Шахматчилар 600 млн сўм, медаль ва Equinox билан мукофотланди
Спорт
−
11 Август 2022
20221Бугун, 11 август куни тунда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентга қайтди.
Чемпионларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Маданият вазири Озодбек Нарзарбеков, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда жамоатчилик вакиллари кутиб олди.
Дастлаб, Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахматчиларга йўллаган табригини тадбир қатнашчиларига ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида бирор маротаба ҳам мағлубиятга учрамасдан чемпион бўлган Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов 600 млн сўмдан пул мукофоти, Equinox автомобили ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” медали билан тақдирланди.
188 та мамлакат вакиллари иштирок этган Шахмат олимпиадасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам муносиб қатнашди ва 31-ўринни эгаллади. Шунинг учун, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Мафтуна Бобомуродова ва Афруза Ҳамдамова “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди.
Ўзбекистон термасининг Ҳиндистон-2 га қарши кечган учрашувида қаҳрамонлик кўрсатган Нодирбек Абдусатторов ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, мусобақа фаворити деб билинган Гукеш билан тўқнашув ҳаёт-мамот масаласи бўлганини алоҳида қайд этди.
“Ассалому алайкум. Бизни қўллаб-қувватлаб турган Президентимиз ва халқимизга жамоа номидан миннатдорчилик билдираман. Ишончингизни ҳар ўйинда ҳис қилиб турдик. Жамоамиз 180 дан ортиқ давлат ичида бирор марта ютқазмай, чемпион бўлди. Бу бизнинг илк ғалабамиз. Ҳеч кимдан кам эмаслигимизни исботладик. Кейинги мусобақаларда ҳам ғолиб бўлишга максимал даражада ҳаракат қиламиз. Гукеш билан баҳс ҳаёт-мамот жанги бўлди. Чунки Ҳиндистонга қарши учрашувда имкониятни бой бермасак, сўнгги турда қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар камида 3-ўринни нақд қилардик. Ғалабамга кўпчилик ишонмаганди. Кўнглимни туширмадим ва рақибнинг хатосидан унумли фойдаландим”, дейди Абдусатторов.
Ўзбекистон терма жамоасининг сардори Жаҳонгир Воҳидов тақдирлаш маросимидан кейин берган интервьюсида келгуси олимпиадада ҳам кубокни Ўзбекистонда олиб қолишлари мумкинлигини таъкидлади.
“Албатта, кейинги олимпиада баҳсларида ҳам кубокни Ўзбекистонда олиб қолишга ишонч бор. Чунки бизнинг жамоа жуда ёш ҳисобланади. Бунинг учун ўз устимизда жуда кўп ишлашимиз керак. Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти қай даражада эканини жаҳон миқёсидаги рақиблар хусусан, Америка Қўшма Штатлари билди. Эндиликда улар бизнинг камчилигимизни топишга ҳаракат қилади. 2026 йилда ўз юртимизда бўлиб ўтадиган мусобақада ҳам чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз”, деди Воҳидов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси шахмат олимпиадасида ўтказган 11 та учрашувида 19 очко тўплаган ва худди шунча очко жамғарган Арманистон терма жамоаси қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолдирилган эди. Ўзбекистоннинг бундан олдинги энг яхши натижаси 1992 йилга тўғри келди. Ўшанда ўзбекистонлик шахматчилар кумуш медалларга эга чиққан.
Маълумот учун, 2024 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтади. Ўзбекистон эса ушбу мусобақага 2026 йилда мезбонлик қилиш имкониятини қўлга киритган.