Трампнинг импичменти учун овоз берилди

Олам

image

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси мамлакат Президенти Дональд Трампнинг президент лавозимидан четлатилиши учун овоз берди.

Конгрессменлар Трампни айбловнинг ҳар икки моддаси — ҳокимият мансабини суиистеъмол қилиш (216 та овоз зарур бўлган ҳолатда 230 та овоз олди) ва Конгресс фаолиятига тўсқинлик қилиш (229 та овоз олди) бўйича айбдор деб топди. Ҳар икки ҳолатда ҳам Республикачилар партияси вакиллари тўлиқ таркибда қарши овоз берди.

Трампга нисбатан ҳокимият мансабини суиистеъмол қилиш бўйича айблов у Украина ҳукуматидан Жо Байденнинг ўғлига нисбатан тергов очишга уринишлари ортидан эълон қилинган — Жо Байден 2020 йилдаги президентлик сайловида Трампнинг асосий рақиби ҳисобланади. Президент импичмент жараёни доирасида олиб борилган суриштирув ишларида Оқ уйнинг иштирок этишини тақиқлаб қўйгач, унга нисбатан Конгресс ишига халал бериш айблови илгари сурилган эди.

Энди Трампнинг ҳокимиятдан четлатилиши учун Сенатнинг учдан икки қисми ушбу қарорни қўллаб, овоз бериши лозим. Таҳлилчиларнинг фикрича, воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимоли жуда паст, чунки Сенатда кўпчилик ўрин Республикачиларга тегишли — Дональд Трамп ҳам Республикачилар партияси вакили.

Трамп импичменти Конгресснинг Вакиллар палатаси томонидан қўллаб-қувватланган АҚШ тарихидаги учинчи Президентга айланди — бунгача бундай ҳолат 1868 йилда Эндрю Жонсон ва 1998 йилда Билл Клинтон билан юз берган. Уларнинг ҳар иккаласини Сенат қутқариб қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

импичмент АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг