Крокусдаги теракт иши бўйича айбланувчилар сони эълон қилинди
Олам
−
10:14
6352Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт иши бўйича 27 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин “Российская газета”га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айрим тергов ишлари давом этмоқда, терговчилар терактни ташкил этиш, тайёрлаш ва молиялаштиришда иштирок этиши мумкин бўлган бошқа шахсларни ҳам текширмоқда.
“Бош тергов бошқармаси айбланувчилар ўртасида пул йиғиш бўйича марказлашган каналлар орқали ҳаракат қилган молиявий алоқаларни аниқлади. Ҳозирда бу маълумотлар синчковлик билан текширилмоқда”, деган Бастрикин.
Шунингдек, унинг аниқлик киритишича, 2024 йилда террорчилик характеридаги жиноятлар бўйича 293 та иш судга юборилган, шундан 36 таси терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум 2024 йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.
“Коммерсанть”нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбул прокуратураси 2024 йил 22 март куни Россиянинг Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига қуролли ҳужум уюштирганликда гумон қилинган ИШИД террорчилик ташкилоти тарафдорлари бўлган беш нафар хорижий фуқарога нисбатан айблов эълон қилганди.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь
Доллар курси пастлади.
14 Январь