Ваъдага вафо қилинмади. Қозоғистонда 200 дан ортиқ киши қўлга олинди
Олам
−
05 Январь 2022
30368Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.
“Жамият хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари томонидан жамоат тартибини бузиш ҳолатларига чек қўйиш ва ҳуқуқбузарларни қўлга олиш бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида ички ишлар органларининг 95 нафар ходими тан жароҳати олди. 37 та хизмат автомашинасига зарар етказилди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, давлат органлари ходимларига нисбатан зўравонлик, безорилик, давлат биноларига ҳужум қилишга доир 13 та ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
“Жамоат тартибини бузган 200 дан ортиқ шахс қўлга олинди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, Олма-ота, Чимкент ва Тараз шаҳарларида ноқонуний ҳаракатлар иштирокчилари томонидан маҳаллий маъмуриятларга ҳужум уюштиришга уринишлари ҳақида маълум қилган.
Аввалроқ, Ҳукумат истеъфосини қабул қилган мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига айбдорларни ҳам маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Қозоғистон Президенти Матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари бугун, 5 январь куни “мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият” мавзусида ишчи учрашув ўтказади.
LiveБарчаси