Ҳафта дайжести: Президентнинг парламентга мурожаати, дунёга тарқалган коронавирус, Томскда ҳалок бўлган 11 ўзбек ўғлони

Жамият 3824
image

Якунига етган ҳафта Ўзбекистон ва халқаро майдонда муҳим воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, халқаро майдонда ҳам муҳим сиёий жараёнларда туб ўзгаришлар бўлди. Ўтган йилнинг охирида Хитойда пайдо бўлган янги вирус ўтган ҳафта давомида катта куч билан авж олди. Қуйида ҳафта давомида юз берган энг муҳим хабарларга тўхталиб ўтамиз.

Жамият

Олий Мажлис палаталарининг биринчи мажлиси

Жорий йилнинг 20 январь куни сайловдан кейин шаклланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг йиғилиши ўтказилди. Ҳар икки палата йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Қонунчилик палатаси йиғилишида Нурдинжон Исмоилов қуйи палата спикери, Акмал Саидов унинг биринчи ўринбосари ва яна тўрт нафар ўринбосар тасдиқланди. Шунингдек, Қонунчилик палатасининг 12 та қўмитасига раислар сайланди.

Шавкат Мирзиёев қуйи палата мажлисида сўзлаган нутқида депутатларни фаоликка, сайловчилар билан яқин мулоқот қилишга чақирди. Шунингдек, “ура-ура” қилиш билан халқнинг ишончини қозониб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Давлат раҳбари мамлакат оғир даврдан ўтаётганини айтиб, хавотирини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган Сенат мажлисида Танзила Норбоева яна палата раиси этиб сайланди. Одиқ Сафоев унга биринчи ўринбосар бўлди. Шунингдек, Муса Ерниязов ва Зайниддин Низомхўжаев ҳам раисга ўринбосар этиб сайланди.

Ялпи мажлисда Сенатнинг 8 та қўмитаси ҳамда Регламент ва одоб комиссиясига раис сайланди.

Сенат мажлисида нутқ сўзалаган Шавкат Мирзиёев ижро органи парламентдан ҳайиқиб туриши кераклиги, тўйларни қисқартириш бўйича ишлар давом этиши ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тизим яратилиши кераклигини айтиб ўтди. Давлат раҳбари ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш масаласига тўхталиб, вазирларнинг 90 фоизи вилоятларда ўтириши кераклигини таъкидлади.

Президент Сенат мажлисида Яқин Шарқдаги вазият Ўзбекистон хавф туғдираётгани, ЕОИИга аъзолик мустақилликка таҳдид экани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканига урғу берди. Шунингдек, йиғилишда Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги порахўрлик ва ўқитувчиларнинг билимсизилиги танқид қилинди.

20 январь куни Бош вазир Абдулла Ариповнинг Ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқди.

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси

21 январь куни Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма йиғилиши ўтказилди. Унда Президент Абдулла Арипов номзодини Бош вазир лавозимига тавсия қилди. Депутатлар номзодни қўллаб-қувватлади. Қўшма мажлисда Ҳукумат аъзоларининг ҳам номзоди тасдиқланди.

Нариман Григорян қотиллиги

Жорий йилнинг 14 январь куни ижарада турадиган уйида ўлик ҳолда топилган Нариман Февзиевич Алимжонов (Нариман Григорян) қотиллиги бўйича янги маълумотлар берилди. Хусусан, қотиллик пул учун амалга оширилгани айтилди. ШунингдеК, қотил жасадни йўқ қилиш учун ёқиб юборган.

Актриса Аида Юнусова вафот этди

21 январь куни таниқли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Юнусова 72 ёшда оламдан кўз юмди.

Актриса узоқ вақт давомида турли роллар ижро этган. Жумладан, “Ажойиб хаёлпараст”, “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Олтин куз”, “Меҳригиё”, “Зулматни тарк этиб”, “Карвон”, “Анор”, “Биринчи йўловчилар” кинокартиналарида қатнашди.

Самарқандлик аёл МИБ ходимларини ёқиб юборди

Самарқандда ижро ҳаракатларини амалга ошираётган МИБ ходимларига қаршилик қилган аёл уларни ёқиб юборди. Натижада МИБ ходимлари хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур бўлишди.

Фарғонадан Тошкентга келган Маматов, пойтахтдан водийга кетган Тошхўжаев

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов Президент тавсиясига кўра, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига раҳбар бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ҳарбий держава мақомини сақлаб қолди

Global Firepower тақдим этган маълумотларга кўра, 2019 йил якунига кўра, Ўзбекистон армияси қўшнилари Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан Марказий Осиёдаги энг қудратли давлат бўлиб қолди.

137 давлатдан иборат умумий рўйхатда Ўзбекистон қуролли кучлари 48-ўринни банд этган. Рейтингга Озарбойжон (52), Қозоғистон (54), Туркманистон (75), Грузия (85), Қирғизистон (91), Тожикистон (94), Арманистон (96) ва бошқа давлат армиялари ҳам киритилган.

“Демократия индекси”: Ўзбекистон авторитар давлатлар қаторида қолди

Ўзбекистон Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузладиган “Демократия индекси”да 157-ўринни эгаллади.

2019 йил бўйича рейтингга жами 165 та давлат ҳамда Гонконг ва Фаластин автономиялари киритилди. Ўзбекистон бор-йўғи 2,01 балл тўплади ва “авторитар режим”ли давлатлар қаторида қолди.

Президентнинг парламентга мурожаатномаси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари, мамлакатдаги дипломатик корпус раҳбарлари олдида учинчи марта мурожаат йўллади.

Унда 2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб аталди.

Президент навбатдаги мурожаатида ўтказилган сайлов ва сайлов тизими, пенсия, олий таълимда давлат грантини ошириш, пенсия, камбағаллик, ОТМларга молиявий ва академик мустақиллик бериш, ўқитувчиларнинг маошини ошириш, ҳокимларнинг ҳисобдорлиги, ҳудудлардаги интернет таъминоти, тадбиркорлар фаолиятининг текширилиши ва бошқа масалалар бўйича камчиликларга тўхталиб, янги таклифлар берди. Тадбирда Президент Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик масаласида фикр билдирди.

Президент ўказган тадбирда охирги вақтларда ОАВда кўриниш бермай қўйган, ўзбек сиёсатининг дарғаларидан бири собиқ Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимов ҳам қатнашди.

2019 йилги коррупция индексида Ўзбекистоннинг ўрни ўзгарди

Transparency International Халқаро коррупцияга қарши ҳаракат 2019 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексини (Corruption Perception Index) эълон қилди.

Ўзбекистон ушбу индексда ўрнини бироз яхшилаб, 25 балл тўплади ва 180 давлат орасида 153-ўринни эгаллади. Айтиш мумкинки, ушбу индекснинг 2018 йилги натижаларида Ўзбекистон 158-ўринни қайд этган эди.

Олам

Томскда 11 нафар ўзбек ўғлони ёниб кетди

Жорий йилнинг 21 январь куни Россиянинг Томск вилоятида ёғоч ишлаб чиқарувчи корхонада ишчилари яшовчи ёғочдан қурилган иншоот ёниб кетди. Натижада у ердаги 14 кишининг 12 нафари ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг 11 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бир нафари Россия фуқароси.

Мазкур фожиа юзасидан жиноят иши очилиб, текширув ҳаракатлари бошланди. Қурбон бўлган ўзбекистонликларнинг жасади бугун, 26 январь куни Ватанга қайтарилди.

Қурбонлар оиласига ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Президентининг кўрсатмаси билан махсус комиссия тузилди.

Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус

2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй вилоятидаги Ухань шаҳрида пайдо бўлган янги коронавирус ўтган ҳафта давомида дунёдаги кўплаб давлатларга кириб борди.

Вирус билан касалланганлар сони 2700 дан ошди, қурбонлар сони 56 нафарга етди.

Дастлаб Япония, Жанубий Корея ва Таиландда қайд этилган вирус ҳафта давомида Aвстралия, Mалайзия, Непал, Сингапур, AҚШ, Францияга ҳам етиб борди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вируснинг мамлакатга кирмаслигини учун тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилган бўлса, Ташқи ишлар вазирлиги Ухань шаҳридан келган талабаларга зудлик билан керакли кўриклардан ўтишни тавсия қилди.

Эрон Украина самолёти икки ракета билан уриб туширилганини тан олди

Эронда “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Boeing 737-800 йўловчи самолёти бир эмас, икки ракета билан уриб туширилган. Эрон фуқаро авиацияси ташкилотининг иккинчи ҳисоботида самолёт “Тор-М1” зенит-ракета мажмуасининг кичик радиусли “ер-ҳаво” типидаги ракетаси билан уриб туширилгани қайд этилган.

Ҳаво лайнерининг уриб туширилиши билан боғлиқ янги тахмин Эрон Мажлиси депутати Аҳмад Алиризобейгий томонидан билдирилган.

“Бу ишда Американинг қўли борлиги истисно этилмайди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпусида профессиональ бўлмаган одамлар ўтирмайди. Энг қизиғи, самолёт радарлардан яширинган бўлиши мумкин. Ва уни масофадан туриб бошқариш имконияти бўлган”, деб тасдиқлади сиёсатчи.

Россиянинг 14 йиллик Бош прокурори ишдан кетди

20 январь куни Россия Федерацияси Бош прокурори Юрий Чайка ўз лавозимини тарк этди. Юрий Чайка Бош прокурорлик лавозимини 2006 йил июнь ойидан бери эгаллаб келаётганди.

Чайка ўрнига Россия Президенти Владимир Путин Игор Красновни мамлакат Бош прокурори этиб тайинлади.

Сенатда Трамп устидан суд бошланди

АҚШ Сенати мамлакат Президенти Дональд Трампнинг импичменти бўйича эшитувни бошлади. Бу АҚШ тарихидаги учинчи Президент импичменти бўлиши мумкин.

Конгресснинг Вакиллар палатаси Трампга қарши илгари сурган айбловининг асослилигини аниқлаш бўйича Сенатда бошланган суд жараёнининг биринчи йиғилиши деярли натижасиз якунланди. Эшитув тўққиз соат давом этди ва унда тўртта тузатиш киритилди.

Импичмент бўйича эшитувнинг иккинчи кунида сўз қораловчи томон яъни, Конгресс қуйи палатаси менежерларига берилди. Улар ўз нутқини бошлаганда суд жараёнини эслатувчи Сенат эшитуви икки сиёсий партиянинг қарама-қаршилик майдонига айланиб кетди.

Сенат эшитуви давом этяпти

Brexit эпопеяси охирлаяпти

24 январь куни Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши тўғрисидаги қонунни имзолади. Мазкур қонунга кўра, Буюк Британия жорий йилнинг 31 январидан ЕИ аъзоси бўлишни тўхтатади.

Жонсон имзоси мамлакати тарихида янги саҳифадан дарак беришини қўшимча қилган.

Мазкур ҳужжатни Британия қироличаси Елизавета II Brexit ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолаган. Шунингдек, 24 январда Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Брюсселда келишувни имзолаган. Маълумот учун, ҳужжат Европа парламентида 29 январда ратификация қилиниши режалаштирилган.

Туркияда кучли зилзила: мингдан ортиқ жароҳатланган ва 30 дан ортиқ қурбон бор

Туркияда зилзила хавфи ортиб бормоқда. 24 январь куни Элязиғ, Малатя ва Диёрбакир вилоятларида 6,8 балли зилзила қайд этилган эди. Бугун, 26 январь куни маҳаллий вақт билан соат 5:22 да Малатяда 4,3 балли, соат 5:47 да Элязиғда 3,9 балли навбатдаги ер силкинишлари кузатилди.

Кеча содир бўлган кучли зилзила оқибатида кўплаб бинолар вайрон бўлди. Ҳаробага айланган бинолар 76 та экани айтилмоқда. Юзлаб одамлар вайроналар остида қолди. Улар орасида кексалар, болалар ва ҳатто ҳомиладор аёллар ҳам бўлган. 

Зилзила ортидан қурбон бўлганлар 31 нафарга етди.

Шаҳзода Гарри Буюк Британиядан чиқиб кетди

Шаҳзода Гарри 20 январь куни кечаси Буюк Британияни тарк этди. У рафиқаси Меган Маркл ва ўғли Арчи билан бирга Канадага йўл олган.

Маълум бўлишича, Гарри Канадага Лондонда ўтган британ-африка инвестиция саммитида иштирок этганидан сўнг, тунги рейсда учиб кетган. У саммитда Британия бош вазири Борис Жонсон билан кўришган.

Нашр хабарига кўра, у мамлакатдан чиқиб кетишни шу даражада хоҳлаганки, Букингем саройидаги қабул маросимида иштирок этмаган. Ҳолбуки, Гарри қабул маросими ташкилотчиларидан бири эди.

Интерполнинг собиқ раҳбари узоқ йилга қамалди

Хитой суди Интерполнинг собиқ раҳбари Мэн Хунвэйга 13,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. У порахўрликда айбланмоқда. Таъкидланишича, судланувчи ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида эмас.

Маълумот ўрнида: 2018 йилнинг кузида Интерполнинг собиқ раҳбари ғойиб бўлиб қолганди. Кейинчалик, маълум бўлдики, Хунвэй қонунни бузганликда айбланиб, Хитойда қўлга олинган экан.

Украина собиқ Президентини сўроқ қилиш бошланди

Украинанинг собиқ президенти Петр Порошенко 24 январь куни сўроқ қилиниш учун Давлат тергов бюросига келди.

Уни бюрога кираверишда тарафдорлари кутиб олди. Бинони қўриқлаш кучайтирилди. Собиқ президент Минск келишуви жараёнида давлатга хиёнат қилган ёки қилмагани бўйича сўроқ қилинади.

Саудия шаҳзодаси АПЛдаги жамолардан бирини сотиб олмоқчи

Саудия Арабистонининг меросхўр шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга тегишли инвестиция фонди Англия премьер-лигасининг “Ньюкасл Юнайтед” жамоасини сотиб олишни ният қилмоқда.

Келишув суммаси 340 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Жамоани сотиб олиш келишувларида британиялик молиячи Аманда Стейвли бошчилигида инвесторлар гуруҳи иштирок этади. Маълум қилинишича, шартнома бир неча ҳафталардан сўнг имзоланиши мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 2.8
t
×