Россияда ўзбекистонлик террористик ташкилот тузишда айбланиб, умрбодга қамалди

Олам 9764
image

Россия Федерацияси Новосибирск шаҳридаги Биринчи Шарқий округ ҳарбий суди ўзбекистонлик У.О.ни “Ал-Қоида” ячейкаси бўлган “Содиқлар” ташкилотини ташкил этишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.

Қайд этилишича, У.О. ноқонуний қуролли гуруҳ ташкил этиш ҳамда террорчилик ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш ва унда иштирок этиш моддалари бўйича судланган.

Шунингдек, ушбу иш бўйича Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган фуқаролар Қ.У. ва Ш.М. судланувчи сифатида иштирок этган. Суд уларни “Содиқлар”да қатнашгани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган. Бироқ, улар ўз айбига иқрор бўлмаган.

Расмий версияга кўра, 2012 йилда ўзбекистонлик У.О. Новосибирскдаги квартираси ва кафеда яширин учрашувлар ўтказган. Учрашув иштирокчилари телефонлари доимий ўчиқ бўлган. 

Ячейка раҳбари тингловчиларни “Ал-Қоида”нинг Россиядаги вакили экани ва ташкилотга янги аъзоларни жалб қилиши лозимлигига ишонтирган. У.О. “Ал-Қоида” аъзоларини “адолат ва ислом эркинлиги ўрнатиш учун курашчилар” деб атаган ҳамда уларни молиявий қўллаб-қувватлашга чақирган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ячейка ташкилотчиси “мусулмон бўлмаган мамлакатларда мусулмонларга талон-торож қилишга, керак бўлса, одамларни ўлдиришга рухсат берилган”ини даъво қилган. Шунингдек, мусулмонлар ҳар қандай жойда ўзини портлатиб юборишга тайёр бўлиши кераклигини айтган.

У.О. 2007 йилда Чита шаҳрида Умар Ҳасанов сифатида Россия фуқаролигини олган. У Москва ва Москва вилоятида 17 та қотилликда айбланган “ГТА тўдаси” аъзоси бўлган. 2018 йилда олтита қотилликка алоқадорлиги учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2006-2007 йилларда Ўзбекистон фуқароси Россияда тақиқланган “Туркистон ислом партияси” сафида қатнашгани учун қидирувда бўлган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 359
Рейтинг: 3
Теглар
t
×