Мен ҳали ҳам қонунан Афғонистон Президентиман – Ашраф Ғани

Олам 22396
image

Мен Конституцияга кўра Президентман ва Афғонистон халқи ҳокимиятни қонуний равишда бошқа бировга топширмагунча, мен Президент бўлиб қоламан. Бу ҳақда Афғонистоннинг қочоқ Президенти Ашраф Ғани ABN’га берган интервьюсида айтган. 

10 август куни кечқурун Ашраф Ғани қарийб 90 дақиқалик интервьюсида Мудофаа вазирлиги, АҚШ элчихонаси ва миллий хавфсизлик идоралари эвакуация қилинганини билгач, Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтган. 

2021 йилнинг август ойида Президент Ашраф Ғани Афғонистондан толиблар Қобулга киришидан аввал қочиб кетгани хабар қилинганди. “Толибон” эса Ашраф Ғанининг Афғонистонни тарк этганидан хабар топганидан кейингина, аввало Вашингтон билан маслаҳатлашганидан сўнг, Қобулга кирганини айтган. 

Ашраф Ғани ўз интервьюсида Қобулнинг қулаши олдидан АҚШнинг бир қатор истеъфодаги генераллари ва оммавий ахборот воситаларининг хабарлари афғон армиясининг руҳиятини заифлаштирганини айтади. 

У, шунингдек, унинг ҳокимиятдаги шериги ва Миллий ярашув олий кенгашининг собиқ раҳбари Абдулла Абдулла ва ҳали ҳам Қобулда бўлган собиқ Президент Ҳамид Карзайни қаттиқ танқид қилди. 

Ғани Афғонистондаги ҳукумат тизимининг заифлиги учун Абдулла Абдуллани, АҚШнинг Афғонистондаги тинчлик бўйича собиқ махсус вакили Залмай Ҳалилзодни эса “ўз-ўзига етарли бўлмаган” шахс деб атади. Ҳозирча Абдулла, Карзай ва Ҳалилзод Ғанининг сўзларига ҳеч қандай муносабат билдирмаган. 

Карзай ва Абдулла аввалроқ Ғанини Афғонистондан қочгани учун танқид қилиб, уни ҳокимият ўтказилишига путур етказаётганликда айблаган эди. 

Ашраф Ғанининг видео интервьюси эфирга узатилишидан аввал Залмай Ҳалилзод “Озодлик” радиоси афғон хизмати билан махсус суҳбатда жаноб Ғани ҳокимиятни топшириш бўйича келишувларни амалга ошира олмаганини айтди. 

Ғани “Толибон” режими ҳақида ҳам гапирди. Унинг айтишича, Толибон ҳаракатининг ҳозирги раҳбари мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода “Толибон” асосчиси мулла Муҳаммад Умарнинг таъсири ва ваколатига эга эмас. 

Аввалроқ, “Толибон” ҳукумати бош вазир ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар толиблар Ашраф Ғанини ўлдирмоқчи эмаслигини айтган эди. Бу баёнот Ғанининг ўзи агар Афғонистонни тарк этмаганида, “биринчи “Толибон” ҳукмронлиги даврида Қобулда осилган Афғонистоннинг собиқ Президенти Нажибулланинг тақдирига дучор бўлардим”, дегани билан боғлиқ ҳолда айтилган. 

Ашраф Ғани ўз интервьюсида “Толибон”га қуролли қаршилик кўрсатишни қўллаб-қувватламаслигини, бироқ айни пайтда “Толибон” нотўғри сиёсат юритаётганини ва ҳанузгача Покистон билан алоқадорлигини қўшимча қилган. 

Бунгача қатор сиёсатчилар ва оддий фуқаролар Ашраф Ғани ўз ваъдаларига зид равишда мавжуд тузумни ҳимоя қилмагани, ҳокимиятдаги коррупция ва ўзбошимчаликларнинг олдини олмагани ҳақида гапирган эди. 

Бундан ташқари,  яқинда “Wall Street” газетаси мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи қашшоқлик ва очликда яшаётган бир пайтда Афғонистоннинг собиқ ҳукумати амалдорлари, жумладан Ашраф Ғанининг ёрдамчилари Дубай ва Америкада уй сотиб олишга миллионлаб доллар сарфлагани ҳақида махсус ҳисобот чоп этган эди.  

Эслатиб ўтамиз, Ашраф Ғанининг биринчи ўринбосари Амрулло Солиҳ ўтган йилнинг 17 август куни Twitter’да ўзини президент вазифасини бажарувчи сифатида эълон қилган эди, чунки Афғонистон Конституцияси нормаларига кўра, агар Президент йўқ бўлса, қочиб кетса ёки вафот этса, биринчи ўринбосар президент вазифасини бажарувчига айланади.  

Шу йилнинг 21 февралида БМТ Ашраф Ғанини президентлар рўйхатидан чиқариб ташлади. 

Ғанининг қочиши

Маълумот учун, 2021 йил 14 апрелда АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни тўхтатишга қарор қилганини эълон қилди. Бу Америка тарихидаги энг узоқ хорижий ҳарбий кампания бўлди. Қўшма Штатлар бу урушни 2001 йил октябрь ойида бошлаган. Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йил май ойида бошланган ва сентябрь ойи бошида якунланган. АҚШнинг 2010-2013 йиллардаги амалиёти энг юқори чўққисида Афғонистондаги Ғарб кучлари сони 150 минг кишидан ошди. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар бўлинмалари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилди.

Қўшма Штатлар ўз кучларини олиб чиқиш ниятини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияни бошлади. Ўтган йилнинг 15 август куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани хорижга қочиб кетган ва “Толибон” жангсиз Қобулга кириб келган.

6 сентябрь куни “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.

 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 342
Рейтинг: 3
t
×