Тезкор: Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ўзини ёқиб юборган аёл вафот этди

Жамият

image

Бугун, 10 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ўзини ёқиб юборган бўёқчиси Санобархон Хайдарова оғир куйиш жароҳати туфайли вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га завод Матбуот хизмати маълум қилди.

Санобархон Хайдарова жорий йилнинг 2 август куни эрталаб соат 08:30 ларда заводнинг 1-секторига кириш йўлагида устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган эди. Оқибатда у куйиш тан жароҳатини олган ва завод тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиб, сўнгра корхона тез ёрдам автомашинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига ётқизилганди.

Завод вакилининг қайд этишича, тиббиёт муассасасида оғир куйиш жароҳатини олган Санобархон Хайдаровага 2 – 10 август кунлари куну тун тезкор тиббий муолажалар кўрсатилган. 

Комбустиология бўлими мудири, даволовчи врач Д.Ориповнинг маълумотига кўра, бемор алангадан (суицид) бош, юз, бўйин, қорин, иккала қўл елка, билак, кафт, бармоқ, иккала курак, иккала думба, иккала сон соҳаларининг II – III АБ даражали 70 фоиз термик куйиши; куйиш карахтлиги оғир даража; юқори нафас йўлларининг I – II даражадали термик куйиши (шундан III Б 30 фоиз), индекс: франка 140 бирлик ташхиси билан 2 август куни соат 08:50 да РШТЁИМ Фарғона филиалига олин келинган ва куйганлар бўлимига ётқизилиб, тезкор биринчи ёрдам кўрсатилган.

Таъкидланишича, Санобархон Хайдарованинг умумий аҳволи ўта оғир ҳолатда бўлган. Бемор бўлимда 8 кун мобайнида инфузион терапия, оқсил ўрнини босувчи суюқликлар, бир хил гуруҳдаги қон зардоби (синама билан), антибактериал, даво, гармонал терапия, оғриқ қолдирувчи, О2 терапия, мазли ассептик боғлам ва симптоматик терапия қилинган.

“Даволаш чораларига қарамай, 10 август куни соат 07:00 ларда беморнинг умумий аҳволи ўта оғирлашди, унда артериал қон босими ва пульс аниқланмади. Зудлик билан реанимацион чора-тадбирлар олиб борилди, юрак ёпиқ усулда тўғридан-тўғри массаж қилинди.

Юқорида кўрсатилган ёрдамларга қарамасдан беморда клиник ўлим юз берди. Реанимацион ёрдамлар қайта-қайта ўтказилган бўлса-да, соат 07:05 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди”, дейилади завод хабарида.

Бемор Санобархон Хайдарованинг ўлимига тананинг 70 фоиз II – III АБ даражали термик куйиши; куйиш касаллиги токсемия босқичи. УБЕ, УНЕ ва УЮЕ оғир даражаси сабаб бўлгани айтилмоқда.

Жасад суд-тиббий экспертиза текширувига юборилган.

“Завод ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси марҳуманинг дафн ҳамда шу билан боғлиқ маърака маросимларини ўтказиш учун барча харажатлари тўлиқ қопланиши, жамоа шартнома асосида оила аъзоларига, энг кам иш ҳақининг 4 баробари миқдорида моддий ёрдам ажратилиши, қарамоғида бўлган балоғат ёшидаги фарзандларига ўқиш ва таълим олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун зарур моддий ёрдам ажратилишини ўз зиммасига олади”, дейилади завод баёноти якунида.

Қайд этиш керакки, Санобархон Хайдарова ўз жонига қасд қилишига, унинг иш жойи ўзгартирилгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Шу билан бирга завод унинг лавозими ўз аризасига кўра, ўзгартирилганини маълум қилди.

Бош прокуратура берган маълумотга кўра, ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

472

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг