ОДКБга қучоқ очган Қозоғистон, ўзгага газ сотишни тўхтатган Ўзбекистон, муддати узайтирилган “каникул” – янгиликлар дайжести

Таҳлил

image
Якунига етаётган 6 январда Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим, энг сара воқеа-ҳодисалари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият

Самарқанддаги бозорда қотиллик. Йигит қўшнисини болта билан ўлдирди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 30 ёшли йигит қўшнисини уриб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов хабар бермоқда.

Қайд этилишича, қотиллик 2021 йилнинг 31 декабрь куни “Деҳқонобод деҳқон бозори” яқинида содир бўлган. 1992 йилда туғилган фуқаро Б.Х. қўлида бўлган темир болта билан қўшнисини бош ва бўйин соҳасига икки маротаба уриб, қасддан ўлдиришга суиқасд қилган. 

Маълум бўлишича, уларнинг ўртасида аввлдан келишмовчилик бўлган. 

Қашқадарё ҳокими ўринбосарига тегишли Trailblazer 4 та қоидабузарлик содир этди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда вилояти ҳокими ўринбосарига тегишли хизмат автомобили бир вақтнинг ўзида учта қоидабузарлик қилгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди. 

Қайд этилишича, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқовга тегишли, давлат рақами 70005DAV бўлган Trailblazer русумли автомобиль ҳайдовчиси:

•  йўл ҳаракати қоидаларининг 2-иловасида кўрсатилган 1.1 (йўлнинг хавфли жойларидаги ҳаракатланиш бўлаги чегарасини билдиради, босиб ўтиш тақиқланади) йўл ётиқ чизиғини босган ҳолда,

•  светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи қизил чироғида;

•  ортга қайрилиб олиш қоидаларини четлаб ўтган ҳолда ҳаракатланган.

ТИВ Қозоғистондаги ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон Қозоғистондаги фуқаролари ва талабалари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

“Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Элчихонаси ва Бош консулхоналари ушбу мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан талабалар билан доимий алоқада бўлиб турибди. 

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда фаолият юритмоқда. Зарур ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилиниши муносабати билан мазкур мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан жорий этилган вақтинчалик чекловларга риоя қилишларини сўраймиз. 

Зарурат туғилганда,  ҳамюртларимиз исталган вақтда Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султон (телефон: +7 771 020 36 73),  Олма-ота (телефон: +7 777 950 44 33) ва Ақтау  (телефон: +7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин”, дейилади ТИВ баёнотида.

Талабалар учун қишки таътил муддати узайтирилди

2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, қишки таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викторинлар ташкил этилади.

Навоийда олтин васвасасига тушган 5 кишини қум босиб, вафот этди

Навоий вилоятида таркибида олтин бўлган рудани ноқонуний қазиб олмоқчи бўлган 5 нафар фуқаро вафот этди.  Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, воқеа 2021 йилнинг 23 декабрь куни Конимех туманининг Караката овулида жойлашган “Лолазор” конида содир бўлган. Таркибида олтин зарралари бўлган қумларни ноқонуний қазиб олиш жараёнида бухоролик фуқароларни тош-қум массаси босиб қолган.

2022 йил Ўзбекистон Россияга газ сотмайди

2022 йилда Ўзбекистон ички истеъмолдаги мавсумий максимумларни қоплаш учун Россияга табиий газ экспорт қилишни тўхтатади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилган.

“Айни пайтда Россия Федерациясига газ етказиб бериш амалга оширилмаяпти, 2022 йилга мўлжалланган режалар ҳам йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.

“Буни жазоси пул, таниш-билиш кўп”. ЙПХ қўлига тушган маст аёл томоша кўрсатди

Тошкент вилоятида эрини ортидан пойлаб чиққан маст аёл бошқарувида бўлган Spark Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилди. Табиийки, аёл ўзи маст бўлса ҳам айбини тан олиш ўрнига хизмат вазифасини бажараётган ходимларга ўдағайлади. Бу ҳақда “Uzreport” телеканали хабар берди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 3 январь куни 21:30 ларда Оҳангарон шох кўчасида чорраҳадан қизил чироқда ўтган Spark русумли автомобиль Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган. Автомобиль ҳайдовчиси эса ЙПХ ходимлари машина олдига келгунга қадар уддабуронлик билан ён ўриндиққа ўтиб олган. Бироқ машина ичида ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким йўқлиги бодй-камера ва видеорегистраторга муҳрланган.

Президент уч давлат раҳбарлари билан Қозоғистон масаласини муҳокама қилди

Куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилган. 

Шунингдек, минтақадаги вазият, шу жумладан қўшни Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан ҳам фикр алмашган.

“Икки мамлакат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдилар”, дейилади хабарда.

Кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Президентлар Қозоғистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган барча чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирган.

Шу билан бирга, давлат раҳбарлари вужудга келган ҳолатни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб, зўравонлик ва вазият кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб ўтганлар. 

“Кафансиз кўмилганлар”. 30-йилгача қатағон қилинган 120 киши оқланди

1930 йилгача қатағон қилинган 120 киши оқланди. Ўтган 2021 йилнинг декабрь ойида Олий судга 120 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган эди. Бугун, 6 январь куни эса, ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва Жиноий-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 120 нафар шахс оқланди.

Олам

Қозоғистондаги намойишлар

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди

Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси раисини ўзгартирди. Янги раис ким?

Кеча, 5 январь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Карим Масимовни республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод қилди ва бу лавозимга Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Ермек Сагимбаевни тайинлади. 

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди. 

“Давлат раҳбарининг фармони билан Масимов Карим Казжимканович Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди”, дейилади ҳужжатда. 

Тўқаев давлат хавфсизлик хизматига янги раҳбар тайинлади 

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сакен Исабековни Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари Матбуот хизматига таяниб хабар қилинган.

“Исабеков Сакен Саинович Қозоғистон Республикаси давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлансин”, дейилади фармон матнида. 

Навбатдаги тайинлов. Қозоғистонда вазир агентлик раиси бўлди

Қозоғистонда Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси Қайрат Неъматович Келимбетов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар бермоқда.

Қайрат Келимбетов 2002–2006 йилларда Қозоғистон иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, 2008 йилда  Президент Администрациясини бошқарган. 2011 йилда Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири, 2012 йилдан бош вазир ўринбосари, 2013-2015 йилларда Қозоғистон Миллий банки (Марказий банк) раиси лавозимида фаолият юритган. 

Қозоқлар ниятига етди. Нархлар арзонлашди

Қозоғистоннинг Ақтўбе, Атирау ва Манғистау вилоятларида суюлтирилган газнинг максимал нархи литри учун 50 тенге этиб белгиланди. Мазкур вилоятларнинг чекка ҳудудларидагина газ нархи 55 тенгегача кўтарилиши мумкин.

Шунингдек, Чимкент, Шарқий Қозоғистон, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Қизилўрда ва Туркистон вилоятларида суюлтирилган газ нархи литри учун 60 тенгегача пасайтирилди. Баъзи чекка ҳудудларда эса бу нарх 65 тенгени ташкил қилади.

Қозоғистондаги фуқароларни эвакуация қилиш бошланди

Қирғизистон ҳукумати Қозоғистонда бўлган ва ўз ватанига қайтишни истаган фуқароларни эвакуация қилишни бошлади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасида Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали Қирғизистон фуқароларини эвакуация қилиш ишларини олиб бормоқда”, дейилади хабарда.

Қозоғистондаги намойишлар ортидан Ўзбекистон минтақада лидерликни қўлига олади – эксперт

Халқаро экспертлар Қозоғистондаги содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатаётганини билдириш асносида, минтақадаги келгуси вазиятни ҳам прогноз қилмоқда. Баъзи мутахассисларнинг фикрича, воқеалар ортидан Ўзбекистон минтақада лидерликни қўлга олиши мумкин. Бу ҳақда Марказий Евросиё тадқиқотлар жамияти асосчиси Жен Б. Муртазашвили ўз Twitter саҳифасида ёзган. 

“Қозоғистоннинг табиий ресурслари ҳамда иқтисодий ислоҳотларни қабул қилиши унга минтақадаги кучли иқтисодиётга эга бўлиш имконини берди. 

Мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини ёрдамга чорлаши  минтақа лидери сифатидаги қудратига путур етказади. Ўзбекистонда ташкилотдан ташқари мамлакат сифатида лидерлик ролини эгаллаш имкони мавжуд”, деб ёзмоқда эскперт. 

Россияда ўзбекистонлик йигит пичоқлаб кетилди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Москва туманида жойлашган автобус бекатида ўзбекистонлик йигит пичоқланган ҳолда топилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 январь куни полицияга 23 ёш атрофидаги йигитнинг автобус бекатида қонга беланиб ётгани ҳақида хабар келган. Воқеа жойига етиб борган тез ёрдам хизмати жабрланувчини Тез тиббий ёрдам илмий-тадқиқот институти клиникасига олиб борган.

Спорт

“Челси” ўз майдонида “тақачилар”ни аямади

Бугун, 6 январь куни Англия лига кубоги 1/2 финали илк учрашуви доирасида “Челси” “Тоттенхэм”ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйин Лондондаги “Стемфорд Бриж” стадионида бўлиб ўтди.

Биринчи бўлимнинг 5-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди. Ярим ҳимоячи Кай Ҳаверц Маркос Алонсонинг узатмасидан сўнг, гол урди. 34-дақиқада “тақачилар” ҳимоячиси Бен Девис жарима зарбасидан ўзатилган тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди.

Дунёнинг 1-рақамли теннисчиси Австралиядан “учирилади”

Аввалроқ, Австралиянинг Виктория штати ҳукумати теннис бўйича дунёнинг биринчи рақамли ракетка устаси ҳисобланган Новак Жоковични “Катта дубулға” туркумига кирувчи Австралия очиқ чемпионатига эмланганлик ҳужжатисиз ташриф буюргани учун ортга қайтариб юбориши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 6 январь куни Австралия томони сербиялик Жоковичга виза беришдан бош тортди. Теннисчидан мамлакатни тарк этиш талаб қилинган. Бу ҳақда маҳаллий “The Age” маълум қилди. 

Қайд этилишича, Жокович коронавирусга қарши эмлашдан тиббий озод қилингани ҳақида етарли далил келтира олмаган. Унинг адвокатлари ҳокимият қарори устидан шикоят қилмоқда. Жараён давомида теннисчи ҳукумат уйига жойлаштирилиши мумкин.

“Пахтакор” собиқ мураббийи Россия клубини бошқариши мумкин

Грузия терма жамоасининг собиқ футболчиси ва Тошкентнинг “Пахтакор” клуби собиқ бош мураббийи Шота Арвеладзе Россиянинг “Краснодар” жамоаси билан ишлаш истаги борлигини малум қилди. Бу ҳақда “RBC Sport” нашри хабар берди.

“Бундай жамоа билан ишлаш мен учун қизиқ бўларди, “Краснодар” яхши клуб. Илгари менга таклиф бўлганди, ҳозир эса вазият бошқача”, дейди Арвеладзе.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг