2023 йил – Журналистлар тақдирида
Таҳлил
−
30 Декабрь 2023
9881Одамлар кўпинча ўзларининг қизиқиш ва қобилиятлари, меҳнат бозори, даромади, иш ва ҳаёт мувозанати, мартаба ўсиш имкониятлари ва шахсий қадриятлар каби омиллар комбинациясига асосланган ҳолда касб танлайдилар. Инсон касбий фаолиятини давом эттирар экан, ундан келадиган яхши ва ёмон натижаларга бардошли бўлиб боради. Дунёда минглаб ўзига хос касблар бор. Биз болалигимиздан шифокор, ўқитувчи, учувчи, ички ишлар ходими, қўйингки, тасаввурга сиғдириш мумкин бўлган ҳар қайси турдаги касбга ўзимизни мослаб кўрамиз, бир йўналишни этагидан тутган одам баъзида бу соҳага бўлган кучли қизиқиши сабаб кириб келган бўлса, баъзан ундан келадиган юқори даромад, ёки оилавий анъаналар давомчиси сифатида бу йўлни танлайди. Дунёда яна шундай касб эгалари борки, уларга на фаолиятидан келадиган моддий барқарорлик аҳамиятли, на оилавий анъаналарга садоқат. Уларда фақат ўткир қалам, метин бардош, ва жасоратли, катта юрак бўлса бас. Ҳа ўйлаганингиздек, гап кафани елкасига ортилган журналистлар ҳақида кетмоқда.
Сизнингча, дунёдаги энг хавфли касблар қайсилар?
Бу мен Тошкент кўчаларида одамларга берган тасодифий савол. Ва жавоблар қандай бўлганини тахмин қилинг: "Полиция, ҳарбийлар, қўриқчилар ..."
Хўш, биз рўйхатга ўт ўчирувчилар, косманавтлар, коскодёрлар, эҳтимол, балиқчиларни ҳам ҳисобга олишимиз мумкин. Аммо кўпчилигимиз журналистлар бир манбага аниқлик киритиш учун қанча ғавғоларни бошдан ўтказиши, бир мурожаат ортидан ноҳақликкка қарши курашиб қанча сарсон бўлишини хаёлга ҳам келтирмаймиз. Маълумот ва янгиликларни хабар қилиб оммага ёйинлаш учун катта хавф-хатарларга дуч келишига, тазйиқ ва босимлар остида қолиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билдирган маълумотга кўра, Журналистика ҳамон дунёдаги энг хавфли касблардан қаторида қолмоқда.
Ҳатто, дунёда топ миллиардер ҳисобланган Илон Маск ҳам унга қарши ёзган танқидий мақолалари учун бир неча таниқли журналистнинг X (собиқ Twitter)даги аккаунтини блоклаб қўйганидан хабарингиз борми? Ироқда, Украинада, Қорабоғда кўмилган миналар ортидан қанчадан қанча журналистлар ҳаётдан кўз юмди. Асли саудиялик “The Washington Post” журналисти Жамол Қошиқчи Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилиши, мухбир Бахтиёр Эсонов маст кимсалар томонидан ўласи қилиб калтакланиб, дала четидаги ариққа ташлаб кетилгани, QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага қилинган жирканч туҳмат ҳали унутилганича йўқ.
Дунё бўйича журналист аёлларга нисбатан онлайн зўравонликнинг глобал тенденциялари бўйича сўровномада қатнашган журналист аёлларнинг 73 фоизи ўз фаолияти билан боғлиқ ҳолда интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва таъқибга учраганини айтган.
Маълумотларга қараганда, сўнгги ўн йил ичида дунё бўйича тахминан ҳар тўрт кунда бир журналист қотиллик қурбони бўлган.
“Қотилликлар оммавий ахборот воситалари цензурасининг энг экстремал шакли бўлса-да, журналистлар ўғирлаш, қийноқлар ва бошқа жисмоний ҳужумлардан тортиб, таъқибга қадар, айниқса, рақамли соҳада ҳам сон-саноқсиз таҳдидларга дучор бўлишади. Журналистларга нисбатан зўравонлик ва ҳужумлар таҳдиди, хусусан оммавий ахборот воситалари ходимларида қўрқув муҳитини яратиб, барча фуқаролар учун эркин ахборот, фикр ва ғоялар оқимига тўсқинлик қилмоқда”, дейилади UNESCO ҳисоботида.
Келинг, яна бир савол билан сизга юзланай: хўш, ўтиб бораётган милодий 2023 йил сизнинг ҳаётингизда, касбий фаолиятингизда қандай из қолдирди? Балки, бу касб ортидан машина, уй олгандирсиз, балки ишдан ҳайдалиб, бизнесга қўл ургансиз ёки ҳаммаси доимгидек бир текисда кетмоқда.
Бу йил эса журналистлар учун талафотларга бой бўлди, қора саҳифа сифатида тарих зарварақларига битилди, десак муболаға бўлмайди. Чунки Халқаро журналистлар федерацияси берган маълумотга кўра, ўтиб бораётган 2023 йил журналистика тарихида йўқотишларга бой йиллардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ўтган 12 ой мобайнида жаҳонда 94 журналист ва медиа ходими хизмат фаолияти давомида ўлдирилган. Ғазо ҳукумати матбуот хизматининг 22 декабрь куни берган маълумотига кўра, ғарбий ва шарқий соҳилда ўлдирилган журналист ва операторлар сони 98 нафарга етган. Улардан бири Ширин Абу Акле.
Украина-Россия уруши ортидан ўлган медиа ходимлари сони йил давомида 38 нафарга етган. UNESCO берган расмий маълумотда жорий йил Фаластинда 19 нафар, Ливанда 3, Исроилда 2 нафар журналист ўқлар нишонига айланган.
Матбуот эркинлиги бўйича Шимолий Кореядан кейин охирги ўринда турувчи Хитойда маҳаллий оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра, йил давомида камида 10 нафар журналистнинг Хитой қамоқхоналаридан ўлиги чиқади, Американинг “Spectrum News” телевидениеси мухбири Диан Лаёнс 22 февраль куни содир этилган қотиллик ҳақидаги репортажни суратга олиш пайтида отиб ўлдирилгани йилнинг шов-шувли воқеаларидан бири сифатида ёдда қолди. Умумий ҳисобда Шимолий ва Жанубий Америкада ўлдирилган журналистлар сони тугаб бораётган йил ҳисоби бўйича 22 тага етган. Таъкидланишича, уч мексикалик, бир парагвайлик, бир гватемалалик, бир колумбиялик журналист тергов чоғида ҳалок бўлган.
2023 йил 6 февраль куни Туркияда бўлган кучли зилзила сабабли 17 нафарга яқин журналист ҳалок бўлгани ҳақида ОАВ омбудсмани Фарук Билдирижи эълон қилган эди. Шунингдек, Афғонистон, Филиппин, Ҳиндистон, Хитой ва Бангладешдаги оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлими фаоллар томонидан қайғу билан қарши олинмоқда. Ачинарлиси шундаки, охирги 10 йилда дунё бўйича журналистларга нисбатан қотиллик содир этганларнинг 81 фоизи жазосиз қолиб кетган, яъни ҳар ўн ҳолатдан тўққизтасида қотилларга чора кўрилмаган. Дунё бўйлаб журналистларга қилинадиган ҳужум ва қотилликлар тарихни ўчириш, фактларни яшириш, минтақа ва халқаро ҳамжамиятга хабар ва маълумотлар етиб боришига тўсқинлик қилиш мақсадида атайин амалга оширилади. Кўп ҳолларда дунёда журналистлар ўз хабарларини ўчиришни ва ҳақиқатнинг ошкор этилишига йўл қўймасликни истаган ҳукмрон ҳокимият органлари, жиноий ташкилотлар ёки шахслар томонидан нишонга олинади. Бу қўрқитиш ва цензура воситаси сифатида зўравонлик ва ҳатто қотилликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, можаро зоналари ва сиёсий беқарорлик ҳудудларида журналистлар муҳим воқеаларни ёритишга уринаётганда ҳалок бўлиш хавфи юқори.
Шунингдек, дунё қамоқхоналарида журналист ва блогерлар сони ҳам кескин ошган, бу йил ҳисоби бўйича жами 393 нафар оммавий ахборот воситалари ходими қамоққа ташланган. Энг кўпи Хитой ва Гонконгда ҳибсга олинган – 80 нафар журналист – Мьянмада 54, Туркияда 41, Россия ва Россия томонидан босиб олинган Қримда 40, Беларусда 35 ва Мисрда 23 журналист турли айбловлар билан панжара ортида сақланмоқда.
“Эркин журналистика яхши ва ёмон бўлиши мумкин, аммо эркин бўлмаган журналистика фақат ёмон бўлади”, деган эди ёзувчи Альбер Камю. Матбуот эркинлиги бўғиқ бўлган топ 5 давлат қаторида турувчи Эронда “номақбул” ҳижоб кийгани сабаб ҳибсга олинган ва ўлдирилган 22 ёшли Маҳса Амини ҳақида ёзган мақоласи сабаб йил бошидан журналистлар Нилуфар Ҳамдий 7 йилга, Элах Муҳаммадий 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган, “ҳозирги режимга қарши ташвиқот” ва “миллий хавфсизликка таҳдид” айбловлари билан яна 3 нафар журналист Малика Ҳошимий, Саида Шефия ва Меҳрнуш Зария ҳибсга олинган. Букмекерлик компанияларини реклама қилган блогер Милад Ҳотами эса ўлим жазосига ҳукм қилинганди.
Октябрь ойида эса Москванинг Басманний суди “Биринчи канал”нинг собиқ муҳаррири Марина Овсянниковани Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топиб, сиртдан 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Россия Федерацияси таркибига кирувчи Чеченистоннинг Грозний шаҳрида “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга ҳужум қилиниб, улар ўласи қилиб калтакланган. Йил бошида эса Туркия давлатни танқид қилишда айблаб, 39 нафар журналистни ҳибсга олган ва ушбу мамлакат мустақил журналистлар учун хавфли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Мамлакатда сўз эркинлигига ҳеч қандай чеклов йўқлиги ҳақида бонг урувчи Озарбайжонда ҳам журналистлар тазйиқ ва босимларга учраб туради. Хусусан, Европа Иттифоқи куни кеча журналистлар Улви Ҳасанли, Севинч Вогиф қизи, Маҳаммад Кекалов, Азиз Оружов, Руфат Муродли, Наргиз Абсаламова, Темур Каримов, Иброҳим Ҳумбатов, шунингдек, Ҳофиз Бабалининг сўнгги пайтларда “ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани”дан хавотир билдирди. Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, Озарбайжон матбуот эркинлиги бўйича дунёда 180 мамлакат орасида 151-ўринда туради. Қўшни Туркманистон эса анча ёмон натижа – 176-ўринни қайд этган. Қирғизистон 122, Қозоғистон 134, Тожикистон 153-поғонада.
Гарчи, Ўзбекистонда журналистларга нисбатан очиқ босим ўтказилмаса-да, уларнинг касбий фаолиятида тўсиқлар учраб турибди. Ўзбекистон матбуот индекси бўйича ўтган 2022 йилга кўра 4 поғона пастлаб 137-ўринда турибди.
2023 йилга келиб Ўзбекистонда ҳибсга олинган медиа ходимларининг асосий қисми товламачилик ва фирибгарлик билан айблангани ва ҳукумат тарафидан журналистик фаолиятлари ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармагани айтилгани сабаб қанча ўзбекистонлик ОАВ ходимлари қамоқда сақланаётгани Халқаро журналистлар федерацияси томонидан очиқланмаган. Келинг, гарчи бошқа сабабларга кўра айбланган бўлса ҳам ўзбек жамоатчилигига журналист ва блогер сифатида танилиб, жиноий жавобгарликка тортилган медиа вакилларининг ўтган бир йиллик сарҳисобини қиламиз.
Ўзбекистонда 2023 йил бошидан буён бир неча журналистлар ва блогерлар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинди. Булар сирасига блогер Абдуқодир Мўминов, журналист Хуршид Далиев, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, "Ўзбекнефтгаз" компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовни киритиш мумкин. Шунингдек, “Kompromatuzb” Telegram канали иши бўйича кўплаб журналист ва блогерлар ҳуқуқ-тартибот идораларига сўроққа чақирилгани ҳақида хабарлар урчиган.
Блогер Абдуқодир Мўминов 2023 йилнинг 8 февраль куни процессуал тарзда ушланди. Унга Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳибсга олинганидан ярим йил ўтиб, 4 август куни суди бўлиб ўтган Мўминовга Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, сўнгги ҳукм эълон қилинди.
Унда, Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттириш белгиланган.
Шунингдек, Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.
“Компромат иши” номи билан тарихда қолаётган ҳодиса айбдорларига 26 сентябрь куни суд ҳукми эълон қилинди. Бу ишда ;урналист ва блогер, “Human” ахборот агентлиги раҳбари Хуршид Далиев, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов қамоқ жазосига тортилган. Билдирилишича, Хуршид Далиев Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-(жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланган.
Сиёвуш Ҳошимов эса Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59- ва 61-моддалари тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Вазирлик матбуот котиби Мавжуда Мирзаева Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 59-моддаси тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шу билан бирга, жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.
Айни вақтда жамоатчилик орасида кўплаб баҳс-мунозаралар ва муҳокамаларга сабаб бўлган ҳамда сўз ва матбуот эркинлигига босим сифатида кўрилаётган “ушбу ҳолатларнинг “сўз эркинлигига таҳдид” деб талқин қилиниши ҳақиқатга мутлақо зид” эканлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан баёнот берилган.
Пилла пунктида ИИБ ходимлари томонидан ўласи қилиб калтакланганиб, шундан сўнг изсиз йўқолгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган қашқадарёлик блогер Элмурод Одилов ўтиб бораётган йилнинг май ойи охирларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 198-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган. Унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Йил якуни ҳам ОАВ ходимларининг суд жараёнида кўрилган ишлари билан ёдда қолди. 1 декабрь куни ҳукми ўқилган “Турон муждаси” ва “Турон валлей медиа” МЧЖлари директори Олимжон Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ва 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.
7 декабрь куни блогер Олимжон Тўхтаназаров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинланган.
2021 йил 10 май куни 6 йил-у 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган блогер Отабек Сатторий жорий йилнинг 11 декабрь куни қамоқдан манзил-колонияга ўтказилган.
7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев эса жорий йил 7 декабрь куни муддатидан олдин озодликка чиққан.
Тошкент вилояти суди аппеляция судлов ҳайъатининг 13 декабрь кунидаги суд мажлисида Эмине Караманова (Лемара Мирзааҳмедова)га нисбатан қуйи инстанция судининг 7,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Маълумот учун, 47 ёшли блогер Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139- (Туҳмат), 140- (Ҳақорат) ва 165- (Товламачилик) моддалари билан айбланганди. Шунингдек Хуршид Далиев, Сиёвуш Ҳошимов, Абдуқодир Мўминов, Олимжон Ҳайдаровлар тарафидан аппеляция судига юборилган сўровлар кўриб чиқилиб, ҳукм ўзгартиришсиз қолган.
Тиббиёт соҳасидаги фаолияти давомида пулларни ноқонуний ўзлаштириш билан айбланиб, судланган блогер – “Эзгулик” жамияти аъзоси Отабек Аҳлиддиновнинг қамоқ муддати жорий йилнинг 19 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан 7,1 йилга узайтирилди.
Гап шундаки, у Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги марказий поликлиниканинг бўлим раҳбари лавозимида ишлаган. У 200 миллион сўмдан ортиқ пулни ўзлаштиришда айбланган ва шу йилнинг сентябрида қамоққа олинган.
Дастлаб у жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди ҳукми билан 5,1 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Сўнг прокуратуранинг протести асосида аппеляция суди ишни қайта кўриб, муддатни 7,1 йилга узайтирди.
Маълумот учун, Отабек Аҳлиддинов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аъзоси эди.
Май ойи бошларида эса, Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи “Сукут сақлама” (“Nemolchi”) лойиҳаси асосчиси – журналист Ирина Матвиенко ўлим таҳдиди туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида маълум қилганди. Унинг қайд этишича, апрель ойи охирида унга таҳдидли мазмундаги хатлар келган. Хабарда номаълум шахс журналистни ой охиригача ўлдиришга мажбур бўлганини ёзган. Шунингдек, номаълум кимса у ҳақидаги барча маълумотларни билишини айтган.
10 август куни, ижтимоий тармоқларда икки ўзбекистонлик блогер – Шерали Комилов ҳамда “Санжар Хўжа” тахаллуси остида танилган Санжар Икромов қидирувга берилди. Маълум қилинишича, блогерлар устидан Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилинган. Шу боисдан улар қидирувга берилиб, вазирлик расмий сайтининг қидирувдаги шахслар бўлимида кўрсатилган.
Орадан икки кун ўтиб, 12 август куни аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулаб тушиши сабабларини ўрганишга борган журналист ва операторлар иш жараёнида ҳужумга учраган. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлган бу ҳолатда Нодир Эшниёзов исмли мансабдор видеога олмасликни талаб қилиб, телевидение камерасини синдирган. Шунингдек, у оператор ва журналистни калтаклаган. Қилган бу ҳаракати учун у Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” ва “г” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, ҳукмнинг шартлилиги эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда ОАВ ва журналистларнинг фаолияти қуйидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади ва уларнинг ҳуқуқий ва фаолият эркинликлари таъминланади:
• “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун;
• “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун;
• “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида” ги қонун;
• “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун;
• “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун;
• Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори;
• Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
Ўзбекистон қонунчилигида журналистик фаолиятга тўсқинлик қилиш ва таҳдид учун тўғридан-тўғри маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмаган.