Қозоғистондаги тўпалонда қанча одам ўлди? Ҳукумат қурбонларнинг аниқ сонини яширяпти
Олам
−
18 Январь 2022
10214Қозоғистонда январь намойишлари чоғида 177 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Азҳар Гиният маълум қилди.
“Бугунги кунда тиббиёт ташкилотларида вафот этганлар сони 177 нафарни ташкил этмоқда. Охирги уч кун давомида реанимацияда ётган икки бемор – уларнинг аҳволи ёмонлашди, улар вафот этди. Митинг иштирокчиси бўлган бир ҳомиладор аёл митинг чоғида жабр кўргани, Талгар марказий туман шифохонасига ётқизилгани, аҳволи барқарор, шифокорлар уни сақлаб қолгани ҳақида маълумотларга эгамиз. Олма-отада 5 ва 12 ёшли икки бола вафот этгани ҳақида далиллар бор”, дейди Азҳар Гиният матбуот анжуманида.
Ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармаларининг тезкор маълумотларига кўра, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилганидан буён ва ундан кейин содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида жароҳатланганларнинг 2739 нафари тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, айни пайтда 200 нафар фуқаро стационар шароитда даволанмоқда.
“Одамлар шифохонага ётқизилиб, тузалиб, келажакда амбулатор даволанишга юборилади. Реанимация бўлимларида 14 нафар бемор оғир аҳволда, улардан 4 нафари Олма-отада, 1 нафари Олмаота вилоятида, 5 нафари Қизилўрда вилоятида”, деб қўшимча қилди вазир.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазири бирган маълумотлар бундан икки кун аввал, 16 январь куни Бош прокуратура томонидан тарқатилган ахборотга мос келмаяпти. Бош прокуратурага кўра, тартибсизликларда 4,5 мингдан ортиқ одам жабрланган, 225 кишининг жасади моргларга олиб борилган.
“Ҳозирги кунга қадар 4 578 нафар жабрланувчининг шахси аниқланган, улардан 4 353 нафари жароҳатланган, шу жумладан 3393 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларидир. Фавқулодда ҳолат даврида 225 нафар ўлик мамлакат ўликхоналарига етказилди”, деган эди БП Жиноий тергов хизмати бошлиғи Серик Шалабаев.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Қозоғистон январь фожиалари бўйича шаффоф тергов ўтказиши, қурбонлик сонини яширмай, камайтирмай очиқлаши ва ноҳақ қамалганларни озод этиши, қамоқхоналарда маҳбусларга нисбатан қийноқларнинг олдини олиши шарт. Ҳозиргача халқаро ҳамжамият Қозоғистон фожиасида қурбон бўлганлар бўйича Ҳукумат бераётган статистикага ишончсизлик билан қараб келмоқда.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади.
Ҳозиргача Беларусь, Арманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси