Давлат хизматчиларига хорижда ҳисоб очиш, кўчмас мулк олиш тақиқланди

Жамият

image

Давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланди. Бу ҳақда кеча, 8 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда белгиланди.

Қонун билан давлат органларида фуқаролик ҳизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.

Давлат фуқаролик хизматини ўташда мазкур Қонун билан тартибга солинмаган муносабатларга Меҳнат кодекси қўлланилади.

Давлат хизматчиси ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат хизмачиси даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак.

Президент томонидан тасдиқланадиган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг реестри Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади.

Давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.

Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланади.

Давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш қуйидагилардан иборат: 

•    базавий лавозим маоши;
•    кўп йиллик хизмати учун қўшимча тўлов;
•    малака даражаси учун қўшимча тўлов;
•    энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларга эришганлик учун устама;
•    ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантирувчи тўловлар.

Давлат хизматчиларига ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади.

Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг