Фарғонада ўзини ёққан аёл ўлими ортидан жиноят иши қўзғатилди

Жамият

image

Хабарингиз бор, 10 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ўзини ёқиб юборган бўёқчиси Санобархон Хайдарова оғир куйиш жароҳати туфайли вафот этган эди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. 

“Мазкур ҳолат юзасидан 10 август куни Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деди Шамсутдинов.

Маълумот учун, Санобархон Хайдарова жорий йилнинг 2 август куни эрталаб соат 08:30 ларда заводнинг 1-секторига кириш йўлагида устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган эди. Оқибатда у куйиш тан жароҳатини олган ва завод тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиб, сўнгра корхона тез ёрдам автомашинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб борилганди.

Завод вакилининг қайд этишича, тиббиёт муассасасида оғир куйиш жароҳатини олган Санобархон Хайдаровага 2-10 август кунлари куну тун тезкор тиббий муолажалар кўрсатилган. 

Комбустиология бўлими мудири, даволовчи врач Д.Ориповнинг маълумотига кўра, бемор алангадан (суицид) бош, юз, бўйин, қорин, иккала қўл елка, билак, кафт, бармоқ, иккала курак, иккала думба, иккала сон соҳаларининг II – III АБ даражали 70 фоиз термик куйиши; куйиш карахтлиги оғир даража; юқори нафас йўлларининг I – II даражадали термик куйиши (шундан III Б 30 фоиз), индекс: франка 140 бирлик ташхиси билан 2 август куни соат 08:50 да РШТЁИМ Фарғона филиалига олин келинган ва куйганлар бўлимига ётқизилиб, тезкор биринчи ёрдам кўрсатилган.

Таъкидланишича, Санобархон Хайдарованинг умумий аҳволи ўта оғир ҳолатда бўлган. Бемор бўлимда 8 кун мобайнида инфузион терапия, оқсил ўрнини босувчи суюқликлар, бир хил гуруҳдаги қон зардоби (синама билан), антибактериал, даво, гармонал терапия, оғриқ қолдирувчи, О2 терапия, мазли ассептик боғлам ва симптоматик терапия қилинган.

“Даволаш чораларига қарамай, 10 август куни соат 07:00 ларда беморнинг умумий аҳволи ўта оғирлашди, унда артериал қон босими ва пульс аниқланмади. Зудлик билан реанимацион чора-тадбирлар олиб борилди, юрак ёпиқ усулда тўғридан-тўғри массаж қилинди. Юқорида кўрсатилган ёрдамларга қарамасдан беморда клиник ўлим юз берди. Реанимацион ёрдамлар қайта-қайта ўтказилган бўлса-да, соат 07:05 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди”, дейилади завод хабарида.

Бемор Санобархон Хайдарованинг ўлимига тананинг 70 фоиз II – III АБ даражали термик куйиши; куйиш касаллиги токсемия босқичи. УБЕ, УНЕ ва УЮЕ оғир даражаси сабаб бўлгани айтилмоқда. Жасад суд-тиббий экспертиза текширувига юборилган.

Санобархон Хайдарова ўз жонига қасд қилишига, унинг иш жойи ўзгартирилгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Шу билан бирга, завод унинг лавозими ўз аризасига кўра, ўзгартирилганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

301

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг