Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилган. 

Шунингдек, минтақадаги вазият, шу жумладан қўшни Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан ҳам фикр алмашган.

“Икки мамлакат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдилар”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган эди.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Президент Сакен Исабековни Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг