Расман: КХШТ Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни киритади
Олам
−
06 Январь 2022
21157Қозоғистонда давом этаётган норозилик намойишлари дақиқа сайин жиддий тус олмоқда. Намойишчилар ва ҳарбийлар орасида қурбонлар ҳамда жароҳатланганлар бор.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритади. Бу ҳақда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси – Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг баёнотида айтилган.
“Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевҳнинг мурожаати муносабати билан ҳамда Қозоғистон Республикасининг миллий хавфсизлиги ва суверенитетига, хусусан, ташқи аралашув натижасида юзага келган таҳдидни ҳисобга олиб, КХШТ Коллективи Хавфсизлик Кенгаши Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг 4-моддасига мувофиқ, ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучларини чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юборишга қарор қилди”, дейилади баёнотда.
5 январдан 6 январга ўтар кечаси Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида Хавфсизлик кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатдаги инқирозли вазият таҳлил қилинди.
Қозоғистон президенти Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан ёрдам сўради. Тўқаев террорчилик таҳдидини бартараф этишда ёрдам сўраб, КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига мурожаат қилди.
"КХШТга мурожаат қилиш ўринли ва бунинг вақти келди, деб ҳисоблайман", дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.
У мамлакатдаги нотинчликни террорчилик таҳдидига қиёслади.
Унинг сўзларига кўра, "террорчи тўдалар" мамлакатдаги йирик инфратузилма объектларини ўз назоратига олмоқда.
Маълумот учун, КХШТга Беларусь, Россия, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон аъзо.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Эрмек Сагимбаев эгаллади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
LiveБарчаси