“Причём тут Абдуллаев?”. Чилонзордаги дарахткушлик калтаги Экоқўмита матбуот котиби бошида синди

Жамият

image
Алдаётган ким? Агроном 100 та эмас, 9 та дарахт зарарланганини иддао қиляпти north_east

Алдаётган ким? Агроном 100 та эмас, 9 та дарахт зарарланганини иддао қиляпти

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – Ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев яна лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар қолдирди. 

“Бугун Экология қўмитаси матбуот хизматидаги фаолиятим ниҳоясига етди. Барчага раҳмат. Юртимиз яшил маконга айланаверсин”, деб ёзган Абдуллаев ўзининг Facebook’даги саҳифасида. 

QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, Абдуллаевнинг лавозимидан озод этилишига Чилонзор туманидаги дарахтлар қирғини билан боғлиқ ҳодиса сабаб бўлган. У дарахтларга зарар етказилгани жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда катта муҳокамалар келтириб чиқаргани ортидан ишдан бўшатилган. 

QALAMPIR.UZ Бунёд Абдуллаев билан боғланиб, бу сафар ишдан кетишига нима сабаб бўлганини аниқлашга уринди. 

“Кетганим рост. Ҳозир охирги расмиятчилик ишлари билан бандман. Гўё Чилонзордаги воқеада жамоатчиликнинг муҳокамасини, Экология қўмитасига эътирозларини тўхтатиб қололмаганмишман. Раис хонасига чақириб, оғир гаплар айтди. Чиқибоқ, ўз хоҳишимга кўра ишдан бўшатишини сўраб ариза ёздим. Мен бундай ҳақоратлардан кейин бу жойда ишлай олмасдим”, дейди Бунёд Абдуллаев. 

Гап шундаки, бу Абдуллаевнинг биринчи марта лавозимидан озод этилиши эмас. У 2021 йилнинг февралида ҳам босимлар ортидан ишдан бўшатилган эди. Орадан сал кам бир йилга яқин вақт ўтиб, 2022 йилнинг январь ойида яна Қўмита Ахборот хизмати раҳбари лавозимига тайинланди. 

2021 йилнинг 10 февраль куни Бунёд Абдуллаев Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигидаги йиғилишда қўмитанинг 6 нафар раҳбар ходими ишдан олиниши ва улар орасида ўзи ҳам айтилгани ҳақида маълум қилганди.

Ўшанда Экология қўмитаси матбуот котиби ишдан ҳайдалишига Очилбой Раматов “штаби”дан берилган топшириқни бажаришдан бош тортганлиги сабаб бўлганлигини таъкидлаган эди. Унга Бош вазирнинг биринчи ўринбосарининг имижини тарғиб қилиш мақсадида ОАВда тарқатиш учун ҳар жума куни тасдиқланган мавзу бўйича маълумот тақдим этиш сўралган. Бунёд Абдуллаев топшириқ ёзма равишда берилсагина бажаришини айтган, лекин унга ёзма топшириқ берилмаган.

Чилонзордаги дарахткушлик

Шаҳарнинг ҳар бир ҳудуди чиройли бўлгани яхши, йўллар текис-равон бўлса, ундан ҳам зўр. Йўл қурилиши оқибатида дарахтларга зиён етказишмаса, маҳаллий аҳоли унинг соя-салқинида ўтириб, тоза ҳавосидан тўйиб нафас олса, ундан ҳам аъло. Гап шундаки, 6 август куни ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 99 туп дарахтга зарар етказилгани ва қурувчи ташкилотга 261 млн сўм жарима тайинлангани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигини келтириб чиқаргач, воқеа жойига Бош прокурор, Экология қўмитаси раиси, Тошкент шаҳар ҳокими ва Президент Администрацияси вакиллари етиб келган.

Зарар етган дарахтлар ҳақида турли маълумотлар тарқалаётган бир пайтда Давлат экология қўмитаси ҳолат юзасидан маълумот берди. Экоқўмита қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида Чилонзор кўчасидаги мавжуд жами 101 туп дарахт, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтининг илдиз қисми шикастланганини очиқлади.

Экоқўмита мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаганини маълум қилган. 

Дарахт кесилгани ҳақидаги хабарлар Президентгача етиб борди. 8 август куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида селектор йиғилиши ўтказилган. Унда куни кеча Тошкент шаҳрида рўй берган ва аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлган дарахткушлик масаласи қаттиқ танқид остига олинган.

Президент топшириғига асосан Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва прокурори Улуғбек Қосимовга ҳайфсан берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Бунёд Абдуллаев

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар