Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси раисини ўзгартирди. Янги раис ким?
Олам
−
06 Январь 2022
11178Кеча, 5 январь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Карим Масимовни республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод қилди ва бу лавозимга Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Ермек Сагимбаевни тайинлади.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат раҳбарининг фармони билан Масимов Карим Казжимканович Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди”, дейилади ҳужжатда.
Ўша куни Тўқаев Сагимбаевни Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари лавозимидан бўшатиб, МХҚ раиси этиб тайинлади.
Ермек Сагимбаев 1967 йил 11 октябрда Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида туғилган.
У 1985-1987 йилларда СССР Қуролли Кучларида хизмат қилган.
1994-2006 йилларда миллий хавфсизлик органларида офицерлик лавозимларида ишлаган.
2006 йил май ойида у Қозоғистон Республикаси Президенти қўриқлаш хизматининг шахсий таркибига қабул қилинган.
2006-2019 йилларда Президент қўриқлаш хизматида офицерлик ва раҳбарлик лавозимларида, шунингдек, тезкор таъминлаш бўлинмаларида хизмат қилган.
2019 йилнинг май ойида у Давлат қўриқлаш хизмати раҳбарининг ўринбосари – Президент хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланган эди.
2021 йил июль ойида Қозоғистон Республикаси Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаган.
2021 йил августидан Қозоғистон Республикаси Давлат қўриқлаш хизматини бошқариб келган.
2020 йилда Генерал-майор унвонини олган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь