Ҳафтанинг шоҳ ва мотлари ёхуд ўйин ичидаги ўйин

Таҳлил 15391

Ҳаётимизнинг ўзи шахмат столига ўхшайди. Унда кимдир шоҳ, кимдир мот бўлишга маҳкум. Доналар қайта терилганда эса ҳаммаси ўз ҳолига қайтади – пиёда пиёдлигича, амалдор амалдорлигича қолади. Ўйин завқи ким қанча донани ағдаришида ёки ким шоҳ, ким мот бўлишида эмас. Оқнинг ўрнини қора, қоранинг ўрнини оқ олишида. Бу шахмат тахтасига кўчган азалий кураш, жонли фалсафа. Ўтган шанбадан шанбагача, етти кун ичида содир бўлган воқеаларнинг таҳлили билан қаршингизда Қамариддин Шайхов. 

Шахмат столида қандай юриш қилиш, ўйин ҳалол бўлиши, албатта, томонларга, инсон омилига боғлиқ. Ҳар қандай ўйинда ғирромлик бўлганидек, шахматда ҳам баъзан ғирромлик қилиб турилади. Аммо бу учун ўта айёр бўлиш керак. Майли, бунча ақллилик қилдинг, деманг. Таҳлилларга ўтай. 

Хайр, Комилов!

Ўзбекистонда суд ҳокимиятидан норозилар кўплиги, уни таги билан ислоҳ қилиш кераклиги, одамлар суддан адолат топмай қўйгани анчадан буён гапириб келинади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилдан бери деярли ҳар бир чиқишида судларга ислоҳот зарурлигини бот-бот такрорларди. Бу ҳафта гаплар амалга кўчиб, кутилган ислоҳот учун катта қадам ташлангандек бўлди. 

2017 йилнинг май ойигача Олий хўжалик судида раислик қилиб, сўнгги олти йилда Олий судни бошқарган Козимжон Комилов 10 август куни лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Исломов келди. Очиғи, Исломовнинг ушбу лавозимга тайинланиши ҳуқуқ фаоллари бўладими ё адвокатлар, кўпчилик томонидан илиқ қаршиланди. 

Энди масаланинг бошқа томонларига тўхталсак: қизиғи шундаки, Комилов ҳали лавозимидан озод этилмай туриб, жамоатчилик орасида ва ОАВда унинг кетгани ҳақида ахборотлар эълон қилина бошлади. Орадан бир неча соат ўтиб, Олий Мажлис Сенатининг 30-ялпи мажлиси фавқулодда ўтказилди. Фавқулодда дейишимизнинг сабаби бор. Боиси ўтган ҳафтанинг 4-5 август кунлари Сенатнинг 29-ялпи мажлиси бўлиб ўтганди. Одатда Сенат икки-уч кун оралатиб ялпи мажлис қилмайди. Қолаверса, ушбу мажлисда фақат Комиловнинг кетиши масаласи кўрилган. Ҳа шунақа дарди бор экан, нега Сенатнинг 29-ялпи мажлисининг ўзида шу масалани кўриб қўя қолмадинглар? 

Президент Комиловнинг, жумладан яна 6 кишининг номзодини Конституциявий суд судьяси лавозимига кўрсатди.

Хўш, Комилов нега бир йўла нафақага чиқиб қўя қолмади? Унинг Олий суд раиси лавозимида ишлашга дош бермайдиган саломатлиги Конституцион судда ишлашга чидамлими? Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Комиловнинг саломатлигидаги муаммо унинг ишдан кетишигача олиб борадиган даражада жиддий экан, нега у икки ой аввал номзоди яна беш йилга Олий суд раислигига кўриб чиқилаётган вақтда буни рад этмади? Ҳозирча бу саволлар ёпиқлигича қолмоқда.

Ҳа, бу орада Президент Администрацияси раиси Сардор Умурзоқов суд-ҳуқуқ соҳасидан кўнгли тўлмаётган кўринади. Боиси у Бахтиёр Исломовни Олий суд жамоасига таништириш чоғида жуда кескин ва танқидий йиғилиш ўтказган. Бу ҳақда хабар берган Комил Алламжоновнинг айтишича, “бугун кенг жамоатчиликнинг аксарияти суд тизимидан мутлақо норози”.

Ортиқхўжаевга навбатдаги ҳайфсан

От тепкисини от кўтаради деганларидек, шахмат столида ҳам пиёданинг кучи филга етмайди. Аммо фил ҳам ўта дахлсиз эмас. У ҳам қачондир четга суриб қўйилади. Ўзимча шахматни ўрганиб олиб, энди сизга ўратишимни қаранг. Ҳамма ўзини ишини қилсин, нима дедингиз?! 

Тугаётган ҳафта нафақат Комиловнинг ишдан олиниши, балки 2018 йилнинг апрелидан буён Тошкент шаҳар ҳокими бўлиб ишлаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳайфсан олиши билан ҳам ёдда қолди. 

Гап шундаки, Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 101 туп дарахтнинг илдиз қисми шикастланган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 420 миллион 450 минг сўм зарар етган.

Экоқўмитага кўра, мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган. Мутахассисларнинг айтишича, дарахтларга ўсишдан тўхтайдиган даражада зарар етган ва беш йил ичида улар қуриши хавфи бор. 

Шунча дарахтга зарар етгани ҳақидаги хабарлар Президентгача етиб борди ва унинг топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва пойтахт прокурори Улуғбек Қосимовга ҳайфсан берилди. Дарвоқе, бу Ортиқхўжаевнинг биринчи ҳайфсани эмас. Унга 2020 йилнинг июль ойида ҳам ҳайфсан берилган. 

Шу ўринда бир савол туғилади: нега туман ҳокими ва прокурори ишдан олиндию, бошқалар ҳайфсан билан қутулиб қолди? Ахир ўзбекчилигимизда каттанинг айтганини кичиклар – у тўғрими, йўқми деган саволни бериб ўтирмай, бажаради-ку. Филология фанлари доктори – эколог журналист Наргис Қосимовага кўра, Ўзбекистонда дарахткушликка нисбатан жазоларни кучайтириш керак. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимига ҳам бундан оғирроқ чора кўрилиши керак эди. 

101 дарахтга шикаст етказилиши бўйича Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шу ўринда масаланинг яна бошқа жиҳати ҳам бор. Хўш, Чилонзор туманида қурилиш-реконструция ишларини олиб борган корхона қайси? Нега уларнинг номи очиқланмаяпти? Дарахтларга шикаст етказган бевосита улар эмасми? Хўш, бу корхона кимга тегишли? Расмий маълумотларда бу ҳақда сўз бормаяпти. 

Бу ҳафта илмнинг қадри ошди

Дарахтлар ва ҳокимлар, прокурорлар, судлар ва амалдорлардан сал чекинсак. Ҳар ҳолда охирги йилларда ёшларнинг амал курсисига қизиқиши анча сусайган. Бундан 10-15 йиллар аввал кимни қараманг ўғлини “юридический”га, академияга, “нархоз”га, молияга киритган бўлса, бугун ҳамма фарзанди улғаймасидан порага бермоқчи бўлган пулини унинг қизиқишларига, илмига тикяпти. Казо-казо олийгоҳларни битириб, бўш мия, чанг босган диплом ва прокуратурада ишлаш орзусини “кира”кратурага алмашганлар озми?! 

Бу ҳафта илмнинг қадри ошди. Бешовлон – Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, мамлакат тарихида биринчи марта олтин медаль ва кўчма кубок соҳибига айланди. Ўша куни ўзбекистонликларнинг қувончи ичига сиғмади, жумладан Президент Мирзиёевнинг ҳам. У шу куни чемпионларга қўнғироқ қилиб, уларни бирма-бир муборакбод этди

Чемпионлар Тошкентда катта тантана билан кутиб олинди. Уларнинг ҳар бирига 600 миллион сўмдан пул мукофоти, “Ўзбекистон ифтихори” унвони ва Equinox автомобили берилди

“Замҳоким”нинг ўғли нега 4 ойга қамалди?

Яхши фарзанд умрни узайтиради, ёмони... Гап шундаки, 11 август куни Олий суд Андижонда жинсий зўровонлик қурбони бўлган 14 яшар қиз ишини кассация тартибида кўриб чиқиб, шу пайтгача чиқарилган барча даражадаги суд ҳукмларини бекор қилди.

Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосарининг ўғли ва унинг шериги вояга етмаган қизга бузуқ ҳаракат қилган. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Суднинг ўтган йил 30 августдаги ҳукмига кўра, йигитларга 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Жиноят иши 2021 йил 9 декабрда Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистонда нафақат “замҳоким”ларнинг ўғлига балки, уларнинг ўзига ҳам жиноят иши очиляпти. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

“Причём тут Абдуллаев?”

Юқорида кичик ходимнинг ўзидан ҳам ёши, ҳам мавқеи катта лавозимдаги раҳбарга сўзсиз бўйсуниши ёзилмаган қоида эканини айтгандим. Бунинг ичига итоат ва садоқатни, ҳар қандай ҳақоратга бардошли бўлишни ҳам қўшиб қўйсангиз, бир кун яраб қолади. Давлат идораларида ишлайдиганларнинг баъзилари шундан нолиб қолади бизга. Инкор қилишга шошилманг. Ўзингиз ҳокимларнинг ходимларини қандай ҳақорат қилиб мажлис қилаётганини эшитгансиз.

Ҳозир гап бу ҳақида эмас. Гап Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳақида. Қўмита раиси Обломуродовнинг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Бунёд Абдуллаев яна лавомизидан кетди. Яна деганимнинг сабаби бор. У 2021 йилнинг февралида ҳам босимлар ортидан ишдан кетиб, 2022 йилнинг январида яна қайта тикланган эди. 

QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, Абдуллаевнинг лавозимидан озод этилишига Чилонзор туманидаги дарахтлар қирғини билан боғлиқ ҳодиса сабаб бўлган. У дарахтларга зарар етказилгани жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда катта муҳокамалар келтириб чиқаргани ортидан ишдан бўшатилган. 

Бунёд Абдуллаевнинг бизга айтишича, у ўзи ариза ёзган. Чилонзордаги дарахткушлик борасида жамоатчилик муҳокамасини, Экология қўмитасига эътирозларни тўхтатиб қололмагани раҳбариятнинг ғазабига сабаб бўлганмиш. 

“Мен бундай ҳақоратлардан кейин бу жойда ишлай олмасдим”, дейди ариза ёзган Абдуллаев. 

Ўлдинг – азиз бўлдинг

Фарғона нефтни ишлаш заводида эса ишдан бўшатилгани учун ўз устига бензин тўкиб, сўнг гугурт чаққан ва оғир куйиш жароҳатларини олган Санобархон Хайдарова энди орамизда йўқ. У 8 кун, 10 августгача шифохонада жон талвасида ётди ва вафот этди. Жасад суд-тиббий экспертизаси текширувига юборилди. 

Қайд этилишича, завод ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси марҳуманинг дафн-маърака маросимлари харажатларини тўлиқ қоплаши, оила аъзоларига, энг кам иш хақининг 4 баробари миқдорида, 3 миллион 680 минг сўм моддий ёрдам ажратилиши, балоғат ёшидаги фарзандларига ўқиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун зарур моддий ёрдам ажратилишини ўз зиммасига олган. 

Ўлдинг азиз бўлдинг деганларидек, опа вафот этиб бўлгач, Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Япония ҳукумати тўлиқ истеъфо берди

Кўплаб мамлакатлар қимматчилик, инфляция, иқтисодий инқироз, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дон-дуннинг нархи ошиб бораётганида дунёнинг у ё бу чеккасида бўлаётган урушларни айблаб турган бир вақтда, Япония ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқди.

Қайд этилишича, мамлакат Бош вазири Фумио Кисида Вазирлар Маҳкамаси таркибини бутунлай ўзгартиришга қарор қилган. Бу жорий йил сентябрь ойининг бошида кутилган эди, аммо Кисида Японияда иқтисодий муаммолар кўпайиб бораётгани сабабли буни ҳозир қилишга қарор қилган. Хусусан, “янги капитализм” иқтисодий концепциясини тарғиб қилишни жадаллаштириш режалари, озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кўтарилиши ҳукумат истеъфосининг бош омили бўлган.

Ўзбекистонда давлат хизматчиларига кулгили тақиқ

Ўзбекистонда ҳам давлат хизматчилари билан боғлиқ янгиликлар йўқ эмас. Давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланди. Бу ҳақда 8 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Қонун билан давлат органларида фуқаролик ҳизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.

Давлат хизматчиси ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга, шунингдек, даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак.

Шу ўринда савол туғилади: ўзи Ўзбекистонда қайси давлат хизматчисининг хориждан ўзига тегишли ҳисобварағи ё мулки топилганди? Агар қонунга “хотини, фарзандлари ё яқин қариндошларининг” деган жумла қўшилганда эди... 

Нишон тумани ҳокими ўринбосари одам уриб юборди

Юқоридаги “замҳоким”лар масаласидаги гапим чала қолганди. 

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов хизмат автомобилида Қарши тумани “Тахтапуль” МФЙ ҳудудида йўлнинг пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойидан кесиб ўтаётган фуқарони уриб юборди. Оқибатда 49 ёшли фуқаро вафот этган. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Қочоқ Ғани ўзини “ҳамон Президентман” деяпти

Шахмат столида шоҳ ва мот бўлиши, табиий. Аммо ўйиндан қочганлар ва мағлубиятни тан олмаганлар ўзини ғолиб дейиши тушунарсиз ҳолат. Афғонистоннинг мамлакатдан қочган собиқ ва ҳозирча сўнгги Президенти Ашраф Ғани ҳамон ўзини Президент эканини иддао қиляпти. У ABN каналига берган интервьюсида Мудофаа вазирлиги, АҚШ элчихонаси ва Миллий хавфсизлик идоралари эвакуация қилинганини билгач, Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтган. 

У ҳокимиятдаги шериги ва Миллий ярашув олий кенгашининг собиқ раҳбари Абдулла Абдулла ва ҳали ҳам Қобулда бўлган собиқ Президент Ҳамид Карзайни қаттиқ танқид қилган. 

Шунингдек, “Толибон”га қуролли қаршилик кўрсатишни қўллаб-қувватламаслигини, бироқ айни пайтда “Толибон” нотўғри сиёсат юритаётганини ва ҳанузгача Покистон билан алоқадорлигини айтган. 

Ғани қанчалар ўзини Президент демасин, шу йилнинг 21 февралида БМТ уни президентлар рўйхатидан чиқариб ташлади.

Уйи тинтув қилинган Трамп

Ҳокимиятдан кетиши қийин бўлаётган бир Ғани эмас. АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ҳам курсисига шу қадар ёпишиб олгандики, оқибатда уни Оқ уйдан улоқтиришларига оз олди. Орадан шунча вақт ўтса ҳам унинг алами тингани йўқ. Тугаётган ҳафтада Федерал қидирув бюроси ходимлари унинг Флоридадаги қароргоҳига бостириб кириб, тинтув ўтказди ва ядровий қуролга оид махфий ҳужжатларни қидирди. Бироқ, бу ҳужжатлар топилганми ё йўқ, бу ҳақдаги маълумотлар махфийлигича қолмоқда. 

Маҳаллий матбуотга кўра, тинтув амалдаги расмийларнинг махфий маълумотлардан чуқур ташвишланаётганидан далолат беради, уларнинг фикрича, ҳужжатлар нотўғри қўлларга тушиб қолиши мумкин.

Украина урушига даъват қилинаётган Ўзбекистон

Россиянинг Пермь шаҳридаги “Марказий Осиё Пермь ўлкаси ўзбеклари жамияти” ҳудудий жамоат ташкилоти бошқаруви раиси Жаҳонгир Жалолов ватандошларни расмий Москвага ёрдам бериш учун Украинадаги урушга жалб қилиб, батальон тузиш ва унинг номини “Амир Темур” деб номлаш таклифи билан чиқди. 

Ҳолатга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қолиб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати изоҳ берди, мамлакат фуқароларидан бундай даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслик сўралди.

Айтилишича, Жиноят кодексининг 154-1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам ҳолат бўйича муносабат билдириб, мамлакат фуқаролари хорижий давлатнинг ҳарбий ёки хавфсизлик хизматларига ёллангани учун уни фуқароликдан маҳрум қилиш тартибини жорий этиш режалаштирилаётганини айтиб чиқди

Умуман олганда, шу кунларда Россиянинг Украинадаги урушига постсовет мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонни ҳам жалб қилиш масаласи ҳақида овозлар баландроқ эшитила бошлади. Россия Федерацияси парламенти қуйи палатаси депутати Евгений Фёдоров “Говорит Москва” радиоси билан суҳбатда Пермда ўзбеклар батальонини тузиш бўйича таклифни қўллаб-қувватлашини айтди. 

“Ўзбекистон ҳам бу операцияни халқаро нуқтаи назардан ўзиники сифатида тан олиши учун у билан иш олиб боришимиз лозим. Улар кўнгиллилар. Улар Россиянинг қаҳрамонлари. Тошкентда туғилганининг фарқи йўқ. Агар сиз Ватан учун курашсангиз, Россия қаҳрамони бўлишингиз мумкин. Конституцияга кўра, Россия Совет Иттифоқининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади”, дейди депутат. 

Россия ва АҚШда ўзбекистонликлар терроризмда айбланди

Бу орада Россия Федерацияси Новосибирск шаҳридаги Биринчи Шарқий округ ҳарбий суди ўзбекистонлик шахсни “Ал-Қоида” террористик ташкилоти ячейкаси бўлган “Содиқлар” ташкилотини ташкил этишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

У ноқонуний қуролли гуруҳ ташкил этиш ҳамда террорчилик ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш ва унда иштирок этиш моддалари бўйича судланган.

ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” террорчилик ташкилотига моддий ёрдам беришда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси Дилшод Ҳусанов эса АҚШнинг Бруклин федерал судида 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Судья Ҳусановни Чикагода яшаб келган ўзбекистонлик террорчиларга ёрдам беришда айбдор деб топган. Айбланувчи 2021 йил октябрь ойида ўзига қўйилган айбни тан олган.

Суд материалига кўра, Ҳусанов 2014-2015 йилларда ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” сафига қўшилиб, жанг қилиш истагидагиларни Сурияга йўллаш учун пул йиғадиган молиявий тармоқ аъзоси бўлган. Молиявий тармоқ “чойхона” деб аталган. У молиявий ёрдам кўрсатиш билан чекланмай, атрофидагиларни Сурияда жанг қилишга даъват қилгани айтилмоқда.

Ҳусанов жазо муддатини ўтаб бўлгач, Ўзбекистонга депортация қилинади.

“Асалҳоней”нинг қотилига ҳукм ўқилди

“Асалҳоней” номи билан танилган аёл Асал Хўжаеванинг қотили 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. 

Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни соат Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилганди.

Еб қўйилган оққуш

Ўзбекистонда одамлар нафақат дарахтларни йўқ қиляпти, балки ҳеч кимга озори тегмаётган қушларни ҳам сўйиб емоқда. Тошкентда оила истироҳат боғидан учиб чиққан оққушни ушлаб, еб қўйди. Жониворни 13 яшар бола сўйган

Гап шундаки, Central Park боғидаги оққуш тўсиқдан ошиб, катта йўлга чиқиб кетган. Уни ушлаб олган фуқаро оққушни уйига олиб кетган. Қушни фуқаронинг 13 яшар ўғли сўйган ва оила шу куни кечки овқатга барра сўйилган оққуш гўштини еган.

Фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида, яъни 600 минг сўм жарима солинган.

Назарбоев масжиди

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди. Янги масжид 30 минг кишини сиғдира олади. Масжид минораларининг баландлиги 130 метрга этади. Майдони 68 минг кв метрдан ортиқ. Қибла деворини қуришда 25 миллион кристалл ишлатилган, девор баландлиги 22 метрдан ортиқ, узунлиги 100 метр. 

Қизиқ тарафи шундаки, Марказий Осиёдаги энг катта масжид дейилаётган ушбу янги иншоотни Қозоғистон Президент Қосим-Жомарт Тўқаев эмас, балки биринчи Президент Нурсултон Назарбоев очиб берган. Қайд этилишича, у 2019 йилнинг март ойида, давлат раҳбари лавозимидан истеъфога чиқишидан бир кун аввал ушбу масжидга тамал тошини қўйган. 

Назарбоевга кўра, масжид хайрия ва инвесторлар маблағи эвазига қурилган. Қурилиш жараёнида бир танга ҳам давлат маблағи сарфланмаган. Очилиш маросимидан сўнг Назарбоев бошқа қўшни мамлакатлардан келган диний уламолар билан, жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Нуриддин Холиқназаров билан учрашган

Қамариддин Шайхов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 149
Рейтинг: 3.1
t
×