Сенатда Трамп устидан суд бошланди
Олам
−
22 Январь 2020
9091АҚШ Сенати мамлакат Президенти Дональд Трампнинг импичменти бўйича эшитувни бошлади. Бу АҚШ тарихидаги учинчи Президент импичменти бўлиши мумкин.
Конгресснинг Вакиллар палатаси Трампга қарши илгари сурган айбловининг асослилигини аниқлаш бўйича Сенатда бошланган суд жараёнининг биринчи йиғилиши деярли натижасиз якунланди. Эшитув тўққиз соат давом этди ва унда тўртта тузатиш киритилди.
Президент сиёсий рақибларининг (Демократлар партияси) ташаббуси Украина бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишга қаратилганди. Аммо овоз бериш жараёнида улар қайтариб юборилди. Сенат спикери Митч Макконнелл натижаларни маълум қилди.
“Палата аввал ҳам кўрсатма берган гувоҳларни тинглаш бўйича сўровни бекор қилди. Мен аввал ҳам айтганимдек, ҳеч ким АҚШ сенаторларига бу ишни қандай кўриб чиқишни айтиб турмайди”, деган Макконнелл.
Сенатда юз бераётган суд мажлисида Вакиллар палатаси қораловчи томон вазифасини бажаряпти. Эндиликда Президентнинг ҳимоячилари ўз ишини бажаради, шундан сўнг, қасамёд қилган судья вазифасидаги сенаторлар ҳар икки томонга ҳам савол бериши мумкин бўлади.
АҚШ Президенти адвокати Пат Чиполлоне ҳимоячи томоннинг далиллари билан танишгач, сенаторлар Трамп қонунга зид ҳеч нима қилмагани ҳақида якдил қарорга келишини айтиб ўтди.
Демократик партия вакили ва партиянинг Сенатдаги етакчиси, сенатор Чак Шумер юқори палата ишига нисбатан кескин фикрлар билдирди.
“Биз гувоҳи бўлаётган воқеалар спикер Макконнелл ва Президентнинг шериклигидан бошқа нарса эмас. Улар биргаликда Трампнинг ножўя ишларини яширмоқчи. Резолюция Сенатда эмас, Оқ уй айтганидек ёзилгани ҳам кундек равшан”, деган Шумер.
Эслатиб ўтамиз, Трамп мансаб ваколатидан четга чиқиш ва Конгресснинг суриштирувига ғов бўлишда айбланяпти. Президентнинг ўзи эса унга эълон қилинган импичментни фитна ва тўқима эканини иддао қиляпти. Унинг айбини тасдиқлаш ва лавозимидан четлатиш учун 67 нафар сенаторнинг овози керак бўлади.
Маълумот учун, Конгресс юқори палатасининг суд мажлиси АҚШ президентлиги учун сайловларда овоз беришга 9 ойдан кўпроқ вақт қолганда бошланди. Импичмент ҳужжатлари бундан бир ҳафта аввал Сенатга юборилганди.
LiveБарчаси