Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Олам

image

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда кеча 5 январь куни кечаси “Мир-24” телеканали хабар берди. 

Кеча куннинг биринчи ярмида Президент Қосим-Жомарт Тўқеав Манғистау ва Олма-Ота вилоятлари, шунингдек, Олма-Ота ва Нур-Султонда икки ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий қилган эди. Фавқулодда ҳолат 5 январдан 19 январгача давом этиши белгиланган. 

Фавқулодда ҳолат бутун мамлакат бўйлаб 19 январга қадар амал қилади. Бошқа вилоятларда ҳам ички ишлар бўлимлари бошлиқлари комендантликни эгаллаганига айтилмоқда. 

Қайд этилишича, фавқулодда ҳолат ҳаракат эркинлиги, жумладан, транспорт чекловларини ҳам назарда тутади. Фуқароларга йиғилишлар ва оммавий тадбирларни, шу жумладан туғилиш, никоҳ тўйи ёки ўлим билан боғлиқ оилавий маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.  Соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати мавжуд. 

Қозоғистоннинг қатор вилоятларида тартибсизликлар давом этмоқда. 

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Эрмек Сагимбаев эгаллади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Фавқулодда ҳолат Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

334

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг