Олий судда Сардор Умурзоқов бошчилигида кескин танқидий йиғилиш ўтказилди
Жамият
−
11 Август 2022
18656Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бугун, 11 август куни Олий суднинг янги раиси Бахтиёр Исломовни жамоага таништирди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда суд тизими катта ислоҳотларга муҳтож.
“Адолатли суд тизимисиз хеч қандай ривожланиш бўлмайди. Ва бугунги суд тизими катта ислоҳотларга муҳтож. Айни дақиқаларда Сардор Умурзоқов куни кеча Сенат томонидан тасдиқланган Олий суднинг янги раиси Бахтиёр Исломовни жамоага таништирмоқда”, дейди Алламжонов.
Таъкидланишича, Олий суд биносида Сардор Умурзоқов иштирокидаги йиғилиш жуда кескин ва танқидий ўтган. Буни Алламжонов шундай изоҳлайди:
“Чунки бугун кенг жамоатчиликнинг аксарияти суд тизимидан мутлақо норози”.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 август куни Олий Мажлис Сенатининг 30-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Олий суд раиси Козим Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлис муҳокамаси натижасида уни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раислигига номзод муҳокама қилинган. Муҳокама якунида Бахтиёр Жаҳонгирович Исломов Олий суд раиси этиб сайланган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз тақдимномаси билан Конституциявий суд судьяси вакант лавозимига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимини эгаллаб келган Козимжон Фозилович Комилов номзодини таклиф этди.
Маълумот учун, Бахтиёр Исломов бунгача Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб борган.