Тўқаев давлат хавфсизлик хизматига янги раҳбар тайинлади
Олам
−
06 Январь 2022
12102Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сакен Исабековни Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари Матбуот хизматига таяниб хабар қилинган.
“Исабеков Сакен Саинович Қозоғистон Республикаси давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлансин”, дейилади фармон матнида.
Олдин Исабеков Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари — Президент хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимларида ишлаган. Давлат қўриқлаш хизматининг собиқ раҳбари Ермек Сагимбаев кеча, 5 январь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг вазифалари вақтинча Алихан Асханович Смаиловга юклатилди. Қримбек Кушербаев давлат котиби лавозимидан озод қилинди ва бу лавозимга унинг собиқ ёрдамчиси Ерлан Карин тайинланди. Шунингдек, Қозоғистон Президенти ўз маъмуриятининг собиқ ўринбосари Мурат Нуртлеуни Республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади. Тўқаев Карим Масимовни республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан озод қилди ва бу лавозимга Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Ермек Сагимбаевни тайинлади. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси