Навбатдаги тайинлов. Қозоғистонда вазир агентлик раиси бўлди
Олам
−
06 Январь 2022
7200Қозоғистонда Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси Қайрат Неъматович Келимбетов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар бермоқда.
Қайрат Келимбетов 2002–2006 йилларда Қозоғистон иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, 2008 йилда Президент Администрациясини бошқарган. 2011 йилда Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири, 2012 йилдан бош вазир ўринбосари, 2013-2015 йилларда Қозоғистон Миллий банки (Марказий банк) раиси лавозимида фаолият юритган.
Айни вақтда Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси лавозимга Асет Иргалиев тайинланган. У тайинловга қадар Миллий иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаган.
Шунингдек, Айткурман Омарбеков Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари – Махсус кучлар қўмондони вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Илгари бу лавозимда Ардақ Ашимбекули эгаллаб келган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Президент Сакен Исабековни Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь