Алдаётган ким? Агроном 100 та эмас, 9 та дарахт зарарланганини иддао қиляпти
Жамият
−
09 Август 2022
8445Шаҳарнинг ҳар бир ҳудуди чиройли бўлгани яхши, йўллар текис-равон бўлса, ундан ҳам зўр. Йўл қурилиши оқибатида дарахтларга зиён етказишмаса, маҳаллий аҳоли унинг соя-салқинида ўтириб, тоза ҳавосидан тўйиб нафас олса, ундан ҳам аъло. Гап шундаки, 6 август куни ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 99 туп дарахтга зарар етказилгани ва қурувчи ташкилотга 261 млн сўм жарима тайинлангани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигини келтириб чиқаргач, воқеа жойига Бош прокурор, Экология қўмитаси раиси, Тошкент шаҳар ҳокими ва Президент Администрацияси вакиллари етиб келган.
Зарар етган дарахтлар ҳақида турли маълумотлар тарқалаётган бир пайтда Давлат экология қўмитаси ҳолат юзасидан маълумот берди. Экоқўмита қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида Чилонзор кўчасидаги мавжуд жами 101 туп дарахт, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтининг илдиз қисми шикастланганини очиқлади.
Аммо, Чилонзор туман агрономи Муҳаммаджон Турсуновнинг ҳисоб-китоблари Экоқўмитаники билан фарқ қиляпти. Агрономга кўра, ҳудудда 10 та дарахтга шикаст етган.
“100 туп дарахтга зиён етмаган. Тракторлар ишлаётганда, иш қуроллари тегиб кетган бўлиши мумкин, балки шуни ҳам ҳисоблашгандир. Лекин, 100 туп дарахтга зиён етмаган. 9 туп дарахтни томир қисми очилган. Ҳозирда томир қисмлари ёпилиб, таглари ўғит билан озиқлантирилган”, дейди Чилонзор туман агрономи.
Дастлабки ўрганишда диаметри 45 - 98 смгача бўлган 7 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилгани маълум бўлган бўлса, қўшимча ўрганиш натижасида яна 2 туп эман, жами 9 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги аниқланган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу дарахтларни сақлаб қолиш эҳтимоли хавф остида.
Қўмита дарахтларга етказилган зарарни ўрганиб, табиатга 261 млн сўм эмас, 420 миллион 450 минг сўмлик зарар етказилганини айтди.
Экоқўмита мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаганини маълум қилган. Агроном Муҳаммаджон Турсунов фаолиятининг асоси атрофни кўкаламзор бўлишига жавоб бериш эканини айтаркан, у ҳам ҳар-бир қурилиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат олиниши кераклигини урғулади.
“Аслида ҳар бир ҳудудни таъмирлашдан аввал агрономлар ва бошқа ташкилотларни хабари бўлиши керак. Лекин бу ҳолатда рухсат олинмаган ва маслаҳатлашилмаган. Шахсан ўзим ҳам ҳолатни ижтимоий тармоқлар орқали билдим ва воқеа жойига келдим”, дейди агроном.
Дарахт кесилгани ҳақидаги хабарлар Президентгача етиб борди. 8 август куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида селектор йиғилиши ўтказилган. Унда куни кеча Тошкент шаҳрида рўй берган ва аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлган дарахткушлик масаласи қаттиқ танқид остига олинган.
“Президент топшириғига асосан Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва прокурори Улуғбек Қосимовга ҳайфсан берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси