Урушлар билан ўтган йил. 2024 йилда дунёни нималар кутмоқда?
Таҳлил
−
30 Декабрь 2023
164292024 йил эшик қоқяпти. Афсуски, дунё ўтган йилдаги каби уруш жазавасида Янги йилни кутиб оляпти. Ягона фарқ – 2023 йил кириб келаётганда фақат Украинада жанглар бўлаётган эди, тугаётган йилда эса Ғазо ҳам қабристонга айланди.
Янги йил арафасида ўтган йилги воқеаларни таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқариш ва кейинги йилга режалар тузиш кўпчилик учун одат тусига кирган. QALAMPIR.UZ'нинг бугунги мақоласи ҳам шу мақсадда эътиборингизга хавола қилинмоқда. Келинг, биргаликда 2023 йил давомида дунёда содир бўлган ва 2024 йилда бўлиши кутилаётган муҳим воқеларни кўриб чиқамиз.
2023 йил воқеалари
Украинада тугамаган уруш
2023 йил – Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг иккинчи йили. Бу йил Украина Донбасснинг иккита йирик шаҳри – Соледар ва Бахмутни бой берди. Ўтган йилги Харьков вилояти ва Херсонни озод қилишдаги муваффақиятларидан сўнг, 2023 йилда Украина ҳукумати кенг кўламли қарши ҳужумга тайёргарлик кўришини эълон қилган эди. Аммо унинг бошланиши кечикди, йил охирига келиб эса сезиларли ютуқларга эришилмади.
АҚШнинг F-16 қирувчи самолётлари ҳали ҳам Украинага етиб бормади. Расмийлар келишувларга эришилганига ишонтирса-да, бунинг учун яна кўпроқ вақт керак бўляпти. Бундан ташқари, 2023 йилда кенг кўламли фалокат – Каховка ГЭСида портлаш содир бўлди. Украина Россиянинг осмондан ҳужумларига қарши курашишда давом этди ва украиналик ҳарбийлар Россиянинг товушдан тез учадиган Кинжал ракеталарини уриб туширишга муваффақ бўлганини айтди.
Хуллас, бу йил Украинада ҳарбий асирлар ва ишғол ҳокимияти томонидан ўғирлаб кетилган болаларни қайтариш, президентлик сайловлари ҳақида баҳслашиш, Мудофаа вазирларини алмаштириш, Польша чегарасидаги тирбандликларда қолиб кетиш, рус ва совет ёдгорликларидан халос бўлиш давом этди.
Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, йилнинг биринчи олти ойи давомида украиналиклар ва бутун дунё Донбасснинг йирик шаҳарларидан бири – Бахмут тақдирини кузатди. Май ойининг охирида шаҳар Россия қўшинлари томонидан босиб олингани аниқ бўлди. Украина Миллий хавфсизлик кенгашининг хабар беришича, шаҳар учун жангларда Россия армияси 23 минг аскарини йўқотди. Бу рақамни мустақил равишда текширишнинг иложи йўқ. Украина Қуролли кучлари қанча аскар йўқотгани эса номаълум.
Шунга қарамай, ҳарбий таҳлилчилар Украинанинг Бахмутдаги мудофаа операциясини муваффаққиятли, деб баҳолайди. Гарчи шаҳар Россия назоратига ўтган бўлса-да, бу Москва учун қимматга тушди. Россия Бахмут эгалланиши бадалини “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарлари ва Мудофаа вазирлиги ўртасидаги можаро, Евгений Пригожиннинг қўзғолони ва кейин унинг ўлими билан тўлади.
Ғарб транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда тузилган Украина бригадалари жанубда олдинга силжишга ҳаракат қилди, аммо сезиларли ютуқларга эришилмади. Давлат даражасида эълон қилинган қарши ҳужум қурол-яроғ таъминотидаги камчиликлар сабаб секинлашди ва Россия армияси мудофаага тайёрланиш учун вақт топди. Жанг майдонидаги кучлар мувозанати ёзнинг бошида Каховка гидроэлектр станциясида содир бўлган катта портлаш билан ўзгарди.
Қарши ҳужум натижасида Украина бирорта йирик шаҳарни озод қила олмади, Украина Қуролли кучлари бир нечта қишлоқларга кирди ва қиш бошига қадар Украина ҳарбийлари бутун фронт чизиғи бўйлаб тўлиқ мудофаага ўтди.
Бошқа бир тарафдан, бу йилда Украина иқтисодига зарба берадиган воқеа содир бўлди. Бу “Қора денгиз ташаббуси”нинг тўхтатилишидир. 2022 йилнинг июнь ойида Истанбул шаҳрида БМТ, Россия, Украина ва Туркия ўртасида имзоланган халқаро келишув Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россияга озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни назарда тутарди. У бир-неча бор узайтирилди. Аммо жорий йилнинг 17 июль куни “Дон келишуви” узайтирилмаслиги маълум бўлди. Россия томони қашшоқ давлатлар учун ташкил этилган “Дон келишуви”доирасидаги олди-сотди жараёнларининг 81 фоизи юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларга тўғри келишини, буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида амалга оширилаётганини билдирди. Россия Президенти Владимир Путин “Ғалла битими”бўйича барча шартлар бажарилмагунча, мамлакат ташаббусдаги иштирокини тўхтатиб қўйишини айтди. У “Қора денгиз ташаббуси”дан чиқиши билан Одесса портига ҳужум қила бошлади. Портдаги дон ва нефть танкерлари зарар кўрди.
Ғарб давлатлари Россияни келишувга қайтишга чақирди, ҳатто, Туркия Президенти Сочига бориб Путин билан гаплашиб қайтди. Бироқ бунинг фойдаси бўлмади – “Дон битими” тикланмади. Бироқ Россия айрим Африка давлатларига текинга дон етказиб берилишини эълон қилди. Бундан ташқари, Путин Россия, Қатар ва Туркия ўртасида энг қашшоқ мамлакатларга имтиёзли нархда 1 млн тоннагача дон етказиб беришни назарда тутувчи келишув тузилишини эълон қилди. Буларнинг ҳаммаси асосий дон экспортчиси бўлган Украина учун ортиқча муаммо эди. Шунга қарамай, Украина Туркия ва бошқа Ғарб ҳамкорлари кўмагида ўзининг жанубий портларидан кемалар ҳаракатланишини таъминлай олди.
Яна бир тарафдан, мамлакатда ички сиёсий қарама-қаршиликлар кучайди. Украинада Мудофаа вазирлигидаги коррупция можаролари, шов-шувли журналистик текширувлар, Владимир Зеленский ва Бош қўмондон Валерий Залужний ўртасидаги келишмовчиликлар, уруш даврида президентлик сайловларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. Психологик жиҳатдан, бу урушдан чарчаш, умидсизлик пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Уруш чарчоқлари деб аталадиган нарса, шу жумладан Ғарбда, йил охиригача АҚШ ва Европа Иттифоқи оммавий ахборот воситаларида тобора кўпроқ ёзилмоқда. 2024 йил Украина учун қандай бўлишига айнан ушбу мамлакатларнинг тизимли ва узлуксиз – молиявий ва ҳарбий ёрдамига боғлиқ.
Хусусан, Украинага ёрдам АҚШ Конгрессида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Оқ уй Киевга ёрдам юбориш тарафдори бўлса, Конгрессдаги республикачилар бунга қарши. Шу сабаб ҳам 1 октябрда бошланган молиявий йил учун вақтинчалик бюджет тасдиқланди, холос. Чунки конгрессменлар Украинага ёрдам борасида келиша олмади.
Европада эса Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи саммитида Украинага кейинги тўрт йил давомида 50 миллиард евролик бюджет ёрдами дастурига вето қўйди.
Шунга қарамай, Украина учун узоқ кутилган воқеа ҳам шу йилда содир бўлди. 15 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммитида Европа кенгаши Украинанинг ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан бири “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг Москвага қарши бош кўтаргани бўлди. Жорий йилнинг 24 июнь куни Президент Владимир Путиннинг “ошпази” унинг икки ҳарбий мулозими – Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгудан норози бўлиб, “адолатни тиклаш” мақсадида Москва сари юриш бошлади. Пойтахт томон одимлаб борар экан, унинг ҳар бир ҳаракати оммада қизиш уйғотар, “кейин нима бўлар экан”, дея янгиликларни кузатиб боришга ундарди. У ўтган ҳар бир вилоятни жангсиз ва бирорта аскарини йўқотмай эгаллаб бораётгани, эгаллаганда ҳам уни қучоқ очиб кутиб олишаётгани, Кремлда ҳадик уйғотган бўлса ажаб эмас.
Шунга қарамай, “Москва фатҳи” юз бермади. Пригожиннинг “адолат марши” кун охирига келиб кутилмаганда якун топди. Москвага 200 километр қолганида Путин ва Пригожин орасига Беларусь резиденти Александр Лукашенко тушди. Пригожин билан эски “ошна-оғайничилиги” борлиги сабаб шахсан ўзи у билан музокарага киришиб, уни пойтахтга бормасликка кўндирди.
Шундай қилиб, Пригожин ортга чекинди ва келишувга кўра аскарлари билан Беларусга жойлашди. Пригожиннинг исёни ортидан Россия ҳарбий амалдорлари орасида тозалаш бошланди. Кимлардир қамалди, яна кимлардир ишдан ҳайдалди.
Исён кўтарган Пригожиннинг ўзи ҳам узоқ яшамади. Орадан роппа-роса 2 ой ўтиб, 24 августга ўтар кечаси бортида Евгений Пригожин ва “Вагнер” қўмондонларидан бири Дмитрий Уткин бўлган Embraer бизнес жети портлатиб юборилди. Ғарб давлатлари портлашда аниқ Путиннинг қўли борлигини айтса, Москва атайлаб мамлакатда ҳукуматга қарши норозилик кучайиши учун айнан Ғарб ва Украина разведкаси Пригожинни ўлдиртирганини даъво қилди.
29 август куни Россия қаҳрамонлари ҳарбий шараф билан дафн этилган Серафимов қабристонида ўнлаб журналистлар навбатчилик қилаётганда, Пригожиннинг дафн маросими бутунлай бошқа черков ҳовлисида – Санкт-Петербургдаги Пороховда қабристонида бўлиб ўтди. Унинг дафн маросимига Россия раҳбари Владимир Путин бормади.
Туркияда қизғин ўтган президент сайлови
2023 йилнинг май ойида Туркияда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Баҳс-мунозаралар ва кескин рақобатга бой бўлган ушбу жараён ҳам дунё эътибори марказида эди. Чунки Туркияни 2014 йилдан бери бошқариб келаётган Ражаб Тойиб Эрдўған бу сафар оғир синовли курашга кирганди. Бир томонда мамлакатдаги иқтисодий инқироз, бошқа томонда зилзила талафотлари, қолаверса, 10 йиллардан буён одамларни қийнаб, ишсизликни авж палласига чиқариб келаётган муҳожирлар масаласи Эрдўғанга нисбатан ишончсизликни орттирган эди. Эрдўғанга қарши унинг азалий рақиби Камол Қиличдорўғли майдонга чиқди. Қиличдорўғли Эрдўғандан фарқли ўлароқ Ғарб давлатларига яқин сиёсат олиб боришни ваъда қилаётганди. Сайловолди ўтказилган сўровларнинг кўпчилигида ҳам Қиличдорўғлининг қўли баланд келди.
14 май куни бўлиб ўтган овоз беришда амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған 49,35%, Камол Қиличдорўғли 45%, яна бир президентликка номзод Синан Ўған эса 5,22% овоз олди. Бу сайловлар иккинчи босқичга қолишини англатарди.
Иккинчи босқич 28 майга белгиланди. Ҳал қилувчи овозни олган Синан Ўған ўз тарафдорларини Эрдўғанга овоз беришга чақирди ва беллашувни тарк этди. Қиличдорўғли ва Эрдўған ўртасида кечган курашда яна амалдаги Президентнинг қўли баланд келди – у 52,14 % овоз билан ҳокимиятда қолди. Қиличдорўғли эса 47,86 % овоз билан аввал сайловни, кейин эса партияси раҳбарлигини тарк этди.
Шундай қилиб, Эрдўған яна беш йил муддатга ҳокимиятда қолди.
Тикланган адолат – тугатилган Тоғли Қорабоғ
Йилнинг яна бир муҳим воқеаси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг тугатилиши бўлди. 2023 йил сентябрь ойи бошида томонлар яна бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда ва сулҳни бузишда айблади. 2023 йил 19 сентябрда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван эса содир бўлган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади ва Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлади. Европада хавфсизлик ва ҳакорлик ташкилотининг Қорабоғ можаросини ҳал этиш учун тузилган Минск гуруҳи ҳамраислари Москва, Вашингтон ва Париж низолашаётган томонларни зиддиятни тўхтатишга ва дипломатик келишувга қайтишга чақирди.
20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Ўша куни Бош вазир Никол Пашинян Арманистон халқига йўллаган мурожаатида Арманистон Қорабоғ ҳукуматининг Озарбайжон билан музокара олиб бориш қарорини “эътиборга олишини” айтди. Шу билан бирга, у “Арманистон Республикаси Қорабоғ бўйича имзоланган матнни тайёрлашда ва муҳокамаларда иштирок этмаганини” таъкидлади. 19 сентябрь куни Ереванда республика ҳокимияти истеъфосини талаб қилиб, кенг кўламли намойишлар бошланди.
21 ва 25 сентябрь кунлари Евлах ва Хўжалида Қорабоғ арман аҳолиси вакиллари ва Озарбайжон ҳукумати ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди, уларда арман аҳолисини реинтеграциялаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
28 декабрда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси тугатилди. Унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян тегишли фармонни имзолади. Унга кўра, тан олинмаган республика 2024 йил 1 январгача ўз фаолиятини тўхтатади.
Қайта уйғонган аждар ёҳуд Яқин Шарқда бошланган янги уруш
Дунё шусиз ҳам Украинадаги уруш билан овора бўлаётган бир пайтда Яқин Шарқда янги “қайноқ ҳудуд” пайдо бўлди. Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил иддаосига кўра, ўша куни ҲАМАС ҳужуми оқибатида 1200 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлган. Юзлаб одамлар гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган.
Бунга жавобан Исроил Мудофаа кучлари “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори тўлиқ блокада қилинишини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди ва шундай бўлди ҳам. Исроилнинг жавоб зарбаси қақшатқич бўлди. Мактабми, шифохонами, масжид ёки черковми – Исроилга фарқи бўлмади. ЦАХАЛ фуқаролик объектларига зарба бераверди. Буни ўша ерларда ҲАМАСга алоқадор шахслар ёки уларнинг махфий қароргоҳи борлиги билан изоҳлади.
Дастлаб тинч аҳоли камроқ талофат кўришини мақсад қилганини даъво қилган Исроил Ғазодаги фаластинликларни анклав шимолидан жанубга кетишга чақирганди. Бироқ эндиликда Исроил Ғазо жанубидаги Хон Юнус ва Рафаҳ шаҳарларига ҳам ҳужум қилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 21 мингдан ошган. Уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил этади. Исроил томондан қурбон бўлганлар эса 1400 киши экани айтилади.
Бундай қирғинбаротни тўхтатиш учун дунё етакчилари бир неча бор йиғилди. Аммо тарафкашлик ва геосиёсий манфаатлар сабаб бу учрашувлар можаро якун топишига олиб келмади. Тўғри, ноябрь ойи охирида Қатар ва Миср воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиб туриш бўйича келишувга эришилди. Бироқ 1 декабрдан жанглар яна бошланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Ғазодаги вазият бўйича бир неча бор йиғилиш ўтказган бўлса-да, ҳали ҳам “ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш” тўғрисидаги чақириқ мавжуд бўлган резалюция қабул қилинмади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши шу пайтгача фақат бир марта, 15 ноябрь куни “гуманитар пауза”га чақирувчи резолюцияни қабул қилиб, сукунатни бузишга муваффақ бўлган. Яна бешта матн рад этилган ва Қўшма Штатлар ўз ветосини икки марта қўллаган.
Ғазодаги қирғин фонида Исроил ва унга ёрдам бераётган АҚШнинг обрўйига путур етди. АҚШ ва иттифоқчиларининг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари тез-тез ҳужумга учрай бошлади. Қизил денгизда эса Исроил томон йўл олган ёки Исроилга қандайдир алоқаси бўлган кемалар Ямандаги ҳусийларнинг зарбаларига учрамоқда. АҚШ Қизил денгизда ҳусийларга қарши операция бошлаганини эълон қилди. Аммо, хавфсизлигини ўйлаган кема компаниялари юк ташишда узоқроқ йўлни танлашни авзал кўрмоқда. Бу эса, албатта, жаҳон бозоридаги нарх-навога таъсир қилмай қолмаяпти.
Можарони ҳал қилиш бўйича дастлаб Туркия, кейинчалик Миср ўз тичлик режасини таклиф қилди. Ҳозирча буларнинг ҳеч бири амалиётга кўчгани йўқ. Ғазода уруш давом этмоқда, одамлар ўлмоқда. Бундан ташқари, Ғарбий соҳилдаги рейдлар ҳам кучайган. Янги йилда бу уруш тугашига умид қиламиз. Аммо, ҳозирги вазият минтақада тинчлик ўрнатиш ҳали ушалмас орзу эканини кўрсатаётгандек, гўё.
2024 йилда кутилаётган воқеалар
Жаҳонда давом этаётган урушлар янги 2024 йилда тугашига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Умуман олганда, 2024 йилда инсониятни нималар кутаётгани ҳам номаълум. Бироқ Янги йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган аниқ ҳодисалар ҳам йўқ эмас. Бу олдиндан сайловлардир. Агар ҳеч қандай фавқулодда ҳолатлар рўй бермаса, улар олдиндан белгиланган саналарда ўтказилиши керак.
2024 йил 15-17 март кунлари Россияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Бўлажак сайловларда президентликка даъвогарлар сони аллақачон 29 нафарга етган. Улар орасида амалдаги Президент Владимир Путин ҳам бор. Бироқ бу сайлов ўтган йилги Туркиядаги сайловлар каби қизғин ўтиши кутилмаяпти. Хусусан, янгича ғоялар – Украинада жанговар ҳаракатлар тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларнинг озод этиш даъволари билан президентликка ўз номзодини эълон қилган журналист Екатерина Дунцовага Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайловда қатнашишга рухсат бермади. Дунцова МСКга қарши Россия Федерацияси Олий судига даъво киритди. Бироқ суд буни рад этди.
Бундан ташқари, дунёнинг яна бир куч маркази АҚШда ҳам 2024 йилда президент сайлови бўлиб ўтади. Океан орти мамлакатида ўтган йилдаёқ сайлов машмашаси бошланган. Энг биринчи бўлиб собиқ президент Дональд Трамп Оқ уйга қайтмоқчи эканини эълон қилган. Кейинчалик амалдаги Президент Жо Байден ҳам қайта сайланишга умид қилаётганини билдирган. Уларнинг ортидан АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни, ҳуқуқшунос ва сиёсатчи кичик Роберт Кеннеди, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли, Флорида губернатори Рон де Сантис, бизнесмен Вивек Рамасвами, Нью-Жерси штатининг собиқ губернатори Крис Кристи ҳам ўз номзодини илгари сурди. Бироқ сўровларда собиқ ва амалдаги президентлар олдинда кетмоқда. Трампга қарши жиноий ишлар очилиши ва унинг бир-неча бор суд қилиниши ҳам унинг пиарига хизмат қилди. Масалан, у жорий йилнинг август ойида АҚШнинг Жоржия штатида расмий ҳибсга олиш жараёнидан ўтгандан сўнг, сайлов кампанияси учун 7,1 миллион долларга яқин хайрия йиғди.
Ижтимоий сўровномаларда биринчиликни ҳеч кимга бермай келаётган Дональд Трамп партия дебатларида ҳам қатнашмаяпти.
2023 йил охирида Трамп учун янги муаммо пайдо бўлди. Дастлаб Коларадо, кейин эса Мэн штати унга президентликка номзодини қўйишни тақиқлади. Қолган 48 та штатда бу амал қилмайди, албатта. Бироқ президентлик сайлови бўлиб ўтадиган 2024 йилнинг 5 ноябрь санасигача бу борада кўплаб қизиқ янгиликлар бўлиши аниқ.
Бундан ташқари, Озарбайжонда ҳам 2024 йил 7 февралда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтади. Амалдаги давлат раҳбари, мамлакатни 20 йилдан бери бошқари келаётган Илҳом Алиев номзоди аллақачон ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси томонидан кўрсатилган. Шунингдек, 25 февралда Беларусда, 1 мартда Эронда, апрель ва май ойларида Ҳиндистонда, шунингдек, катта эҳтимол билан Ўзбекистонда ҳам парламент сайловлари ўтказилиши белгиланган. Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак эса 2024 йил охиригача Бирлашган Қиролликда умумий сайловлар ўтказилишини маълум қилган.
Шунингдек, 2024 йилнинг 6-9 июнь кунлари Европада сайловлар бўлиб ўтади. Июнь ойида Европа Иттифоқига аъзо 27 мамлакатдаги сайлов ҳуқуқига эга бўлганлар Европарламентда ким вакиллик қилишини танлайди.
Сайлов, шунингдек, кейинги Европа Комиссиясига (ЕК) ким раҳбарлик қилишини ҳал қилади. ЕКни ҳозирда бошқараётган Урсула фон дер Ляйеннинг раҳбарлик муддати 2024 йилда тугайди. Бироқ у яна ўз номзодини қўйиши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь