Юн Сок Ёль ўзи тайинлаган судья унинг импичменти бўйича ишлайди
Олам
−
16 Декабрь
1879Конституциявий суд аъзоси Чон Хён Сик Жанубий Кореянинг лавозимидан четлатилган президенти Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент иши бўйича суд жараёнига раҳбарлик қилади. Унинг номзоди 2023 йилда айнан Юн Сок Ёлнинг ўзи томонидан таклиф қилинган. Бу ҳақда “The Korea Times” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, дастлаб Конституциявий суд жараёнга раислик қилувчи судьянинг исмини ошкор қилмаслигини билдирган.
“Барча судьялар ишда иштирок этади, шунинг учун раис қарор қабул қилиш тезлигига ва ҳукмга таъсир қилмайди”, деб тушунтириш берган кейинчалик суд.
Раис тасодифан компьютер орқали танланган. Юн Сок Ёль эса собиқ Алоқа комиссияси раиси Ким Хон Илни суддаги ўз ҳимоячиси сифатида танлаган.
Билдирилишича, ҳозирда жараёнда иштирок этиш учун судда тўққизта ўриндан учта бўш жой мавжуд. Бу ўринларнинг йил охиригача тўлдирилиши кутилмоқда, чунки парламент декабрь ойида уч янги номзодни тақдим этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, суднинг якуний қарори апрель ойининг охиригача чиқиши кутилмоқда. Ушбу ойда ҳозирги олти судьядан иккиси истеъфога чиқиши кутиляпти. 2017 йилда собиқ президент Пак Кин Хенинг импичменти бўйича суд жараёни 91 кун, Но Му Хённинг иши эса 63 кун давом этган. Ҳозир судда қарор чиқариш учун 180 кун вақт бор.
Юн Сок Ёль ўз ҳукмронлиги даврида тўрт нафар судьяни тайинлаган. Уларнинг ҳаммаси консерватив қарашларга эга деб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юн Сок Ёль жорий йилнинг 18 декабрь куни махсус терговчилар гуруҳи томонидан сўроққа чақирилиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси