрдамни ташкил этиш ҳам киради.

2030 йилгача 8 минг нафар психологнинг малакаси оширилади. 2027 йилдан бошлаб институтда ҳар йили 2 минг нафар психологнинг малакасини ошириш режалаштирилган. Натижада 2030 йилгача жами 8 минг нафар мутахассиснинг малакаси оширилади.

Шунингдек, ҳар йили 150 нафар мутахассис қайта тайёрланади. 2030 йилгача уларнинг умумий сони 600 нафарга етказилади. 2027 йил октябрь ойидан бошлаб психологик ёрдам кўрсатишнинг ягона электрон платформаси ва психологик саломатликнинг миллий мониторинги тизимини ишга тушириш режалаштирилган.

Платформа “Ўзбекистон ёшлари психологик саломатлиги” мониторингини юритиш ва манзилли психологик ёрдамни режалаштириш имконини беради. Психологик хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига хизмат кўрсатиш учун ваучерли молиялаштириш тизими жорий этилиши, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида нодавлат психологлар жалб қилиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аҳоли учун психологик саломатликка оид подкастлар, видеоматериаллар ва бошқа маърифий материаллар тайёрланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends