Намойишлар ортидан Назарбоев истеъфога чиқди
Олам
−
05 Январь 2022
20173Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Бу ҳақда мамлакатнинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев телевидение орқали мурожаатида маълум қилди.
Таъкидланишича, энди Тўқаевнинг ўзи мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллади. Ушбу лавозимда 2019 йил мартдан буён Элбоши Нурсултон Назарбоев фаолият юритиб келаётган эди.
Маълумот ўрнида, Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев 2019 йилнинг 20 мартида президентликдан кетган, бироқ Хавфсизлик кенгаши раҳбари ва ҳокимиятдаги “Nur Otan” партияси етакчиси лавозимларини сақлаб қолганди. Ўтган йил апрелида Назарбоев Қозоғистон Халқ Ассамблеяси раислиги лавозимини тарк этиш ва бу ваколатларни республиканинг амалдаги раҳбарига ўтказиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди, бироқ у органнинг фахрий раиси сифатида қолди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
LiveБарчаси