Андижонда “замҳоким”нинг “тойчоғи” 13 яшар қизга бузуқ ҳаракатлар қилди
3-саҳифа
−
23 Март 2022
34967Ижтимоий тармоқларда ҳоким ўринбосарининг ўғли вояга етмаган қиз билан ғайритабиий усулда жинсий алоқа қилгани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ'га расмий маълумот берди.
Аниқланишича, туман ҳокими ўринбосари Д.Х.нинг ўғли И.Ш. ва унинг шериги М.А. ўзаро жиноий тил бириктириб, ўтган йили 11 май куни соат тахминан 22:00 да 16 ёшга тўлмаган О.И. ни (2007 йилда туғилган) бошқарувида бўлган Nexia-3 машинасида Андижон шаҳрига олиб кетган. Пахтаобод туманига қайтишда эса машина салонида 16 ёшга тўлмаганини билган ҳолда О.И.га турли уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилган.
Мазкур ҳолат бўйича 2021 йил 11 июнда Пахтаобод туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани судининг ўтган йил 30 августдаги ҳукмига кўра, И.Ш. ва М.А. Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жиноят иши 2021 йил 9 декабрда Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур жиноят иши Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиб, апелляция инстанцияси ажрими бекор қилиниб, жиноят иши биринчи инстанция судида қайта кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилган.
Ҳозирда жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун, ЖКнинг 129-моддасига мувофиқ шахснинг 16 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш:
• 360 соатгача (илгари – 300 соатгача) мажбурий жамоат ишлари;
• ёки 1 йилдаги 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
• ёки 1 йилдан 2 йилгача (илгари – 1 йилгача) озодликни чеклаш;
• ёки 1 йилдан 2 йилгача (илгари – 1 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса:
• 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
• ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
• ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
LiveБарчаси