ФҚБ Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида тинтув ўтказди
Олам
−
09 Август 2022
7922АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Федерал қидирув бюроси ходимлари унинг қароргоҳига бостириб кириб, тинтув ўтказганини айтди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри ёзмоқда.
“Бизнинг халқимиз учун қоронғу даврлар бошланди. Менинг Флоридадаги гўзал уйим Мар-а-Лаго ҳозирда ФҚБ ходимлари томонидан қамалга олинган”, дейди Трамп.
Собиқ Президентнинг сўзларига кўра, тинтувлар давомида ФҚБ ходимлари унинг сейфини бузиб кирган.
“Бу ҳуқуқ-тартибот органларининг нотўғри хатти-ҳаракати, суд тизимини қуролга айлантириш ва 2024 йилда Президентликка номзод бўлишимни истамаётган сўл демократларнинг ҳужуми”, дейди у.
Қайд этилишича, Федерал қидирув бюроси собиқ Президентнинг уйида тинтув ўтказилгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган ва тинтувнинг мумкин бўлган сабабларига изоҳ бермаган. Бироқ, Америка матбуоти терговга яқин манбаларга таяниб, суд Трамп Оқ уйни тарк этганда ўзи билан олиб кетган махфий ҳужжатлар сабаб тинтувга рухсат бергани ҳақида ёзмоқда.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг февраль ойида мамлакат Миллий архиви Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳидан 15 қути ҳужжатларнинг мусодара қилинганини тасдиқлаган. Улар орасида Трампнинг Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан ёзишмалари, шунингдек Трампдан олдинги Президент Барак Обаманинг Овал кабинетда қолдирган мактуби бор эди.
Қонунга кўра, Президентлик муддати тугагандан сўнг ҳужжатлар Миллий архивга топширилиши керак.