Россиянинг икки ҳарбий самолёти Япония ҳаво ҳудудини бузди
Олам
−
11:14 310 3 дақиқа
Япония кеча, 17 ноябрь куни эрталаб мамлакат ҳаво ҳудудига кирган Россияга тегишли бўлиши мумкин бўлган икки ҳарбий самолётни аниқлади. Ҳодисадан сўнг ҳавога қирувчи самолётлар кўтарилди ва хорижий самолётлар экипажи огоҳлантирилди. Бу ҳақда Япония Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик маълумотига кўра, самолётлар Фукуока префектурасидаги Окиносима оролининг шимоли-ғарбий қисмида Япониянинг ҳудудий сувлари устидан учган. Уларнинг мамлакат ҳаво ҳудудида бўлган вақти ҳам қайд этилган: биринчи самолёт маҳаллий вақт билан соат 04:07 дан 04:10 гача, иккинчиси эса 04:09 дан 04:12 гача Япония ҳаво ҳудудида бўлган.
Ҳаво ҳудудини тарк этган самолётлар Сусима бўғозидан ўтган. Кейин улар Япониянинг Ёнагуни ороли ва Тайван оралиғидан учиб, Тинч океани томон йўналган. Япония Мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми мазкур ҳолатга муносабат билдириб, уни мамлакат суверенитетининг жиддий бузилиши ва хавфсизлигига таҳдид деб атади.
“Россия самолётларининг ҳаво ҳудудимизни бузиши нафақат Япония суверенитетига жиддий тажовуз, балки хавфсизлигимизга ҳам таҳдиддир. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, дейди вазир.
Коидзумининг айтишича, Токио дипломатик каналлар орқали Москвага кескин норозилик билдирган ва бундай ҳодисалар бошқа такрорланмаслигини талаб қилган.
Жанубий Корея ҳам Россия самолётларини аниқлади
Япония билан бир кунда Жанубий Корея ҳам Россия ҳарбий самолётлари ҳаракати ҳақида маълум қилди. Мамлакат ҳарбийларининг қайд этишича, бир нечта Россия самолёти Япон денгизи устидаги ҳаво мудофаасини аниқлаш зонасига кирган. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги Жанубий Корея Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб хабар берди.
Жанубий Корея ҳарбийлари самолётларни зонага киришидан олдин аниқлаган. Шундан кейин уларга жавобан қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган. Россия самолётлари ҳеч қандай олдиндан огоҳлантиришсиз зонага кирган бўлса-да, кўп ўтмай уни тарк этган.
Таъкидлаш жоиз, ҳаво мудофаасини аниқлаш зонаси давлатнинг расмий ҳаво ҳудуди ҳисобланмайди. У хорижий самолётларни олдиндан аниқлаш ва эҳтимолий тасодифий тўқнашувларнинг олдини олиш учун белгиланади.
Россия ва Хитой эса халқаро ҳуқуқда бундай зоналарни белгилаш учун етарли асос йўқлигини таъкидлаб, Жанубий Кореянинг мазкур зона устидан юрисдикциясини тан олмайди.
Бу Япония ҳаво ҳудудининг биринчи марта бузилиши эмас
Россия ҳарбий самолёти Япония ҳаво ҳудудини сўнгги бор 2024 йил сентябрь ойида ҳам бузган эди. Ўшанда Россия разведка самолёти Хоккайдо яқинида жойлашган Ребун ороли ҳудудида мамлакат ҳаво чегарасини уч марта кесиб ўтган. Япония қирувчилари самолёт экипажини огоҳлантириш мақсадида иссиқлик тузоқларидан фойдаланган. Окиносима ороли яқинида бунга ўхшаш ҳодиса эса охирги марта 2013 йил август ойида содир бўлган. Ўшанда Россия бомбардимончи самолётлари Япония ҳаво ҳудудига кирган.
Live
Барчаси