Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуддаги ишларга кимлар жалб қилинади?
Жамият
−
22 Октябрь 2022
7777Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуддаги ишларга 18 ёшга тўлган, билими, малакаси ва соғлиғи ҳолатига кўра меҳнат қилишга қодир бўлган шахслар жалб этилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 14 октябрь куни қабул қилинган “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қуйидаги шахсларни жалб этиш тақиқланади:
• биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар;
• меҳнатга лаёқатсиз шахслар;
• ҳомиладор аёллар;
• биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган шахслар;
• 12 ёшгача бўлган боланинг ота-онасидан бири ёки васийси;
• 35 ёшгача бўлган аёллар, агар ишлар ионлаштирувчи нурланиш хавфи зонасида амалга оширилса.
Иш берувчи ой якунида (меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаган ёки бекор қилинган кунда) амалда бажарилган иш учун ташкилотдаги амалдаги ставкалар ва лавозим маошларидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи тўлайди.
Жабрланганлар учун зарур ёрдамга қуйидагилар киради:
• вақтинча яшаб туриш учун турар жойлар билан таъминлаш;
• кунига уч маҳал иссиқ овқат, ичимлик сув, кийим-кечак (совуқ мавсумда – иссиқ кийим), ёқилғи билан таъминлаш;
• тиббий ёрдам, реабилитация ёрдами;
• фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда фаолияти чекланиши туфайли даромади йўқолган тақдирда, энг зарур товарлар билан таъминлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш;
• вақтинчалик ишга жойлашишга кўмаклашиш.
Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида ёки бундай ҳолатларни йўқ қилиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш чоралари қўлланилиши сабабли етказилган зарарлар қопланиши лозим.
Жабрланганларнинг мол-мулки тегишли хавф бўйича суғурта қилинган ҳолатларда уларга етказилган зарар тегишли суғурта ташкилотлари томонидан қопланади.
Ҳужжат билан қуйидаги масалаларни тартибга солувчи низомлар тасдиқланган:
• фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлаш учун банд бўлмаган аҳолини жалб этиш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;
• фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда жабрланган шахсларга зарур ёрдам кўрсатиш ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
• фавқулодда ҳолатни таъминлашда (сақлаб туришда) иштирок этган шахсларни ҳисобга олиш, шунингдек, мазкур шахсларга нисбатан қўшимча кафолатлар ва компенсацияларни қўллаш;
• фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда халқаро инсонпарварлик ёрдамини амалга ошириш.
LiveБарчаси