Қозоғистон Ҳукумати истеъфога чиқди

Олам 18082
image

Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган қарорида айтилади. 

"Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддасига мувофиқ қарор қиламан: Қозоғистон Республикаси ҳукумати истеъфосини қабул қилсин. Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг вазифалари вақтинча Алихан Асханович Смаиловга юклансин", дейилади ҳужжатда. 

Шунингдек, ҳукумат аъзолари Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажаришда давом этиши қайд этилган. 

Ҳозирда Смоилов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб турибди. Аввалги ҳукумат таркиби ўтган йилнинг январь ойида парламент – республика парламентининг қуйи палатасига сайловлардан сўнг тасдиқланган эди.  Шу билан бирга, Асқар Мамин Вазирлар Маҳкамаси раҳбари этиб қайта тайинланди. У бу лавозимда 2019 йилнинг февраль ойидан бери ишлаб келаётган эди. 

Давлат котиби

Тўқаев 5 январга ўтар кечаси Қримбек Кушербаевни давлат котиби лавозимидан озод қилди ва бу лавозимга унинг собиқ ёрдамчиси Ерлан Каринни тайинлади. 

“Карин Ерлан Тинимбаюли Қозоғистон Республикаси Давлат котиби этиб тайинлансин, у Қозоғистон Республикаси Президенти ёрдамчиси лавозимидан озод қилинсин”,  дейилади Президент фармонида. 

Ерлан Карин 1976 йилда туғилган. У 2020 йил июль ойидан Президент ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган, бунгача эса давлат раҳбари маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. 

Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Қозоғистон Президенти ўз маъмуриятининг собиқ ўринбосари Мурат Нуртлеуни республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади. 

“Давлат раҳбарининг фармони билан Нуртлеу Мурат Абугалиевич Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди”, дейилади Президент фармонида. 

45 ёшли Нуртлеу турли йилларда Қозоғистон Президентининг ёрдамчиси, Қозоғистоннинг Финляндия ва Эстониядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилган.  

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.

Қозоғистон Президенти Матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари бугун, 5 январь куни “мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият” мавзусида ишчи учрашув ўтказади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 490
Рейтинг: 3
t
×