Эрон Украина самолёти икки ракета билан уриб туширилганини тан олди

Олам 2899
image

Эронда “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Boeing 737-800 йўловчи самолёти бир эмас, икки ракета билан уриб туширилган. Эрон фуқаро авиацияси ташкилотининг иккинчи ҳисоботида самолёт “Тор-М1” зенит-ракета мажмуасининг кичик радиусли “ер-ҳаво” типидаги ракетаси билан уриб туширилгани қайд этилган.

Ҳисоботда келтирилишича, “Тор-М1” ЗРМнинг икки ракетаси Boeing 737-800 самолётига қарата шимол тарафдан учирилган. Ракета самолётга урилганидан кейин ҳаво кемаси баландликни йўқота бошлаган. Кейин истироҳат боғида тўсиққа урилган ва ерга қулаган. Сўнг, лайнер футбол майдонидан ўтиб, бутунлай вайрон бўлган ва ёниб кетган.

Ҳужжатга кўра, самолёт Теҳрондан маҳаллий вақт билан соат 6:12 да учган, Boeing 2,4 минг метр баландликка кўтарилганда алоқа йўқолган. Лайнер соат 6:18 да радарда бутунлай кўринмай қолган. Меҳробод аэропортидаги дастлабки кузатув радарларига кўра, самолёт соат 6:15 да тўғри йўналишдан чиқиб, бурила бошлаган ва “эҳтимол” аэропорт томонга қараб яна 3 дақиқа учган.

Украина самолётининг Эронда ҳалокатга учраши

Жорий йилнинг 8 январь куни “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Boeing 737-800 йўловчи самолёти Теҳрондан Киевга учганидан кўп ўтмай қулади. Самолёт бортида бўлган 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Орадан 3 куни ўтиб, 11 январь куни Эрон самолёт ракета билан уриб туширилганини тан олди ва бу инсон хатоси туфайли юз берганини маълум қилди.

Эрон айбини тан олгач, Украина Президенти Владимир Зеленский расмий Теҳрон олдига қатор талаблар йўқди. Уларнинг орасида, айбдорларни жазолаш ва қурбонлар оиласига компенсация тўлаш ҳам бор эди. Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Украинадан расман кечирим сўраб, Зеленскийнинг барча талабларига рози бўлди.

Бунинг ортидан самолёт ҳалокатида фуқаролари ҳалок бўлган бошқа давлатлар Афғонистон, Канада, Буюк Британия, Швеция ҳам Эрондан компенсация талаб қилди.

Бу орада Америка ОАВ Украина самолёти икки ракета билан уриб туширилгани тасвирланган видеони эълон қилганди. Унда икки ракета бир дақиқа орасида самолётга урилганини кўриш мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 90
Рейтинг: 3
t
×